Россия: Путин Беларусга куч киритиши мумкин - Belarus, Lukashenko, Putin, Rossiya

Сурат манбаси, official
Россия: Путин Беларусга куч юбориши мумкин - Беларусда ҳануз намойишлар тинмаган. Мамлакатнинг иккинчи Украинага айланишига оид қўрқувлар бор.
Россия президентининг айтишича, бунинг учун махсус полиция заҳира кучларини шакллантирган.
Путинга кўра, бу куч лозим бўлган тақдирда, Беларусга ташланади.
"Аммо бунинг учун вазият ҳалича пишиб етилмаган".
Россия раҳбарининг айтишича, бу - ўзларининг ташаббуслари бўлмаган.
Бу ҳақда Беларуснинг ҳали-ҳануз амалдаги президенти Александр Лукашенко сўраган.

Сурат манбаси, Reuters
Беларусь 9 август кунги зиддиятли президент сайлови ортидан, намойишлар ичида қолган.
Сайловда яна кўпчилик овоз билан Лукашенконинг ғолиб чиққани эълон қилинган.
Беларусь мухолифати бунга ишонмаган, тан олмаган, оммавий намойишлар бошланиб кетган.
Аксарият намойишлар Лукашенконинг кетишини талаб қилишмоқда.
Мавжуд вазиятда Ғарб Россиянинг, Россия Ғарбнинг Беларусдаги воқеаларга аралашувидан хавотирга тушиб қолган.
Беларуснинг иккинчи Украинага айланишига оид хавотирлар пайдо бўлган.
Путиннинг айтишича, токи вазият издан чиқмагунча, Беларусга ўз кучларини киритмайди.
Россия раҳбарига кўра, бу ҳақда Лукашенко билан келишиб олишган.
Беларусь мухолифатининг Мувофиқлаштириш кенгаши бу ғояга кескин қарши чиққан.
"Беларусда фойдаланиш учун Россия ёки бошқа бирор бир давлат ҳудудида қуролли гуруҳ тузиш мумкин эмас"лигини айтган.
Кенгаш баёнотида айтилишича, "бу халқаро ҳуқуқ ва беларусь жамиятининг якдил, қатъий мавқеига зид"дир.
Нато Бош котиби Йенс Столтенберг пайшанба куни Россия ва дунёнинг қолган барча давлатларига мурожаат билан чиққан.
Уларни Беларусь ишларига аралашмасликка чақирган.
Кремль эса, аввалроқ Ғарбни худди шундай қилишга уринаётганликда айблаб чиққанди.
Россия президенти Беларусга ташланиши мумкин бўлган кучлар қай бир кучишлатар тизимлариники эканини очиқламаган.
Беларусь яна Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномасига аъзо давлат бўлади.
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти жиддий низолар ичида қолган аъзо давлатга тинчликни сақлаш кучларини юбориш ҳуқуқига эга саналади.

Сурат манбаси, EPA
Кеча, 27 август куни Беларусда яна намойишлар кузатилган.
Пойтахт Минскдаги Мустақиллик майдонига чиққан одамлар ОМОН томонидан қувиб солинган.
Милиция чет элликлари илова бир гуруҳ журналистларни ҳибсга олган.
Буни ҳужжатларни текшириш зарурати билан изоҳлаган.
Мустақиллик майдонига элтувчи барча ерости йўллари темир тўсиқлар билан ёпилган.
У ерларда тўпланган одамларга овоз кучайтиргичлар орқали қонунни бузаётганликлари айтилган.
Ислом Каримов, Андижон

Сурат манбаси, Getty Images
Лукашенко Беларусдаги сўнгги президент сайлови арафасида Ислом Каримов, Андижон билан огоҳлантирган.
Буни ўзлари бошларидан кечирмаганликлари, шу боис ҳам, айримлар тушунишни истамаётгани, шундай экан, эслатиб қўйишларини айтган.
Аммо ўшанда айнан ким ёки кимларни назарда тутаётгани ноаён қолганди.
2005 йил 13 май кунги Андижон қирғини мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг қонли воқеа бўлади. Бу йил унинг юз берганига роппа-роса 15 йил тўлган.
Хунрезлик камида 500 кишининг умрига зомин бўлгани ишонилади. Аммо ўшанда Андижонда айнан нималар юз бергани ҳануз номаълум.
Каримов даври Ўзбекистони халқаро ҳамжамиятнинг Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш талабини изчил равишда рад этиб келган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















