Дин ва дунё: 82 ёшли муслима буви дунёнинг энг нуфузли юзта одамидан биттаси – dunyo, Islom dini, yangiliklar

Bilkis

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Билқис буви Ҳиндистондаги зиддиятли "Фуқаролик тўғрисида"ги янги қонунга қарши тинч намойишларнинг "юзи" бўлган

Дин ва дунё: 82 ёшли муслима дунёнинг энг нуфузли юзта одамидан биттаси - нуфузли Time журнали худди шу каби тўхтамга келди. Билқис бувини ўзининг бу йилги рўйхатига киритди.

Билқис буви Ҳиндистондаги зиддиятли "Фуқаролик тўғрисида"ги янги қонунга қарши тинч намойишларнинг "юзи" бўлган.

Янги қонун мусулмонларни камситишни кўзда тутишига оид кескин танқидлар остида қолган, узоқ муддатли намойишлар, зўравонликларга сабаб бўлган, аммо ўтган йили қабул қилинган.

Ҳиндистон - мусулмон аҳолиси сони бўйича дунёдаги иккинчи йирик мамлакат саналади.

Келаси бир неча йилнинг ичида эса, Ҳиндистоннинг Индонезияни ортда қолдириб, дунёдаги энг йирик мусулмон давлатига айланиши мумкин, деган фаразлар ҳам бор.

Бироқ сўнгги йиллари Ҳиндистонда ҳиндулар дини - Ҳиндуизмга устунлик бериш ва бошқа дин вакиллари, хусусан, мусулмонларни таҳқирлаш ёки камситиш ҳоллари кучайгани ҳам айтилади.

Time ўзининг йиллик рўйхатига дунё бўйлаб қилган иши билан катта таъсирга эга бўлган инсонлар, сиёсатчилар, давлат раҳбарларини киритади.

Time учун Билқис бувининг қисқача биографиясини ҳиндистонлик журналист ва ёзувчи Раъно Айюб ёзган.

У Билқис бувини "четга суриб қўйилганларнинг овози", дея таърифлаган.

Раъно Айюбнинг ёзишича, "Билқис буви авторитаризм томон оғиб бораётган демократияга бўлган ишончлари учун панжаралар ортига отилган фаоллар ва талабалар йўлбошчиларига умид ва ишонч берган. Одамларни бутун Ҳиндистон бўйлаб ўзлариникига ўхшаш тинч намойишларга руҳлантирган".

Шоҳин Боғ

Women protesters along with their children participate in a sit-in against National Register of Citizens (NRC) and recently passed Citizenship Amendment Act (CAA), at Shaheen Bagh

Сурат манбаси, Getty Images

"Фуқаролик тўғрисида"ги зиддиятли қонунга қарши Шоҳин Боғдаги давомий намойишлар эса, Ҳиндистондаги озмунчанинг эътиборини ўзига тортмаган.

Ўшанда катта сондаги мусулмон аёллари кўчаларга чиқишган, ўз норозиликларини тинч йўлда изҳор этишган, ўз бирдамликларини изҳор этиб, бошқа диндагилари ҳам уларга қўшилишган.

Аёллар конституциядан парчалар ўқишган, фуқароликларини урғулаб, чиқишлар қилишган, ватанпарварона қўшиқларни куйлашган.

Кўпчилик қатъияти учун намойишчиларни олқишлашган, ўз миннатдорчиликларини билдиришган, уларни илҳомлантирувчилар, деб аташган.

Ўшанда динига қараб фуқаролик беришни кўзда тутиши, бу мамлакат конституциясига зид экани, худди шу боис ҳам янги қонун ноқонуний эканини айтиб, қатор сиёсий партиялар, мусулмон ва фуқаролик жамияти фаоллари онлайн петициялар билан судга ҳам чиқишган.

Бошқарувдаги BJP партияси эса, уларни Ҳиндистонга "хиёнат қилаётганликда" айблаган.

Янги қонун Ҳиндистонга қўшни аксарият аҳолиси мусулмон уч давлатдан бўлган номусулмон ноқонуний мигрантлар амнистиясини ҳам кўзда тутади.

Сўнгги янгилик ортидан эса, #ShaheenBagh ва #Bilkis Twitter да трендга чиққан.

Time нинг дунёнинг энг нуфузли юз одами рўйхатида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг борлиги ҳам кўрилган.

Protesters at Shaheen Bagh

Сурат манбаси, Getty Images

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek