Коронавирус: Кислород концентраторлари ҚҚСдан озод қилинмаган - Адлия вазирлиги

Сурат манбаси, Screenshot/uznews.uz
Ўзбекистон Адлия вазирлиги хориждан кислород концентраторларини олиб кириш бўйича мавжуд тартибга аниқлик киритди.
Вазирликнинг Телеграмдаги "Ҳуқуқий ахборот" каналида билдиришича, ҳукумат қарори билан COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган тиббий буюмлар ва тиббий техникалар рўйхати тасдиқланган.
Рўйхатдаги 84 турдаги тиббий буюмлар ва тиббий техникалар, шу жумладан кислород концентраторлар, пульс оксиметрларини 2020 йил 1 октябрга қадар четдан олиб кирилганда ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилганда давлат рўйхатидан ўтказилмасдан ва мажбурий сертификатлаштирилмасдан божхона расмийлаштирувини амалга ошириш (импорт қилинганда) ва сотиш мумкин.
Кислород концентраторларининг қўшилган қиймат солиғидан озод қилинганига оид хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди", дейилади расмий хабарда.
Аввалроқ Президент топшириғига асосан қабул қилинган ҳукумат қарори билан коронавирус инфекцияси кенг тарқалишига қарши курашишда мамлакатда дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар тақчиллигининг олдини олиш мақсадида COVID-19 инфекциясига чалинган беморларни даволашда қўлланиладиган тиббий буюмлар, тиббий техникалар, жумладан, кислород концентраторлари олиб кирилганда Қўшимча Қиймат Солиғидан озод қилиниши ҳақида хабарлар тарқалганди.
Коронавирус: Covid-19 энг ёмони, аммо чегаралар очилиши керак - Ўзбекистон дунё видео
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Энг зарур тиббий жиҳоз
Мамлакатда коронавирус ва зотилжам ҳолатларининг кескин кўпайиб кетиши ортидан кислород концентраторларига талаб ортгани кузатилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда фаоллар кислород концентраторлари етказиб бериш бўйича шошилинч ёрдам гуруҳларини тузишган.
Улар пойтахтдаги айрим кислород қуйиш шаҳобчалари ишламаётганидан шикоят қилишмоқда.
"ТошГРЭС, эски Тоштурма (Наманган кўчаси), Учтепа тумани ҳокимияти яқинида ва Қозиробод масжиди яқинида жойлашган кислород тўлдириш шоҳобчалари ишламаяпти.

Сурат манбаси, Screenshot
Уйида бемори бор, нафас ололмай қийналиб ётган, касалхонага жойлаштира олмаётган одамлар нима қилсин? Ўзи амаллаб бирон жойдан сўнгги умид - кислород балон топган одам энди ўз пулига кислородга тўлдира олмай ҳалак. Ким бунга жавоб беради? Вақтида кислород етказиб берилмаган беморлар вафот этяпти. Ким буни ўз зиммасига олади?
Ҳурматли масъуллар, ҳеч бўлмаса шу муаммони ҳал қилиб - Тошкентдаги барча кислород қуйиш станцияларини туну кун ишлайдиган қилиб беринглар. Шу халққа оз бўлса ҳам фойдангиз тегсин, илтимос", деб ёзган блогер Мусанниф Адҳам сешанба куни ўзининг Фэйсбук саҳифасида.
Қўлда сотилмоқда
Тошкентда коронавирус билан касалланган беморлар учун кислородли концентраторлар қўлда сотилаётгани ҳақида хабарлар олинган.
Уларнинг нархи 300 доллардан 600 долларгача экани айтилади.
"Namanganliklar.uz" каналининг хабар беришича, айримлар нархи 400 минг сўм атрофида бўлган қўлбола аппаратларни таклиф қилишмоқда.
Қимматбаҳо концентраторлар
Ўтган ҳафта Бухоро вилояти ҳокимлиги кислород жиҳозларини гўёки 5 баробар қиммат сотиб олгани ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлган.
Gazeta.uz нашри давлат харидлари сайтидаги маълумотларга таяниб ҳокимлик соғлиқни сақлаш бошқармаси 50 та концентраторни тўғридан-тўғри бюджет харидлари доирасида сотиб олганлигини аниқлаган.
Ижтимоий тармоқдагилар давлат буюртмаси қоғозбозлик ва бозор нархларидан анча қиммат юришини айтиб бу ишларни хусусий ширкатларга топшириш кераклигини билдиришган.
Бироқ Хитойдан катта миқдорда кислород жиҳозларини олиб келмоқчи бўлган тадбиркорлар бюрократик тўсиқлар ҳамон ечилмаганидан шикоят қилишмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













