Ўзбекистон: Журналист Саид-Абдулазиз Юсупов қамоқдан озод этилди - яқинлари

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Screenshot

Чоршанба куни журналист ва Матбуот фондининг собиқ раҳбари Саид-Абдулазиз Юсупов қамоқдан озод этилган.

Бу ҳақдаги хабарни Би-би-сига унинг яқинлари тасдиқлади.

Ўтган йилнинг 10 майида ДХХ томонидан ҳибсга олинган Саид-Абдулазиз Юсупов Жиноят Кодексининг фирибгарлик ва пора бериш моддалари билан айбланганди.

Унинг иши ёпиқ маҳкамада кўрилган.

Яқинлари ўтган йил 9 сентябридаги маҳкамага киритилмаганликларини айтишган.

Улар тергов жараёнида журналистга руҳий ва жисмоний қийноқлар ўтказилганини даъво қилишган.

Адвокати қийноқ даъволари ортидан 8 июн куни Бош прокуратура бошчилигида Тошкент Тиббиёт академиясида ўтказилган тиббий кўрикни " театрлаштирилган томоша" деб атаган.

Бош прокуратура жиноят иши Юсуповнинг журналистик фаолияти билан боғлиқ эмаслигини айтган.

Юсупов устидан ўтган маҳкама ва унинг ҳукми тафсилотлари жамоатчиликка ошкор қилинмаган.

Шу йил январида 6,5 йиллик жазо муддатини ўтаётган Юсупов устидан "иккинчи жиноят иши" очилгани ва унинг ДХХ ҳибсхонасига қайтарилгани хабар қилинганди.

Кейинроқ қамоқ муддати 2,5 йиллик ахлоқ тузатиш ишларига ўзгартирилгани айтилган.

Ҳибсга олинишидан аввал ёзилган ва икки кун ўтиб эълон қилинган видеомурожаатда Юсупов журналистик фаолияти боис ўзи ва оиласига нисбатан тазйиқлар ўтказилаётгани ҳақида гапирган.

У раҳбарлик қилган Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш жамоат фондининг кейинги фаолияти ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek