Самарқанд, жабрдийда аёл иқрори: Эрим менга ҳатто памперс едирган - O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, videograb
Самарқанд, жабрдийда аёл иқрори: Эрим менга ҳатто памперс едирган - Самарқанд шаҳрида ҳимоя остида қолаётган Мустаҳкам билан шу кунларда яна таниқли блогер Ақида хоним суҳбатлашган. Мустаҳкам эрининг тўхтовсиз зўравонликлари боис, ҳатто уч маротаба ўз жонига қасд қилганлигини айтган.
Мустаҳкамнинг тақдирини яқиндан кузатиб, ўрганиб, ёритиб келаётган блогер у билан суҳбатини кеча, пайшанба куни Самарқанддан туриб, жонли, ўзининг Facebook даги шахсий акаунтида уюштирган.
Ақида хонимнинг сўзларидан маълум бўлишича, Мустаҳкамга ўзбекистонликларнинг хайр-эҳсонларини етказиш учун Самарқандга борган, суҳбат ташаббуси Мустаҳкамнинг ўзидан чиққан.
Англашилишича, Мустаҳкам шу йўл билан "эрининг яқинлари томонидан ўзи ҳақида тарқатилаётган турли ножўя гап-сўзларга чек қўймоқчи бўлган".
Самарқандда эри томонидан мунтазам калтакланиб, хўрланиб келинган аёл видеоси шу йилнинг 22 август куни ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган, кибер фазода кескин акс-садо ва қизғин баҳсу мунозараларга замин яратган.
Видео, "Бир аёлни калтаклашар экан. Етим, уйида чўри бу келин. Яқинда қўлини уриб синдирибди эри. Ҳаммадан қолган овқатни еб, хўрланиб ўтирибди. Уйдан чиқариш керак экан. ИИВ, Бош прокуратура, Инсон ҳуқуқлари (ташкилотлари - таҳр.) бу аёлни топиб, ёрдам беришингизни сўраймиз" изоҳи билан тарқалган.
Орадан кун ўтиб, масалага самарқандлик масъуллар эътибор қаратишган.
Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси расман баёнот берган.
Ушбу ҳолат юзасидан зудлик билан суриштирув ҳаракатлари олиб борилгани, тасвирдаги воқеа иштирокчиларининг шахси аниқлангани маълум бўлган.
Эри томонидан аёвсиз калтакланган аёл ва унинг фарзандлари ҳимояга олинган, унга "ҳимоя ордери" берилган.
Аммо Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ўзининг бу хусусдаги расмий хабарида жабрланувчидан тўлиқ ном тутмаган. Уни М. деб аташ билан кифояланган.
Янги оила

Икки фарзанднинг онаси 24 ёшли Мустаҳкам оилада ёлғиз фарзанд, ота-онаси ажрашган, онаси уни 16 ёшда ўзидан 10 ёш катта йигитга узатган.
Икковлон 2012 йилда шаръий никоҳдан, 2015 йилда эса, ФХДЁ бўлимидан қонуний никоҳдан ўтиб, яшаб келишган.
Мустаҳкамнинг жонли суҳбат чоғида айтишича, эри аввалбошдан кўнгли йўқлиги, уни дадаси топганлиги ва ўзига мажбуран олиб беришгани, ўзининг севгани борлигини таъкидлаб келган.
Унинг ўйлашича, эри томонидан доимий зўравонликларнинг асосий сабаби худди шу нарса бўлган.
Тўйдан кейин кўп бор ажрашишга ҳаракат қилган, аммо болали бўлса, эрининг "эси кириши"ни айтиб, атрофидагилар бунга йўл қўйишмаган.
Аммо, унинг айтишича, икки болали ҳам бўлган, аммо эрининг муносабати янада ёмонлашгандан ёмонлашган.
"Калтаклар остида"

Сурат манбаси, Thinkstock
Ўтган 8 йил давомида ҳаёти калтаклар остида ўтган, эри унга ҳатто мажбуран ахлатга ташланган эски памперсни едиришгача борган, эрининг яқинлари томонидан "кўп бор ёмонотлиқ ҳам қилинган".
Мустаҳкамнинг айтишича, бу каби ғайриодатий зўравонликка эрининг синглиси билан тортишиб қолгани сабаб бўлган.
Тортишувдан хабар топган эри ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, уйни аввал қулфлаган, Мустаҳкамни уришиб, калтаклагач, унга итнинг ахлатини топиб келишни буюрган, тополмагач, ҳожатхонадан ахлат келтиришини сўраган.
Эри унга "ё кучукни ахлатини едираман, ё ҳожатхонадан олиб, юзингга суриб, ҳаммага шарманда қиламан", - деб айтган.
Мустаҳкамнинг сўзларидан аён бўлишича, имконли бўлмагач, алал-оқибат эри "мусорнинг ичидан уч кунлик памперсни топиб, ичини ёриб, горшокка солиб, мажбуран, зўравонлик билан едирган".
"Емайман, деб кўп йиғлагани, ҳатто, тўрт ёшли ўғлининг ҳам дадасига бундай қилмаслигини сўраб, йиғлаб, ёлворганига қарамай" барибир едирган, "ейсан, кейин чиқиб кетасан", деган.
"Графинлар билан бошининг орқасига уравериб, ейишга мажбурлаган".
"Уриб, уриб едирди. Ҳатто қусганимни ҳам едирди".
"Ҳаммасини едириб, олдимга бир графин сувни қўйди, шу билан орқасидан ювиб юборишни сўради".
"Ҳазм бўлишини кутиб, олдимда икки соат ўтирди, кейин эшикларни очиб чиқиб кетди", - дейди у жонли суҳбат жараёнида кўзида ёш билан.
Аҳволи ёмонлаша бошлаган Мустаҳкам, такси чақириб, бир амаллаб яқин қариндошининг уйига етиб олади ва ҳушдан кетади.
Яқинлари чақирган "Тез ёрдам" машинасидагилар жадаллик билан шу ернинг ўзида лозим муолажаларни кўрсатишга мажбур бўлишган, жонини асраб қолишган ва юз берган воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот ходимларига хабар беришган.
Суд экспертизасидан ўтмоқчи бўлиб турганида эса, қайнота ва қайнсинглиси келишган, кечирим сўрашган, эрининг қилган ишидан фақат ўша пайтда хабар топишган, аммо қайтиб такрорланмаслиги ваъдаси билан ортга олиб қайтишган, экспертизадан ҳам воз кечган.
Аммо уйга келиши билан эри яна урган. Қайнотаси ажратмоқчи бўлганида, "мени милицияга топшириш, экспертизадан ўтишга бунинг нима ҳаққи бор, қўлидан ҳеч нарса кела олмадими, ҳеч ким ҳеч нарса қила олмадими", деб яна урган.
Бундан аввал илк бор дори ичиб, жонига қасд қилганида ҳам, шифокорлар ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишган, аммо, маълум бўлишича, Мустаҳкам ўшанда ҳам ўз аризасини қайтариб олган, боришга жойи бўлмаган.
Шу вақт давомида тўхтовсиз калтаклар сабаб, онасиникига ҳам кўп бор қочиб борган, онаси ҳатто бошқа қариндошлариникига ҳам қочирган. Аммо эри ортидан ҳар гал етиб борган, ўша ерда ҳам урган.
Мустаҳкамнинг айтишича, уни ҳимоя қиламан деб, онаси ўзини унинг устига ташлаган ҳоллар ҳам бўлган. Навбатдаги калтаклашдан икки кун ўтиб, 38 ёшда экан, онаси ҳаётдан кўз юмган.
Отаси ёки бошқа эркак қариндошлари шу пайтгача ўртага тушишмаган, фақат яқинда телефон қилишган, аммо шунда ҳам, "эринг билан ярашгин", дейишган.
Нажот

Сурат манбаси, Getty Images
"Намоз ўқиганимда, Аллоҳдан ҳар гал олиб чиқиб кетиши учун уйимга бир кишини юбориши"ни сўрардим, дейди Мустаҳкам.
"Аллоҳ менинг шу ноламни эшитди ва бир киши эмас, ҳатто икки машина одам мени олиб чиқиб кетишди", - дея сўзларида давом этади у.
Аммо, Мустаҳкамнинг айтишича, эри узр сўраса ҳам, энди у билан "яшаш нияти йўқ". Унинг "узрларига ортиқ ишонмайди".
"Иккита боламни ҳурмат қилиб, қайнотамни ҳурмат қилиб, мен шунча пайтгача яшаб келганман. Ўзимни ўйламаганман. Ўзим отасиз катта бўлганман, борадиган жойим йўқ, ҳаёт энди шунақа, деб чидаб келганман", - дейди у.
"Менинг айбим ҳеч кимим йўқлиги эди", - дейди у.
Эри, "қулсан, етимсан, ҳеч кимга керак эмассан, деб, бошқаларнинг олдида юзига доимо тупуриб келган", "фақат хўрлаган", ҳатто "у билан яшаш нияти йўқлиги, барибир ажрашишини айтиб, ҳомиласини тушириш мақсадида ҳомиладорлик пайтида" ҳам урган.
Орада уч бор ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилган, ҳар гал докторлар ҳаётини сақлаб қолишган муваффақ бўлишган.
"Келажакка ишончим бор. Чунки болаларим бор. Болаларим учун ҳам кучли бўлишим керак. Эртага ана шу болаларимга ҳам ота ва ҳам она бўлишим учун ўзимни қўлга олиб, оёққа туриб кетаман", - дейди Мустаҳкам.
Унинг жонли суҳбат жараёнида қилган айни мазмундаги даъволарига эри ва қолган яқинларининг муносабати ҳозирча имконли эмас.
Мустаҳкам Тиббиёт коллежида ўқиган, ҳамшира, тўртта тилни билади.
Ҳозир у ва фарзандларига малакали психологлар ёрдам кўрсатишмоқда.
Бундан ташқари, уларга моддий ёрдам ҳам берилгани қайд этилган.
Мустаҳкамнинг эрига нисбатан эса, жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистондаги маиший зўравонлик қурбонларига айланаётган аёлларга хитобан эса, "Энг аввало ҳамма ўзини севиши керак экан. Акс ҳолда бошқалар сизни севмас экан. Менга ўхшаган бошқа аёллар ҳам ўзларини хор қилиб қўйишмасин", дейди Мустаҳкам.
Блогернинг Мустаҳкам билан жонли суҳбати ўтган бир кеча-кундузда юз минг маротабадан ортиқ кўрилган.
Суҳбат минглаб коментларга сабаб бўлган ва минглаб маротаба ёқтирилган.
Ўзбекистон аҳолиснинг ярмига яқинини хотин-қизлар ташкил қилади.
Маиший зўравонлик ҳоллари ҳали-ҳануз улар тўқнаш келиб турган энг долзарб муаммолардан бири бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















