Мирзиёев табриклади, Путин қудратда қолса, нима бўлади? O'zbekiston, Россия

prezidentlar

Сурат манбаси, official

Мирзиёев табриклади, Путин қудратда қолса, нима бўлади? - Референдум Россия президентининг 2036 йилгача қудратда қолишига йўл очди. Сўнгги ўзгаришларни назарда тутаркан, айрим таҳлилчиларга кўра, Россия ички ва ташқи сиёсатда янада агрессив давлатга айланиши мумкин.

Ўзбекистон президенти конституцион тузатишларга оид Россияда кечган сўнгги референдумни бефарқ қолдирмади.

Аввалига Владимир Путинга расман омад тилади, кейин унинг муваффақиятли кечгани билан табриклади. Қўнғироқ қилди.

Расмий хабарларга кўра, томонлар Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасида қатъий эканликларини яна бир бор тасдиқлашган.

Референдум арафасида эса, Владимир Путин яна бир бор Россия президентлиги учун беллашиш эҳтимолини назардан соқит этмади.

"Агар, бу Конституцияда ўз ифодасини топса, бу - беллашиш учун бир имконият" эканини айтди.

Владимир Путин ҳозир шундоқ ҳам Россия тарихидаги энг узоқ қудратда қолаётган, бўлган иккита сиёсатчидан биттаси бўлади.

Расмий Кремлнинг минтақани кўзда тутувчи, таҳлилчилар таъбирида, янги Ўзбекистонни ҳам кўз остига олувчи йирик геосиёсий лойиҳаларининг эса, айнан президент Путин бошқарувининг сўнгги йилларида янада кучайиб, жадаллашиб бораётгани кузатилади.

Путиннинг бу каби "империалистик амбициялари" геосиёсий рақибларини ҳушёр торттириб, жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келаётган муҳим воқеъликлардан бири экани кўрилади.

Шу йил аввалида АҚШ Давлат котиби, ҳатто, Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлигини яна бир бор қўллаб-қувватлаш кун тартиби билан мамлакатга сафар қилган.

Бу каби расмий кун тартиби ҳам ўшанда аксарият минтақавий сиёсий экспертларнинг диққат-эътиборларини ўзига тортмай қўймаганди.

Россия, Путин, Ўзбекистон

Migrantlar

Сурат манбаси, Getty Images

Россия дунёнинг энг кўп сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.

Уларнинг сони расмию норасмий рақамларда миллионларга нисбат берилади.

Россия, бундан ташқари, Ўзбекистоннинг энг йирик ҳарбий-техник ҳамкори бўлади.

Минтақадаги иккита энг катта савдо-иқтисодий шеригидан биттаси саналади.

Сўнгги йилларда Марказий Осийода ўзининг геосиёсий манфаатларини парваришлаш, минтақада ўз таъсирини янада кучайтириш ҳаракатидаги глобал қудратлардан биттаси ҳисобланади.

Референдум орқали маъқулланган конституцион тузатишлар эса, Путиннинг камида 16 йил қудратда қолишига йўл очади.

Сўнгги ўзгаришларни назарда тутаркан, айрим таҳлилчилар Россиянинг ички ва ташқи сиёсатда борган сари янада агрессив давлатга айланиши эҳтимолини юқори баҳолашади.

Уларга кўра, Россия ҳали-ҳануз минтақадаги биринчи геосиёсий ўйинчи, иштирокчи бўлади.

Ўзаро муносабатларда анчагина эҳтиёткорлик тақозо қиладиган ҳамкор ҳисобланади.

Худди шу боис ҳам, Марказий Осиё геосиёсатида айнан Россия билан мулоқот қилиш - геосиёсий, сиёсий ва иқтисодий нуқтаи назардан ўта муҳим саналади.

Ўзбекистондаги сўнгги қудрат алмашинувини эса, Россия бўладими, АҚШ ёки Хитой - барча геосиёсий қудратлар бирдек қулай фурсат, деб билишаётганини айтишади.

Россия ва Хитой билан геосиёсий рақобат фонида Ғарбнинг Марказий Осиёга тўлақонли таъсир қилиш ёки муқобил бир лойиҳалар таклиф қилиш имконияти мавжуд эмаслигини таъкидлашади.

Улар ўзларининг бу каби хулосаларини томонларнинг жўғрофий жойлашуви, Марказий Осиё қанчалик Россиянинг ахборот ҳудуди жойлашгани, айниқса, Ўзбекистоннинг йилдан йилга ўсиб бораётган меҳнат ресурслари муаммоси ўзининг ечимини Россиядан топаётгани, расмий Москванинг геосиёсий, ҳарбий-стратегик ва бошқа таъсирлари нечоғлиқ қудратли бўлиб келгани омиллари билан изоҳлашади.

Худди шу манзарада Ўзбекистон айнан янги президенти бошқаруви билан кечган саноқли йилларнинг ўзида Россия билан улкан геоиқтисодий лойиҳа - Марказий Осиёда биринчиси бўлиши кутилаётган атом электр станциясини ҳамкорликда қуриш борасида келишиб олган.

Олий Мажлис Сенати эса, худди шу вақт оралиғида Ўзбекистоннинг Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқида кузатувчи бўлишини расман маъқуллаб бўлган.

Расмий Москва ва янги Ўзбекистон

Prezidentlar

Сурат манбаси, Getty Images

Россиялик таҳлилчиларга кўра эса, Ўзбекистон ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи учун муҳим давлат бўлади.

Чунки Ўзбекистон ва бу иттифоққа аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси ҳатто Хитой билан бўлганини ортда қолдиради.

Устига устак, Ўзбекистон яна Афғонистон илова қолган барча Марказий Осиё давлатлари билан бевосита чегарадош мамлакат бўлади.

Бундан ташқари, аҳолиси минтақада энг катта сондаги (қарийб 34 миллион - таҳр.) давлат саналади.

Янги Ўзбекистоннинг минтақавий қўшнилари ва Россия билан ўзаро алоқалари эса, Ислом Каримов давридагидан кўра тубдан фарқ қилади.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига асосланган давлати бўлади.

Аҳолисининг аксарият қисми айнан қишлоқ ҳудудларида яшайди.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг аҳволи, йилларки, кескин танқидларга тутиб келинаётган соҳалардан бири бўлади.

Айнан қишлоқ ҳудудлари Ўзбекистоннинг ишсизлик ва камбағаллик энг чуқур илдиз отган ҳудудлари саналади.

Ўзбекистон мустақиллиги билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида бу ердаги аксариятнинг тирикчилиги ташқи меҳнат миграцияси орқасидан ўтади.

Уларнинг энг катта - миллионлаб сондагиси айнан Россиянинг ҳисобига тўғри келади.

Устига устак, бу меҳнат муҳожирлари, йилларки, ортга юбориб келаётган миллиардлаб доллар маблағлар Ўзбекистон ҳукумати учун муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон хорижий валюта тушумининг салмоқли қисмини ташкил этади, мамлакат иқтисодини тутиб, юритиб ва ижтимоий хавфсизлик камари вазифасини бажариб келаётган муҳим молиявий манбалардан бири сифатида ҳақли равишда эътироф этилади.

Аксарият минтақавий сиёсий таҳлилчилар наздида, худди ана шу омил ҳам Ўзбекистонни ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига киришга ундаши мумкин бўлган энг муҳимларидан бири бўлиши мумкин.

Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов бу каби иқтисодий интеграциялар бир мамлакат сиёсий мустақиллигига таҳдид эканини айтиб, ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолик масаласини қатъий назардан соқит этган.

Россия бўладими, АҚШ ёки Хитой, дунёнинг глобал қудратлари билан беқарор ташқи сиёсат юритиб келган.

Аксарият минтақавий сиёсий таҳлилчилар эса, айнан мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлигини назарда тутиб, Ўзбекистоннинг минтақадаги ўзаро геосиёсий рақобатда бўлган глобал қудратлар барчаси билан мувозанатли ташқи сиёсат олиб боришининг муҳимлигини урғулашади.

Шавкат Мирзиёев ҳали муваққат президент экан, ташқи сиёсатда президент Ислом Каримовнинг концепциясига содиқ қолишлари, Россия бўладими, АҚШ ёки Хитой - улар ҳаммаси билан ўзаро манфаатлари сиёсат олиб боришларини расман ва ошкора қилган.

Таҳлилчилар бирдек эътирофича, бу каби лойиҳалар улкан геосиёсий аҳамият ҳам касб этади, бир давлатнинг бошқасининг сиёсий орбитасига тушиб қолиши эҳтимолини кучайтиради.

Алоқадор мавзулар:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek