Янгиланди, Тоғли Қорабоғ, Пашинян: Путин менга ваъда берди – Озарбайжон ва Арманистон, Tog’li Qorabog’, O’zbekiston, Rossiya, Turkiya, yangiliklar

Сурат манбаси, Official
Тоғли Қорабоғ, Пашинян: Путин менга ваъда берди - Арманистон Бош вазири Россия президенти билан телефон суҳбати тафсилотларини очиқлади. Яна бир бор жанг жабҳасида қўллашларини билдириш учун Туркия Ташқи ишлар вазири Озарбайжонга келди. Тоғли Қорабоғда жанглар давом этмоқда.
Никол Пашиняннинг ўтган тўққиз кун ичида иккинчи бор Владимир Путинга сим қоққани кеча, сешанба куни маълум бўлган.
Аммо расмий Кремльнинг суҳбат борасидаги хабари жуда қисқа экани кўрилган.
Арманистон Бош вазири Россия президенти билан сўнгги суҳбати тафсилотларини Би-би-си билан суҳбати чоғида очиқлаган.
Никол Пашиняннинг айтишича, Арманистонга ҳужум бўлган тақдирда, Россия уларни ҳимоя қилиш борасида ўз зиммасига олган масъулиятини бажаришга тайёр эканига ишонтирган.
Арманистон Бош вазири Би-би-сига "Баҳсли Тоғли Қорабоғ ҳудудида яшовчилар геноцидга дуч келаётгани"ни айтган.
Унинг бу каби даъвосига расмий Бокунинг муносабати ҳозирча маълум эмас.
Путин Озарбайжон раҳбари билан ҳам алоқада

Сурат манбаси, official
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев бугун Россия президенти Владимир Путинга қўнғироқ қилган.
У Путинни туғилган куни билан табриклаган.
Шунингдек, Арманистон-Озарбайжон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароси билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилган.
Бу ҳақда Озарбайжон президентининг матбуот хизмати расман хабар берган.
Озарбайжон президенти яна бир қанча баёнотлар қилган.
Ҳарбий тўқнашувлар босқичи тугагач, Озарбайжон музокара столига қайтишини айтган.
Қорабоғ можаросини сиёсий йўл билан ҳал қилиш дунёнинг етакчи давлатларининг кафолатлари билан таъминланиши кераклигини таъкидлаган.
Россия ва Туркия можародан кейинги даврда Қорабоғ бўйича воситачилик қилиши лозимлигини қайд этган, бунинг прагматик ёндашув бўлишини урғулаган.

Сурат манбаси, official
Россия Арманистоннинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти бўйича иттифоқчиси бўлади.
Россиянинг стратегик ҳамкори ва иттифоқчиси саналса-да, Озарбайжон бу ташкилотга кирмайди.
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти ҳам жиддий низолар ичида қолган аъзо давлатга кўмакка келиш, у ерга ўзининг тинчликни сақлаш кучларини юбориш ҳуқуқига эга саналади.
Аммо жанглар ҳозир фақат Тоғли Қорабоғда бораётгани боис, Россия етакчилигидаги мазкур ташкилотнинг ҳам унга аралашишга расман ҳаққи бўлмайди.
Сўнгги кунларда Тоғли Қорабоғдаги рақиб томонлар бир-бирларининг йирик шаҳарларини ҳужумга тутишга ўтишаркан, можаронинг минтақадан ташқарига ёйилиши, агар, учинчи кучлар аралашадиган бўлса, ҳозирги жангларнинг катта урушга айланишига оид хавотирлар ҳам бўй кўрсатиб бўлган.

Сурат манбаси, EPA
Кеча, сешанба куни Озарбайжонга келган Туркия Ташқи ишлар вазири эса, шахсан президент Илҳом Алиев қабулида бўлган.
Туркия сўнгги Тоғли Қорабоғ можаросида Озарбайжонни расман, қатъий ва ошкора дастаклаб келаётган ягона давлат бўлади.
Мавлут Човушўғлу тинчлик даъватларини яна бир бор четга сурган, Туркия Озарбайжон билан бирга эканини қайта таъкидлаган.
"Яхши, ўт очиш тўхтар, кейин-чи? Сиз Арманистонни Озарбайжон ҳудудларидан зудлик билан чиқиб кетишга мажбурлай оласизми? Йўқ. Биз бу каби даъватларни қарийб 30 йилдан бери эшитиб келамиз", - деб айтган Туркия Ташқи ишлар вазири.
Мавлут Човушўғли Озарбайжон президентидан ташқари, мамлакат Ташқи ишлар вазири билан учрашган.
Ҳар икки учрашув чоғида ўзлари аввалбошдан эгаллаб келаётган мавқеъларини яна бир бор очиқлаган.
Туркия "Озарбайжонни ҳам жанг жабҳаси ва ҳам халқаро саҳнада сўзсиз дастаклаши"ни баён қилган.
Туркия Ташқи ишлар вазирининг Бокуга сафари манзарасида Арманистон Бош вазирининг Тоғли Қорабоққа боргани маълум бўлган.
Бу ҳақдаги расмий тасвирларда Никол Пашиняннинг ҳарбийлар ва расман тан олинмаган Тоғли Қорабоғ президенти билан нималарнидир муҳокама қилаётгани кўрилган, аммо видео овозсиз бўлган.

Сурат манбаси, Reuters
Жангларнинг ўнинчи куни силсиласи
- Бир муддат осойишталикдан сўнг Тоғли Қорабоғда жанг жабҳасининг ҳар икки йўналиши бўйича отишмалар бошланиб кетган. Бу ҳақда ҳар икки рақиб томоннинг ўзлари маълум қилишган.
- Тоғли Қорабоғ томонининг баён қилишича, яна пойтахтлари Степанакерт ўққа тутилган.
- Якшанба кунги жанглар ортидан, шаҳарда электр таъминоти ва интернет ҳануз тўлиқ тикланмагани айтилади.
- Озарбайжон матбуоти эса, Агдам тумани арманларнинг замбарак ҳужуми остида қолгани ҳақида ёзган.
- Хабарларда ҳужумлар бир кишининг умрига зомин бўлгани, яна икки нафарини яралагани айтилган.
- Ҳар икки рақиб томон яна бир-бирларини тинч фуқароларни нишонга олишда айблашган.
- Расман тан олинмаган Тоғли Қорабоғ томонига кўра, ўтган 24 соат ичида яна ўз тарафларида жанг қилган 40 кишини бой беришган.
- Шу кунга қадар берган жаъми ҳарбий талафотлари сони 280 тага етган.
- Озарбайжон шу пайтгача бу ҳақдаги рақамларни расман эълон қилмай келади, фақат инсоний талофатларни бериш билан чекланади.

Сурат манбаси, MIKHAIL METZEL / TASS
Аммо ҳар икки рақиб томонлар эълон қилаётган маълумотларни ҳали-ҳануз мустақил манбалардан текшириш ва тасдиқлаш имконсизлигича қолмоқда.
Минтақадан олинаётган хабарларга кўра, отишмалар ҳали-ҳануз тинмаган.
Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Шушан Степанян Жабройил йўналиши бўйича Озарбайжон армиясининг ёқилғи-мойлаш материаллари базасига зарба берганини маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, 60 озар ҳарбийсини ўлдиришган, ўнлаб техникасини ишдан чиқаришган.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон томонининг бу маълумотини рад этиб чиққан, жанг жабҳасининг бу йўналишида ўзларининг қўллари "яққол баланд келаётгани"ни баён қилган.
Тоғли Қорабоғда ёмғирлар тиниб, об-ҳавонинг қайта илий бошлагани эса, икки ўртада жангларнинг янада кучайишига оид хавотирларни пайдо қилмай қўймаган.
Орада Бош вазир Никол Пашинян Озарбайжон ён беришга борса, Арманистон ва Тоғли Қорабоғ ҳам шундай қилишини айтган.
Озарбайжон ҳалича ўз шартини ўзгартирмаган, арман қўшинларининг Тоғли Қорабоғ ва унга туташ ҳудудлардан чиқиб кетишлари лозимлигини таъкидлаб келмоқда.
Жанглар глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келган, дунёнинг аксарият давлатлари иккинчи тўлқиндан хавотирда бўлган бир манзарада бўй кўрсатмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















