Тоғли Қорабоғ уруши: Одамлар шок, даҳшат, алам ва қайғуда - Озарбайжон ва Арманистон, Tog’li Qorabog’, O’zbekiston, Rossiya, Turkiya, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Тоғли Қорабоғ уруши: Одамлар шок, даҳшат, алам ва қайғуда - Тоғли Қорабоғда қақшатқич жанглар давом этаркан, Би-би-си жанг жабҳасининг ҳар икки томонига бориш, кириш ва кўришга муваффақ бўлди.
Ўтган ҳафта охирида Россия урушаётган икки давлат - Арманистон ва Озарбайжонни сулҳга кўндиришга уринар экан, Тоғли Қорабоғ учун жанглар авж олди.
Озарбайжон ўзи тинч аҳоли пунктларини нишонга оляпти, деб ишонган Арманистоннинг ракета объектларини йўқ қилганини айтмоқда. Озарбайжон президенти ҳарбий ҳаракатлар давом этаётганини билдирди.
Тоғли Қорабоғ Озарбайжоннинг бир қисми сифатида халқаро тан олинган, аммо анклавни этник арманлар назорат қилади.
Орла Герин, BBC News, Озарбайжон
"Озарбайжоннинг иккинчи йирик шаҳри Ганжанинг икки тарафида дарахтлар ўсган кўчаси тонгги қуёш нурига чўмган, ерни эса ойна синиқлари қоплаган. Унинг орқа тарафида бомба зарбидан консерва банкасидек очилиб кетган кўп қаватли уйлар турибди.
Ганжа Тоғли Қорабоғ фронтидан 100 километр нарида жойлашган, етарлича олис эмас. Аммо якшанба - ўт очишни тухтатиш келишувининг биринчи куни.
Озарбайжон Арманистонни Ганжанинг аҳоли яшайдиган қисмига баллистик ракета отганликда айблади. Арманистон ҳам Бакуни тинч аҳолини бомбалаганликда айблади.
Биз бошига рўмол ўраган, тунги халат устидан нимча, оёғига шиппак кийган 60 ёшли Нушаба Ҳайдаровани учратдик. Унинг қўллари даҳшатдан шалвираб қолганди. "Устимда нима бўлса, шу аҳволда ташқарига югурдим. Аранг қочиб қолдик. Жуда даҳшатли эди," дейди у.
Унинг бузилган уйида хароба қолдиқлар аро ўзимизга йўл топиб, уй ётоқхонасига ўтдик. Унинг набиралари ухлаб ётган эди. Уларнинг жароҳати енгил экан. Аммо янги бир авлод - ҳар икки томонда - эски зиддият сабабли азият чекмоқда. Бу баъзида кўзгудаги аксдек туюлади.

"Арманлар тинчликда кетишлари керак. Биз уруш истамаймиз. Биз шунчаки ўз ватанимизни озод қилишни истаймиз, холос," дейди у.
Бу ерда одамлар Тоғли Қорабоғни ўз ҳудудларининг йўқотилган бўлаги, деб билади. Бу ҳам иймон рамзи, ҳам халқаро ҳамжамият қўлловини олган, роса онгларга қуйилган миллий ҳикоя.
22 ёшли Ихтиёр Расулов талаш бўлаётган тоғли ҳудудга ҳеч қачон қадам босмаган. Соқоли тоза қирилган бу йигит уни қайтариб олиш учун ўлишга тайёрлигини айтади. Озарбайжон пойтахти Бокуда уни биринчи марта кўрганимда урушда қатнашиш учун эндигина имзо чеккан эди.
"Миллатим ва ватаним учун жоним ва қоним билан урушишга тайёрман, - дейди у жиддий оҳангда. - Отам, онам, бобом ўша жойларда яшашган. Акам ҳам ҳозир урушда иштирок этяпти"
Ихтиёр ташландиқ турaр-жой мажмуасида яшайди. Бу ерга 1990-йиллар бошида Тоғли Қорабоғ ва унга ёндош ҳудудлардан қочиб келган оилалар ўрнашган. У йўқотилган ер, зўравонликлар ва Арманистон билан тарихий адоват ҳақидаги ҳикояларни эшитиб катта бўлган. Улар унинг қонига сингиб кетган. Бу ерда кўпчилик шундай.
"Қорабоғ Озарбайжондир, - дейди у. - Арманлар бу ерга келиб, халқимизга кўп зиён етказди. Албатта, буларни ўз кўзим билан кўрмаганман, аммо эшитганман.
У Озарбайжон президенти Илҳом Алиев нима деса, барини маъқуллашини айтади. Қаттиқ назорат қилинадиган, президентлик отадан ўғилга ўтадиган бу юртда бунақа гапларни кўп эшитасиз.
Ихтиёрнинг қўшниларидан бири менга уруш фахрийлардан бирининг ID картасини кўрсатишга шошади. Тепакал ва ғайратли Асеф Ҳақбердиев Тоғли Қорабоғ учун охирги урушлардан бирида қатнашган.
"Ёшим 51да. Юртим учун ўлишга тайёрман," дейди у.
"Ўғлимни урушга жўнатдим, у фронтда урушда қатнашмоқда. Ҳатто бутун оилам ўлса ҳам, ҳар бири ўлса ҳам, еримизнинг бир қаричини ҳам бериб қўйишни истамаймиз."
Уруш бўлаётган ҳудудга яқин Тертер шаҳрида яшовчи аёл ҳам шу каби гапларни айтди. Такрор ва такрор ҳар ёндан бомбалашларига қарамай, подвалдан бошпана топган бўлса ҳам, Айбениз Жафарова ўз жойини ташлаб кетишни истамайди. Биз уни бир неча қариндоши билан бирга вақтинчалик бошпанада учратдик. Улар орасида унинг олти ойлик набираси, беланчакдаги Фариз ҳам бор.
"Биз буни 28 йил кутдик," дейди у ним қоронғиликда жилмайганча.
"Бўлаётган ишлардан жуда ҳаяжондамиз. Менинг ўғлим ва қизим урушда иштирок этяпти. Биз эса ғалаба кунини ва ўз еримизга кетишни кутиб, шу ерда турибмиз."
Бу ерда кўпчилик Россия воситачилигида эришилган сулҳ узоқ туришига ишонмайди. Уларнинг аскарлари Тоғли Қорабоғга ёндош ҳудуддаги баъзи жойларни эгаллаб бўлган. Улар уруш майдонида ғалаба қилишга чоғланган ва президентлари қиличини қинга солмаслигини исташади.
Стив Розенберг, BBC News, Тоғли Қорабоғ
Степанакертга қараган тепаликда Ашот Агажанян мени уйига таклиф қилди. Ёки уйидан қолган харобага.
Уй меҳмонхонаси синган ойна парчалари билан қопланган, шифт бўлаклари пастга осилиб ётибди. Шрапнель унинг янги диванини бўлаклаб ташлаган. Ошхона ва ювиниш хонаси портлаб кетган.

Ашготнинг уйига у Озарбайжон ҳудудидан отилган, деб ишонаётган узоққа учувчи ракета келиб урилган. Боғда унинг парчаларини топдик. Унинг айтишича, ҳужум сулҳ кучга киргандан сўнг бўлган. Хайриятки, Ашгот ва унинг болалари ўша вақтда подвалда бўлган. Ана шу уларнинг ҳаётини сақлаб қолган. Аммо Ашгот ўз қўли билан қурган уй бузилиб кетган.
Ашготдан арманлар ва озарлар бир кун келиб тинч яшашига ишониш ишонмаслигини сўрайман. У бош чайқайди. "Ҳеч қачон."
Бир кунда бир неча марта ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сирена овози одамларни беркинишга ундаб, Степанакерт узра янглайди. Сергей Аванисян қўлоқни тешворгудек портлаш товушини эшитганида ўзи яшайдиган кўп қаватли уйнинг подвалидаги бошпанасида эди.

"Бутун бино тебраниб кетди," дейди Сергей. Ташқарига чиққанида уйидан бир метр нарида улкан ўра ҳосил бўлганини кўради. Қаршисидаги бино бир уюм ахлатга айланиб қолган эди. Портлаш зарби шу қадар бўлганки, йўлнинг бўлаклари ҳавога учиб кетган.
Асфальтнинг катта бир бўлаги учиб, Сергей яшайдиган кўп қаватли уйнинг томига бориб тушган. У Озарбайжоннинг яқин иттифоқчиси Туркияни уруш оловини алангалатиш ва зўравонликка ундашда айблайди. Тоғли Қорабоғда кўпчилик бунга қарши Россия очиқчасига Арманистон томонда туришини ва ҳарбий кўмак беришини истайди. Сергей бундай бўлишига ишонмайди.
"Мен Путинни ҳурмат қилар эдим. Аммо у бизни анча аввал сотди," дейди Сергей.
"У Туркия билан бизнес қиляпти, уларга АЭС қуриб беряпти. Путин тушуниши керак бўлган нарса шуки, агар биз йўқ бўлсак, бутун Кавказ ва жанубий Россия Туркия таъсирига тушади. Биз ўлсак, Россия ҳам ўлади."
Тоғли Қорабоғ ёки арманлар айтгандек Арцахдаги аҳолининг кўпчилигини ташкил қилувчи этник арманлар учун бу жойлар уларнинг турли авлодлар оша уйлари бўлиб келган.
Аммо Қорабоғ Арманлар учун ҳиссий ва руҳоний аҳамиятга ҳам эга. Степанакертдаги кафеда Ара Шанлианни учратдим. Ара Лос-Анжелесда яшайди. Аммо унинг келиб чиқиши арман. У Тоғли Қорабоғ ҳужум остида эканини эшитгач, қўллаб-қувватлаш учун бу ёққа шошилган.
"Келишим керак эди. Нимаики қила олсам, юртим ва халқимга нимаики бера олсам, мен ана шуни истайман," дейди Ара.

Сурат манбаси, Getty Images
Бу ердаги одамлар билан гаплашганимда шу нарса аниқ эди - ҳиссиётлар жунбушга келмоқда. Муросага бориш учун иштаҳа йўқ уларда.
"Арцахга қарши шунча босқинчиликлардан кейин, Озарбайжон бу ҳудудни ўзиники, деб айтишга ҳар қандай аҳлоқий ҳақни йўқотди," дейди менга Роберт Аветисян. Тоғли Қорабоғ уни ўзининг АҚШдаги доимий вакили этиб тайинлаган. Аммо мен уни Степанакертда учратдим.
Мен ҳар икки томон ҳам зўравонликларга йўл қўйганини айтдим. Озарбайжоннинг тинч аҳолиси Ганжада ўлдирилди. Боку бунинг учун Арманистонни айблади.
"Худди шу куни бешта узоқ масофали ракета Степанакертга келиб тушди ва одамларни ўлдирди, - деб жавоб қайтарди Роберт. - Ундан бир неча кун аввал тахминан юзтача ракета шаҳарчанинг турли қисмларига тушган. Биз тинч аҳоли инфратузилмасини нишонга олмаймиз. Ганжа ҳарбий инфратузилмадир."
"Аммо Ганжадаги ҳужумга тутилган турар-жой ҳарбий нишон бўлмаган."
"Билмадим, - дейди Роберт. - Шунчаки айтяпман. Биз ҳеч қачон ҳарбий аҳамиятга эга бўлмаган объектларни қасддан нишонга олмаймиз."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















