Ўзбекистон: 'Тошкент қассоби' деб таърифланган Зокиржон Алматов қийноқ қўллаган ходимларни хиёнатда айблади - O'zbekiston

Зокиржон Алматов

Сурат манбаси, Kun.uz

Ислом Каримов бошқаруви даврида Ўзбекистондаги қийноқлар учун масъул деб кўрилган собиқ Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов Андижонда фуқарони қийнаб ўлдирган ИИБ ходимларини "милицияга хоинлик"да айблади.

Кун.уз нашрига берган интервьюсида Алматов шу ой бошида Андижондаги ички ишлар идорасида юз берган ҳодиса "ички ишлар ходимларининг номига доғ туширгани"ни айтган.

Айни пайтда у "қийноқ" иборасини тилга олмаган ва ҳодиса учун ИИВ тизими эмас, балки алоҳида ходимлар масъул эканини таъкидлаган.

"Афсус билан айтаман, бизнинг ходимлар орасида ҳам ўзини тута олмайдиган, ўз лавозимини ўйлайдиганлар учраб туради. Яқинда Андижонда бўлган воқеани надомат билан гапираман... Бир йигит ички ишлар органлари ходимлари ҳаракатининг қурбони бўлди. Бу худбин, ички ишлар ходимларининг номига доғ туширган одамлар кеча-ю кундуз ишлаётган бошқа ходимларнинг обрўсига путур етказди. Улар милицияга хоинлик қилди". деб айтган собиқ вазир.

Алматовнинг сўзларига кўра, "бундай ҳодимлар аввал ҳам жазоланган, бундан кейин ҳам жазоланади".

Унинг айтишича, Ички ишлар вазирлиги "тизимни бундайлардан тозалаш учун қўлидан келганини қилмоқда".

"Биз ҳар икки йилда ходимларимизни шаҳодат тестидан ўтказамиз. Уларнинг руҳий ҳолатини аниқлаш учун тестлар қиламиз. Шундай бўлса-да, ўз манфаатини ўйлайдиган ходимлар ҳамон учраб турибди. Биз тизимни бундайлардан тозалаш учун қўлимиздан келганини қиляпмиз", деб айтган Зокиржон Алматов.

11 июнь куни Андижон шаҳар, Салоҳият кўчасида яшовчи фуқаро А.Абдукаримов Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам Андижон филиалида оғир тан жароҳатларидан вафот этган.

13 июнь куни унинг Андижон ИИБдаги қийноқлар лртидан вафот этгани ўртага чиққан.

Ички ишлар вазирлиги Андижон шаҳар ИИБ сининг 3 нафар ходими ҳибсга олингани, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.

Қийноқлар ва инсониятга қарши жиноят

Бу 1991-2006 йилларда Ички ишлар вазири бўлиб ишлаган 70 ёшли Зокиржон Алматовнинг Ўзбекистондаги қийноқ ҳодисасида ИИВ нинг ролини биринчи бор эътироф этиши.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари генерал Алматовни Ислом Каримов бошқаруви даврида мунтазам қийноқлар қўллашда айблашган.

2005 йил 12 декабрида Ҳьюман Райтс Уотч ва 8 нафар Ўзбекистон фуқаролари Германия Федерал прокурорига Зокиржон Алматовга нисбатан жиноий иш очишни сўраб мурожаат қилганлар.

Аризачилар собиқ вазирни қийноқ қўллаш ва инсониятга қарши жиноятларда айблашган.

Германия

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, Германия матбуоти Зокиржон Алматовни "Тошкент қассоби" деб атаган

Ҳьюман Райтс Уотч инсон ҳақлари ташкилоти Зокиржон Алматов бошқарган Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги Андижонда тинч намойишчиларнинг ўққа тутилиши ва мамлакатда йиллар давомида диндорлар ҳамда сиёсий мухолифларга нисбатан қўллаб келинган қийноқлар учун масъул эканини айтган.

Даъво аризасига Алматовнинг 2005 йил декабрида саратон хасталигидан даволаниш учун Германия ҳудудида бўлиб тургани асос бўлгани айтилган.

Ҳьюман Райтс Уотч даъво аризаси "қийноқ қурбонларининг конкрет гувоҳликлари"га таянганини айтган.

Аммо 2006 йил бошида Германия Федерал прокурори Алматовга нисбатан жиноят иши очиш сўровини рад этган.

Зокиржон Алматов ИИВга раҳбарлик қилган йилларда ўнлаб маҳбуслар, жумладан, сиёсий мухолифлар Ички ишлар вазирлиги ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларида қийноқлардан вафот этган.

Истеъфодаги генерал-полковник 2018 йил 27 февралида Ички ишлар тизимга қайтарилган, вазирнинг маслаҳатчиси этиб тайинланганди.

Шарҳловчилар Алматовнинг собиқ МХХнинг қудратли раҳбари Рустам Иноятов таъсирини чеклаш амқсадида ҳокимиятга қайтарилганини айтишган.

'Тошкент қассоби'

Кун.узга интервьюсида Зокиржон Алматов 2005 йил 13 майида Андижонда юз берган қонли воқеалар учун масъулиятни яна бир марта ўз зиммасига олган.

"Ҳа, мен ўшанда штаб бошлиғи бўлганман, қарорни мен қабул қилганман", деб айтган Алматов.

Аммо у ўз қўл остидаги ҳукумат кучларининг тинч намойишчиларни ўққа тутганини рад этган.

Унинг сўзларига кўра, отишмалар ўз-ўзидан бошланиб кетган.

Андижон

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳукумат Андижонда 187 киши ҳалок бўлганини айтиб келади

"Биз уларга чиқиб кетинглар, дедик. Адашмасам, милиция ва прокуратура ходимларидан 34 нафар ҳалок бўлганди. Тез ёрдам ходимлари отиб ташланган. Одамларни бўйнига сиртмоқ солиб олиб чиқиб кетишмоқчи бўлишди. Тинч аҳолига ўқ узилган дейишади, йўқ, 12 соат олдин уларнинг 600-700 нафар оила-аъзоларини Қирғизистонга чиқариб юборганмиз.

Булар келаётганда ҳарбий қисмдаги капитанни отиб қўйишган. Кейин оддий аскарлар нима қилади? Икки томон ўртасидаги отишма сабаб битта жойда 100 киши ўлган. Уларнинг ичида бизнинг ходимлар ҳам, террорчилар ҳам бўлган", деган Алматов.

У Андижонда ўлганлар сони 187 киши эканини таъкидлаган.

"Жами 187 киши ўлган. Аллоҳнинг олдида рост гапни гапираман, бу аниқ рақамлар", деб айтган Алматов.

Унинг сўзларига кўра, Андижондаги исёндан мақсад Ўзбекистонда фуқаролар урушини келтириб чиқариш бўлган.

"30дан ортиқ журналист Ўзбекистондаги воқеани ёритамиз деб Қирғизистон чегарасида пайдо бўлганди. Улар қаердан келиб қолди? Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистонда фуқаролик урушини уюштириш учун қилинган ишлар эди", деб айтган Алматов.

Ўтган йил мартида Алматов биринчи марта Андижондаги воқеалар учун масъуллигини эътироф этган эди.

Аммо у олдинги интервьюсида ҳам, сўнггисида ҳам ҳукумат кучларига ўт очиш ҳақидаги буйруқ ким томонидан берилганини айтмаган.

2005 йилнинг 14 май куни Тошкентдаги матбуот анжуманида президент Ислом Каримов "ҳеч ким отишга буйруқ бермагани"ни айтганди.

Зокиржон Алматов 2009 йил октябрига қадар Европа Иттифоқининг Андижон воқеаларидаги роли боис ЕИ ҳудудига кириши тақиқланган ўзбек мулозимлари рўйхатининг бошида бўлган.

Ғарб матбуоти Зокиржон Алматовни "Тошкент қассоби" деб таърифлаган.

Алматовнинг сўнгги баёноти унинг Андижон воқеалари борасидаги мавқеи ўзгаришсиз қолаётганини кўрсатади.

Шу йил февралида Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Андижонда ҳукумат кучлари намойишчиларга нисбатан номутаносиб куч ишлатганини тан олган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek