Ўзбекистон ва минтақада нима гап?: Масжидлар ерларигача картошка экилмоқда, янгилари сони ортмоқда - O'zbekiston, dunyo, koronavirus, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон ва минтақада нима гап?: Масжидлар ерларигача картошка экилмоқда, янгилари сони ортмоқда - Ўзбекистонда масжидлар яна биттага кўпайган. Тожикистонда эса, масжидларнинг ерлари экинзорларга айлантирилган. Картошка, маккажўхори экилган. Бунақаси минтақанинг бу яқин тарихида кузатилмаган.
Бу ҳақда Тожикистоннинг "Asia Plus" етакчи интернет нашри Республика Диний қўмитаси матбуот марказига таяниб хабар берган.
Худди шу хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, масжидларга тегишли ерларда бу йил турли полиз экинлари экилган.
Бу ерлардан картошка ва маккажўхори олиниши ҳам айтилган.
Англашилишича, бунга Тожикистон презденти Эмомали Раҳмоннинг даъвати сабаб бўлган.
Масжид ходимлари давлат раҳбарининг чақириғини беэътибор қолдиришмаган.
Эмомали Раҳмон айтганидек, "Бир қарич ер ҳам бекор қолмаслиги" учун масжидларникига ҳам экин экишга ўтишган.

Сурат манбаси, BBC UZBEK
Тожикистон президентининг бу даъвати эса, глобал коронавирус пандемияси манзарасида янграган.
Эмомали Раҳмон ҳам пандемиянинг мамлакат иқтисодига салбий таъсирини юмшатиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳаракатида экандек кўрилган, яқинда ўз халқига бир эмас, бир неча бор худди шу каби чақириқ билан чиққанди.
Тожикистон жорий пайтда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан кейин минтақанинг коронавирус энг кам тарқалган давлати бўлади.
Аммо, шуни ҳам таъкидлаш керакки, Тожикистон дунёнинг коронавирус пандемияси боис, кескин чеклов чораларига қўл урмаган саноқли давлатларидан бири саналади.
Агар, расмий маълумотларга таянилса, ҳозир Тожикистонда коронавирусга чалинганлар сони 9 мингдан сал ортади.
Аммо мустақил манбалар ҳақиқий рақамлар расмийсидан бир неча баробар кўп эканини таъкидлаб келаётгани бор гап.

Сурат манбаси, BBC UZBEK
Тожикистон Марказий Осиёнинг аҳолиси энг катта учинчи давлати бўлади, сони 10 миллион атрофида экани кўрилади.
Аммо Тожикистон Қирғизистон билан бирга минтақанинг нисбатан камбағал икки давлатидан биттаси бўлиб келади.
Иқтисоди яқин-яқингача асосан четда - Россияда меҳнат миграциясида банд катта сондаги фуқаролари ортга юборган маблағларга таяниб келган.
Глобал коронавирус пандемияси эса, Россиядаги Марказий осиёлик мигрантларни жуда оғир аҳволда қолдирган, уларнинг тақдири ҳатто халқаро миқёсда эътибор топган, жиддий хавотирларга сабаб бўлган.
Тожикистоннинг ҳам худди Ўзбекистон каби ҳозирга қадар четдаги фуқароларини чартер рейслар ёрдамида ортга қайтариш ҳаракатида экани кузатилади.
Четда меҳнат муҳожирлигида банд ўн минглаб фуқароларининг ортга қайтиши ишсизлик ва камбағаллик ҳали-ҳануз энг оғир муаммолардан бири бўлган Марказий Осиё давлатларида жиддий иқтисодий инқироз ва бунинг ортидан ижтимоий портлашга сабаб бўлишига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Орада Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳам мамлакат аҳолисига шунга ўхшаш даъват билан бир эмас, бир неча бор чиққани кузатилган.
Тожикистон Диний қўмитасининг билдиришича, масжидлар ерларидан олинган ҳосил хайрия мақсадларида ишлатилади.
Қўмита маълумотларига кўра, марказий ва Жомеълари қўшиб ҳисобланганда, Тожикистондаги масжидларнинг сони ҳозир уч ярим мингдан ортади.
Аммо қўмита хабарида улар барчасининг ерларига экин экилганми-йўқлиги айтилмаган.

Сурат манбаси, BBC UZBEK
Худди шу фонда олинган бошқа бир хабарда айтилишича, Тожикистонда бу йил қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти қарийб қирқ беш ярим фоизга ортган.
Бу каби кўрсаткич айнан глобал коронавирус пандемияси билан кечган ўтган саккиз ой оралиғида қайд этилган.
Жорий йилнинг 31 август ҳолатига кўра, Тожикистон четга 100 минг тоннадан кўп қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотган, $15 миллион долларга яқин даромад қилган. Бу ўтган йилнинг худди шу даври билан қиёсланганда, қарийб беш миллион долларга кўп маблағ дегани.
Айниқса, пиёз, узум, қуруқ ва ҳўл мевалар экспортида ўсиш кузатилган.
Уларни асосан Россия, Қозоғистон, Хитой ва Европа Иттифоқи давлатларига сотган.
Тожикистон Транспорт вазирлигининг қайд этишича, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини темир йўллар орқали ташишда янги имтиёзли тарифлар жорий этилган, тадбиркорлар махсус нақлиёт воситалари билан таъминланган.
Бу каби ўсишда "Яшил йўлак" лойиҳаси доирасида қилинаётган ишларнинг ҳам таъсири сезиларли бўлган.
Божхона назорати ҳам енгиллашган, бунинг ортидан товарлар айланмаси ва экспорт ҳажми ортган.
Тожикистон дунёнинг аксарият ҳудуди тоғлардан иборат давлатларидан бири бўлади.
Мамлакат яқин-яқингача, айниқса, шаҳар аҳолиси учун озиқ-овқат маҳсулотларининг ярмига яқинини четдан харид қилиб келган.
Ўзбекистонда эса, шу кунларда масжидлар яна биттага ортган - кеча, 17 сентябрь куни Самарқандда расман қайддан ўтказилгани билан мамлакатдаги жаъми масжидлар сони 2075 тага етган.
Аҳолиси 34 миллиондан ортувчи Ўзбекистон минтақанинг энг йирик мусулмон давлати бўлади.

Сурат манбаси, official
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















