Ўзбекистон: Мирзиёев Андижондаги қийноқларда ИИВ раҳбариятини айблади - O'zbekiston

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Official

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган ой Андижонда бегуноҳ фуқаронинг ўлимига сабаб бўлган қийноқ ҳодисаси учун масъулиятни Ички ишлар вазирлиги тизимига юклаган.

У ИИВ раҳбарларини ўз айбини тан олиб жамоатчилик қаршисига чиқмагани учун танқид қилган.

Президентнинг сўзлари сешанба куни одил судловни таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор чоғида янграган.

"Нима учун тезкор-қидирув ва терговни назорат қилувчи прокурорлар, ички ишлар раҳбарлари бунга биз айбдормиз, деб чиқиб айтмайди. Ўша ходимларнинг билимини оширмадик, қонун билан ишлаш, одамлар билан муомала қилишга ўргатмадик, деб нима учун халқдан кечирим сўрамайсизлар? Бу каби нохуш ҳолатлар такрорланмаслиги учун қайси тизим ёки ҳудудий идора раҳбари аниқ режа ёки дастур ишлаб чиқди?Минг афсус билан айтиш керак, сизлардаги лоқайдлик ва билимсизлик ислоҳотларимизни обрўсизлантирмоқда", дея Мирзиёев сўзларидан иқтибос келтирди Кун.уз нашри.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, kun.uz

Сурат тагсўзи, Мирзиёевнинг баҳоси собиқ Ички ишлар вазири ва жорий вазирнинг маслаҳатчиси Зокиржон Алматовнинг мавқейидан кескин фарқ қилади.

Президент шу йил январида Қашқадарё вилоятиниенг Чироқчи туманида юз берган қийноқ ҳодисасини ҳам тилга олган.

Ҳодисада мол ўғирлашда гумон қилинган 32 ёшли эркак ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши оқибатида вафот этганди.

ИИБ жиноятни яшириш мақсадида гувоҳларга босим ўтказгани ўртага чиққан.

Кейинроқ жиноят иши очилиб, икки нафар ИИБ ходими қамоққа олингани айтилган.

Алматов ва Саидовдан фарқли

Президентнинг Андижондаги қийноқ ҳодисасига берга баҳоси собиқ Ички ишлар вазири ва жорий вазирнинг маслаҳатчиси Зокиржон Алматовнинг мавқейидан кескин фарқ қилади.

Алматов кун.уз нашрига беран интервьюсида "қийноқ" иборасини тилга олмаган ва ҳодиса учун ИИВ тизими эмас, балки алоҳида ходимлар масъул эканини таъкидлаганди.

"Афсус билан айтаман, бизнинг ходимлар орасида ҳам ўзини тута олмайдиган, ўз лавозимини ўйлайдиганлар учраб туради. Яқинда Андижонда бўлган воқеани надомат билан гапираман... Бир йигит ички ишлар органлари ходимлари ҳаракатининг қурбони бўлди. Бу худбин, ички ишлар ходимларининг номига доғ туширган одамлар кеча-ю кундуз ишлаётган бошқа ходимларнинг обрўсига путур етказди. Улар милицияга хоинлик қилди". деб айтган собиқ вазир.

Gazeta.uz

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи, Вазир Пўлат Бобожонов ҳодисага шахсан муносабат билдирмаган

Алматовнинг сўзларига кўра, "бундай ҳодимлар аввал ҳам жазоланган, бундан кейин ҳам жазоланади".

Унинг айтишича, Ички ишлар вазирлиги "тизимни бундайлардан тозалаш учун қўлидан келганини қилмоқда".

Президент Мирзиёев қийноқ қурбонларининг яқинлари ходимлардан эмас, балки, давлатдан норози бўлишини айтган, аммо уларга товон тўланиши борасида ҳеч нарса демаган.

Аввалроқ Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова бундан буён қийноқ қурбонларига товон тўланишини айтган эди.

На Бош прокуратура ва на ИИВ раҳбарлари Андижондаги қийноқ ҳодисаси юзасидан шахсан изоҳ бермаган.

Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази раҳбари Акмал Саидов қурбоннинг яқинлари "блогерлардан шикоят қилгани" ни айтгани учун ижтимоий тармоқларда танқид қилинган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - Омбудсман идораси қийноқларни қоралаб чиққан ва Акмал Саидовни ҳодисага тезкор муносабат билдирмагани ва блогерлар ҳақидаги сўзлари учун танқид қилган.

11 июнь куни Андижон шаҳар, "Салоҳият" кўчасида яшовчи фуқаро А.Абдукаримов Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам Андижон филиалида оғир тан жароҳатларидан вафот этган.

13 июнь куни унинг Андижон ИИБдаги қийноқлар ортидан вафот этгани ўртага чиққан.

Ички ишлар вазирлиги Андижон шаҳар ИИБ сининг 3 нафар ходими ҳибсга олингани, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek