Ўзбекистон: Акмал Саидов ва Омбудсман Андижондаги қийноқ юзасидан тўқнашди - O'zbekiston

Ўзбекистон
Сурат тагсўзи, Акмал Саидов ўтмишда қийноқлар қўлланишини рад этиб келган
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича икки масъул идораси шу ой бошида Андижон ИИБсида бегуноҳ фуқаронинг ўлимига олиб келган қийноқ ҳодисаси юзасидан тўқнашган.

Акмал Саидов раҳбари бўлган Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - Омбудсман 11 июнь куни юз берган ҳодисага ким биринчи бўлиб муносабат билдиргани борасида тортишув келиб чиққан.

Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича бош музокарачиси бўлган Акмал Саидов пайшанба куни Халқаро пресс-клубдаги чиқишида Андижондаги қийноқ ҳодисаси ўзининг "шахсан назорати остида" эканини айтган.

"Бу иш Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан шахсан менинг назоратим остида. Бу ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали эшитишим билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Ички ишлар вазирига мурожаат қилдим. Бундан ташқари, марказ ходими Андижон вилоятига юборилди. Барча айбдорлар қонунга кўра жавобгарликка тортилади",- деб айтган Саидов.

У Омбудсман идорасини қийноқ ҳодисасига тезкор реакция қилмагани учун танқид қилган.

"Омбудсманнинг минтақавий вакилининг жавоби мени қалбимни хира қилди. Ходимим унга "сиз бу ердасиз, сиз вилоят вакилисиз" деганида, у "менга марҳум оила аъзоларидан ҳеч ким жавоб бермади", дебди. Бу қандай жавоб? Мен бу каби ҳолатларга реакция қилиш Омбудсманнинг биринчи даражали мажбурияти, деб ҳисоблайман", - деб айтган Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ раҳбари.

Ўз навбатида Омбудсман идораси 14 июнь куни ҳодисага муносабат ва марҳумнинг оила-аъзоларига ҳамдарлик билдиргани, бу вақтда "Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ жим" ўтирганини айтмоқда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Марҳум А.Абдукаримов ички ишлар органлари ходимлари томонидан етказилган тан жароҳати натижасида вафот этганлиги ҳақида интернет нашрларида хабар тарқагач, ушбу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ўрганилиб, алоҳида назоратга олинди ва 14 июнь куни Омбудсман томонидан муносабат ва марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдарлик билдирилди (www.ombudsman.uz). Қолаверса, Вакил томонидан ушбу салбий ҳолат юзасидан Gazeta.uz ҳамда Uzreport ва Ўзбекистон 24 журналистларига интервью берилди. Бу пайтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ жим эди (сайтларда берилган муносабатлар санасидан билиш мумкин)", дейилади Омбудсман хабарида.

'Блогерлардан ҳимоя қилинг'

Акмал Саидов ва Омбудсман Ўзбекистондаги блогерларнинг ушбу ҳодисани ёритиши юзасидан ҳам қарама-қарши мавқеъни эгаллаганлар.

Саидов блогерлар марҳумнинг оиласини "қийнаб юборгани"ни айтган.

"Ходимим Андижонга борди. Марҳумнинг оиласида бўлди. Оила аъзолари ундан нимани сўрашганини биласизми? «Бизни блогерлар қийнаб юборишди. Бизнинг қайғумиздан улар нима қилишмоқчи эканини биласизми? Нима қилишмоқчи эканликларини билмаймиз. Бизларни блогерлардан ҳимоя қилинг". Бу марҳум оила аъзоларининг сўзлари", - деган Саидов.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Official

Сурат тагсўзи, Омбудсман ҳодисага биринчи бўлиб муносабат билдирганини айтмоқда

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили эса, Саидовнинг баёнотига жавобида қийноқ ҳодисасини ёритгани учун "аввало, журналистлар, интернет нашрлари ва блогерларга миннатдор бўлиш керак"лигини айтган.

"Давлат раҳбарининг иродаси билан мамлакатимизда бугун сўз ва фикр эркинлиги қарор топди. Бу эса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги Ўзбекистоннинг энг катта ютуғидир", дейилади Омбудсман хабарида.

Омбудсман ўзининг минтақавий вакиллари жамоатчилик асосида, маош олмасдан ишлаши, ва ўз иш хоналарига эга эмаслигига ҳам эътибор қаратган.

"Бу ҳақда Вакил бир неча йиллардан буён парламент палаталарига мурожаат қилиб келади. Бундан ташқари Вакил котибияти ўз биносига эга эмас, балки Метрополитен биносида ижарада фаолият олиб боради", дейилади парламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили хабарида.

Омбудсман Андижондаги ҳодисада "ҳамма айбдорлигини айтган.

"Андижондаги воқеага ҳаммамиз айбдормиз! Ички ишлар ҳам, Омбудсман ҳам, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳам!"

Шу йилнинг 11 июнь куни Андижонда фуқаро А.Абдукаримов ИИБдаги қийноқдан сўнг вафот этган.

Ҳодиса ортидан уч нафар тезкор ходим ҳибсга олинган, ИИВ жаъмининг беш кишининг ишдан олингани, 19 нафар ходим жазоланганини айтган.

Уч нафар ички ишлар ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 206, 234 ва 235-моддалари билан айб эълон қилингани ва тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилади.

Ҳодиса ортидан ижтимоий тармоқларда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновни истеъфога чиқариш чақириқлари янграган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek