ИШИД қўмондони Гулмурод Ҳалимов тирикми? – БМТ унга қарши ўз санкциясини узайтирди, Tojikiston, O’zbekiston, dunyo, yangiliklar

ИШИД қўмондони Гулмурод Ҳалимов тирикми? - БМТ Хавфсизлик Кенгаши унга қарши санкциясини узайтирди. Кенгашнинг худди шу қарори тожикистонлик қўмондоннинг ҳали тирик эканига яна бир бор далолат қилган.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши ўз рўйхатини янгилаганида, одатда, унга ўлдирилганларни қўшмайди.
Гулмурод Ҳалимов ўз вақтида Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи сафларида энг юқори мартабага кўтарилган Марказий осиёлик жангари бўлган.
Ироқ, Сурия ҳукуматлари ва халқаро коалиция кучлари томонидан тор-мор этилгунига қадар, бу гуруҳ сафларида минглаб Марказий Осиё фуқароларининг жанг қилганликлари ишонилган.
ИШИДга қўшилган ўзбекистонлик жангариларнинг сонларига оид энг сўнгги маълумот гуруҳ мағлуб этилгани эълон қилинаётган фонда, 2017 йил Американинг "Soufan" тадқиқот маркази томонидан эълон қилинган.
Марказнинг рўйхатида Ўзбекистон "1500 нафар жангариси" билан 8-ўринни эгаллаб, юқори ўнликдан жой олган.
2015 йилда Афғонистонда экан, ўз вақтида Марказий Осиёдаги энг йирик ўзбек жангари гуруҳига нисбат берилган Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам ИШИДга тўлиғича байъат келтирганини эълон қилган.
Oрада ҳаракат сафлари парчаланиб, сафларидан яна азалий иттифоқчиси Афғонистон Толибон ҳаракатига мойил ўзаги ажралиб чиққанига оид хабарлар ҳам олинган.
Аммо ўшанда тадқиқот маркази ортга қайтган ўзбекистонлик жангарилар борасида ўзларида бирор бир маълумот йўқлигини эътироф этганди.
Глобал коронавирус пандемиясига қадар, янги Ўзбекистон раҳбарияти уларнинг оилалари ва фарзандларини ортга қайтариш учун бир нечта инсонпарварлик амалиётларига қўл урган, юзлабини мамлакатга келтиришга муваффақ бўлган.

Сурат манбаси, youtube
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ОМОН бўлинмасининг собиқ қўмондони ҳам борлиги кўрилган янги рўйхат кеча, 21 октябрь куни эълон қилинган.
QDi.372 коди остида Гулмурод Ҳалимовнинг "ҳарбий эксперт", Ироқдаги ИШИД гуруҳининг "аъзоси" ва "ёлловчиси" экани айтилган.
Бунгача матбуотда тожикистонлик қўмондоннинг ўлдирилганига оид хабарлар бир эмас, бир неча бор бўй кўрсатган.
Орада уни ўлдирганликларини даъво қилиб чиққан Россия Мудофаа вазирлиги Гулмурод Ҳалимовни "ИШИДнинг Уруш вазири", деб атаган.
Тожикистондаги етакчи Asia-Plus интернет нашрининг ёзишича, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг янги санкциялар рўйхати бу хабарларни яна бир бор савол остига қўяди.
Янги санкциялар рўйхатини эълон қиларкан, Хавфсизлик Кенгаши ўзининг веб сайтида Гулмурод Ҳалимовнинг ҳануз Интерпол ва Тожикистон ҳукумати қидирувида эканини ҳам маълум қилган.
Тожикистонлик қўмондоннинг сўнгги манзили ўлароқ эса, 2015 йилнинг сентябрь ойига таяниб, маълумот берилган. Ҳалича янгиланмаган бу маълумотдан унинг ўша пайтда Сурияда экани кўрилган.
Орада матбуотда Гулмурод Ҳалимовнинг Афғонистонга ўтганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган, аммо улар ҳали-ҳануз расман ўзининг тасдиғини топмаган.
Тожикистонлик масъулларнинг шу йил бошида берган баёнотларидан ҳам, "қўмондоннинг жасадини ўз кўзлари билан кўрмагунча, унинг ҳалок этилганига оид хабарларга ишонмаслик" мавқеъида эканликлари маълум бўлган.
АҚШ Давлат департаменти Гулмурод Ҳалимовни "ИШИД" гуруҳининг асосий лидерларидан бири сифатида кўрган.
Департамент 2016 йилда унинг қаердалигига оид маълумот учун $3 миллион доллар мукофот пули эълон қилган.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши ИШИД ва ал-Қоидага алоқадор маълум шахс, гуруҳ, ташкилот ва корхоналарни кўзда тутувчи санкциялар рўйхатини 2015 йилда тузган.
Хавфсизлик Кенгашининг бу санкциялари БМТ га аъзо давлатларни рўйхатдагиларнинг банк ҳисобларини музлатиш, саёҳатларини тақиқлаш, қурол-яроғ сотишни маън қилишга масъуллайди.

Сурат манбаси, Twitter
Гулмурод Ҳалимов
Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг махсус бўлинмаси қўмондони Гулмурод Ҳалимов 2015 йил апрелида ғойиб бўлган.
Орадан бир ой ўтиб, интернетда Тожик полковнигининг видеомурожаати пайдо бўлган.
Видеомурожаатда у Тожикистон ҳукуматини мусулмонларни таъқиб этаётганликда айблаган.
Тожикистондаги ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари ва меҳнат муҳожирларини ИШИД сафига бориб қўшилишга даъват этган.
Ҳалимовнинг видеоси ўшанда Сурияда ёзиб олинган деб тахмин қилинган.
44 ёшли Гулмурод Ҳалимов профессионал мерган бўлган.
У Россия ва АҚШда махсус қўшинларни тайёрлаш мактабларида ҳарбий тайёргарлик ўтган.
Сўнг Тожикистон президенти гвардиясида хизмат қилган.
2009 йили Тожикистоннинг Рашт водийси ва 2012 йилда Хорог шаҳридаги ҳарбий амалиётларда иштирок этган.
2017 йил июлида Тожикистон расмийлари Ҳалимовнинг қариндошлари ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатган, бу қариндошларнинг гўёки Сурияга йўл олганини айтишган.
Тожикистон Ички ишлар вазирлигига кўра, Восеъ туманининг Ибрати қишлоғида Гулмурод Ҳалимовнинг қариндошлари билан отишма рўй берган.
Вазирлик бошқа тафсилотларни ошкор этмаган, аммо қатор матбуот хабарлари Ҳалимовнинг тўрт қариндоши ўлдирилганини хабар қилган.
Худди ўша ойда Гулмурод Ҳалимовнинг 18 яшар ўғли Беҳруз Ҳалимов ўз отасининг танишлари билан ижтимоий тармоқларда алоқада бўлгани ва Ироқ ёки Сурияга жиҳод учун сафар қилиш ниятидалиги даъво қилиниб 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган.
Собиқ полковник Ҳалимов Яқин Шарқдаги ИШИД сафига қўшилганини эълон қилиши ортидан Тожикистон Олий маҳкамаси ушбу жангари гуруҳни "террорчи", деб эълон қилганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














