Ўзбекистон: Танқидий мақола учун дўппосланганини айтган журналистнинг отаси жавобгарликка тортилди

surat

Сурат манбаси, IIV.UZ

Ёзган мақоласи учун босимга учрагани ва отаси ҳақоратланиб дўппосланганини айтган Журналистика талабаси ҳақидаги хабар Бош прокуратура назоратида кўриб чиқилди. Натижада мақоладаги фикрларни ҳимоя қилиб ҳақоратлангани ва дўппосланганини айтган журналистнинг отасига «ҳақорат» ва «енгил тан жароҳат етказиш» бўйича маъмурий иш қўзғатилди. Кармана туман прокуратураси журналистнинг маҳалла раиси томонидан босим ўтказилгани ҳақидаги даъвоси ўз тасдиғини топмаганини маълум қилди.

Ўзбекистондаги телеграм каналлар ва бир неча интернет нашрларида чиққан «Мақолам учун маҳалла раиси таҳдид қилди, дадамни дўппослашди» сарлавҳали хабарга Бош прокуратура муносабат билдирди.

Хабарларда ЎзЖОКУ талабаси Маҳфуза Пўлатова «Навоий зиёси» газетасида чоп этилган «Эфир учун қилинаётган эҳсонлар» сарлавҳали мақоласи учун маҳалла раиси томонидан босимга учрагани ҳақида ёзилганди.

Kun.uz нашрининг Маҳфуза Пўлатовага таяниб ёзишича, мақолада ўзи яшаётган ҳудуд ­- Кармана тумани, «Боғишамол» маҳалласидаги онахонга эҳсон бериш жараёни ҳақида ёритади.

"Эҳсон тарқатувчилар ўз саховатини тасвирга олмоқчи бўлганида, онахоннинг нафсониятига теккан. Натижада, «Менга бунақа эҳсонларинг керак эмас, буларни олишга ўзимнинг ҳам қурбим етади» дея озиқ-овқат маҳсулотларини рад қилган. Мақолада бундан ташқари, ўша маҳаллада ҳақиқатан ҳам эҳтиёжманд оилалар бўла туриб, уларга ёрдам берилмагани айтилган", дейилади хабарда.

Пўлатова «Навоий зиёси» газетасида мақоласи чиққанидан сўнг маҳалла раиси томонидан босимга учраганини айтган.

Журналистнинг айтишича, мақолада ёзилган фикрларни ҳимоя қилиб, қўшнисини раиснинг одами дегани учун маҳалладаги қўшниси ва ўғли томонидан калтакланган.

«Боғишамол» маҳалласи раиси Мақсуд Пардаев kun.uz билан телефон орқали суҳбатда бу гаплар туҳмат эканлигини айтган.

Аммо у ҳақиқатан ҳам Маҳфуза Пўлатованинг уйига борганлигини тасдиқлаган, лекин унга босим ўтказмаганлигини маълум қилган.

Нашрга гапирган маҳалла профилактика инспектори унга Маҳфузанинг отасини қўшниси урганлиги билан боғлиқ мурожаат бўлганини билдирди. Инспектор ўша вақти вақтда қўшнилар яраштириб қўйилганини айтган.

Бироқ 8 сентябрь куни Бош прокуратура томонидан берилган хабарда қўшнилар яраштириб қўйилгани инкор қилинади.

Ўзини ҳақоратлагани ва дўппосланганини айтган журналистнинг отаси Р. Пардаевга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41 (ҳақорат қилиш), ва 52-моддалари (енгил тан жароҳати етказиш) айблари қўйилиб маъмурий иш очилган.

Журналистнинг отасини ургани айтилаётган қўшнининг ўғли А. Ядгаровга эса 52-модда (енгил тан жароҳати етказиш) бўйича маъмурий иш очилган.

Бош прокуратура маҳалла раиси журналистга босим ўтказганлиги тўғрисидаги даъво ўз тасдиғини топмаганини айтган.

"Ўрганиш давомида туманнинг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, талаба М.Пўлатованинг газетага мақола чоп этганлиги учун «Боғишамол» м.ф.й. раиси М.Пардаев унга босим ўтказганлиги ҳолати ўз тасдиғини топмаган", дейилади Бош прокуратура хабарида.

Kun.uz журналисти Шуҳрат Шокиржонов ўз телеграм каналида Кармана туман "Боғишамол" маҳалласи раиси собиқ орган ходими эканлигига эътибор қаратган.

"Маҳаллақўм акамиз собиқ чекист экан. Истаса — маҳалладаги мактаб директорини ўқитувчи-пўқитувчилари билан қўшиб битта хати билан итдек ишлата олади. Энди ҳаммаси тушунарлидир?" - дейди Шокиржонов.

Журналист чоп қилган суратда раис Мақсуд Пардаев Кармана туман 30-сон мактаб директорига вазифасига кирмайдиган жамоат ишларини юклаб хат ёзганини кўриш мумкин.

Унда маҳалла раиси мактаб директоридан "Боғишамол" маҳалласидаги 5 кўчада яшайдиган ёрдамга муҳтож оилаларни ўрганиб беришни талаб қилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek