Путин, Лукашенко, Бердимуҳамедов 10 триллион Зимбабве долларидан олишади, яна Эрдўған ҳам - Rossiya, Turkiya, Belarus, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Путин, Лукашенко, Бердимуҳамедов 10 триллион Зимбабве долларидан олишади, яна Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўған ҳам - тўртовлон бу йилги Шнобель мукофотига лойиқ, деб топилишди. Мукофот соҳиблари орасида АҚШ президенти Дональд Трампнинг ҳам борлиги кўрилди.
Кеча, 17 сентябрь куни нуфузли Гарвард университетида йиллик ҳажвий Шнобель мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. Мукофот 30- бор ўз эгаларига топширилди.
Шнобель мукофоти, одатда, йил давомида илм-фан соҳасида қилинган энг беъмани - "аввал ўйлантириб, сўнгра кулдирган" ўнта кашфиёт соҳибига берилади.
Аммо, маълум бўлишича, дунёнинг қатор давлатлари раҳбарлари глобал коронавирус пандемияси пайтидаги хатти-ҳаракатлари учун ҳам бу мукофотга лойиқ, деб топилишган.
Ҳатто, шунда ҳам, мукофот олган президентларнинг рўйхатининг бундан-да узун экани кўрилган.
Уларнинг орасида яна Бразилия, Мексика президентлари ва Британия Бош вазирининг ҳам борлиги кўзга ташланган.

Сурат манбаси, Getty Images
Шнобель қўмитасининг маълум қилишича, мукофот уларга "тиббий таълим" йўналишида берилган.
Бу давлатлар раҳбарлари, таъбир жоиз, "глобал коронавирус пандемиясидан фойдаланиб, дунёга одамларнинг ҳаёти ва ўлимида олимлар ва докторлардан кўра, сиёсатчилар катта амалий таъсирга эга бўлишини ўргатишган".
Айнан пандемия боис, бу йилги мукофотни топшириш маросими сиртдан - онлайн ўтказилган.
Ғолибларга 10 триллион Зимбабве доллари миқдорида мукофот пуллари "топширилган". Бу пул АҚШ долларига чаққанда бор-йўғи бир неча 10 центни ташкил этади.
Ҳажвий Шнобель мукофоти 1991 йилда таъсис этилган.
Мукофот соҳибларининг яна қаҳва қадағи, бир қути сақич, бир қути сигарет ва тиш чўткаси олишлари ҳам айтилган.
Беларусь дунёнинг глобал коронавирус пандемияси боис, кескин чеклов чораларига қўл урмаган саноқли давлатларидан бири бўлади.
Туркманистонда эса, ҳали-ҳануз расман бирор бир коронавирус ҳолати қайд этилмаган.
Путин, Трамп ва Туркия президенти ҳам пандемия хавфига жиддий ёндашмаганликда танқидлар остида қолиб келади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















