Тошкент ИИББ сохтакорлик билан қўлга тушди, қоидалар фақат оддий халқ учунми? Ўзбекистон O'zbekiston

Сурат манбаси, IIV
Оддий фуқароларни тиббий ниқоб тақмагани учун куч ишлатиб жарима солаётган ёки орган ходимлари талабларига бўйсунмади, деган айб билан 15 суткага қамаётган ички ишлар органи сохтакорлик билан қўлга тушди.
Ижтимоий тармоқдагилар Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси тиббий ниқоб тақмаган ички ишлар органи ходимлари суратларига махсус дастурда тиббий ниқоб улаб қўйилганини фош қилди.
Яшнобод тумани бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи подполковник Тохиржон Зупаров муҳтож оилаларга ёрдам тарқатаётгани тўғрисидаги хабарда Зупаровга махсус дастурда ниқоб тақилганини пайқаш мумкин эди.
Айниқса, подполковник Зупаровнинг ойнага тушиб турган акси, унинг юзида ниқоб йўқлиги ва ниқоб кейинчалик суратга ёпиштириб қўйилганини тасдиқлайди.

Сурат манбаси, IIV
Яшнобод туманининг айрим ҳудудлари коронавирус тарқалиши бўйича қизил ҳудудга киритилган бўлишига қарамасдан орган ходимларининг касаллик юқтиришда энг заиф қатлам бўлган қарияларнинг уйида тиббий ниқобсиз юриши ва бошқарманинг кўзбўямачилик қилиши эътирозларга сабаб бўлди.
«Карантин қоидаларига амал қилинишини назорат қилиши зарур бўлган, бевосита бунга жавобгар бўлган Яшнобод тумани ИИО ФМБ бошлиғи подполковник Тохиржон Зупаров ва унинг бир қанча ҳамкасблари карантин қоидаларини қўпол равишда бузиб, жамоат жойида ҳимоя ниқобисиз, фуқаролар билан ижтимоий масофа сақламаган ҳолда, бошқаларга касаллик юқтириш эҳтимоли билан ҳаракат қилмоқда», деб ёзади Олимжон Ҳайдаров.
Турли платформаларда 200 мингдан ортиқ ўқувчиси бор Troll.uz иқтисодни шундай фотошоп қилиш кераклигини киноя қилди.
«Оддий расм. Ойнадаги аксга эътибор бергунча... Ўзи, барча расмлардаги ниқоблар фотошопланган. Келинг зўр иқтисодиётни фотошоплайлик?», дейди у.

Сурат манбаси, President.uz
Олимжон Ҳайдаров Ички ишлар бошқармаси бошлиғи касаллик юқтириш эҳтимоли билан ҳаракат қилишдан ташқари кўзбўямачилик қилиб халқ ва раҳбариятни алдаганини ёзди.
"Бу камлик қилгандек, жамоатчиликни, бевосита ИИВ вазирини, Махсус комиссия раҳбари, Бош вазир А. Ариповни, Президентни, Халқни алдаб, махсус компьютер эффектлари (фотошоп) ёрдамида расмларни ўзгартириб, маска «тақиб», раҳбариятига жўнатишмоқда, ижтимоий тармоқларга жойлашмоқда. Қонунлар фақат оддий одамлар учунми?", дейди у.
Хабарни жойлаган ва кейинчалик ўчириб ташлаган Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати gazeta.uz сайтига расмлар махсус дастурда чизилганини тан олди.
«Олдин суратларни борича маскасиз ёки бироз юздан тушган ҳолда чоп қилардик. Салбий изоҳлар бўлди. Шу каби муносабатлардан қочиш учун афсуски, ниқоблар чизилган. Бу хато эди. Ходимлар билан суҳбат ўтказилди», деган матбуот хизмати.

Сурат манбаси, Farg'ona viloyati hokimligi
Ижтимоий тармоқдагиларнинг ёзишича, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бундан олдин ҳам тиббий ниқобларни чизиш билан шуғулланган.
Суратларда тиббий ниқоб махсус дастур орқали таҳрир қилиб қўйилганини пайқаш мумкин.
Олдинроқ Би-би-си Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ўқув машғулотидан олинган суратни «Жиҳодчилар» гуруҳини ушлаш дея талқин қилиб, сохта хабар тарқатганини ёзганди.
Ўзбекистонда коронавирус пандемияси сабаб жамоат жойларда тиббий ниқоб тақиш мажбурий қилиб қўйилган.
Ушбу талабга амал қилмаган оддий фуқароларга 250.000 сўмдан 1 миллион сўмгача жарималар ёзилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Нукус шаҳрида юзида тиббий ниқоби кўриниб турган киракашни ички ишлар ва Миллий гвардия ходими мажбурлаб олиб кетишга ҳаракат қилаётгани акс этган.

Сурат манбаси, Social media
Оддий одамларнинг аралашуви билан фуқарони ушлашнинг имкони бўлмаган.
YouTubeдаги Баҳодир Брат канали админига гапирган киракаш Мирзабекнинг айтишича, юзида тиббий ниқобни бўйнига тушириб йўлдан ўтаётганда унга жарима солишмоқчи бўлган.
Мирзабекнинг айтишича орган ходимлари унга куч ишлатишган вақти қўли чиқиб кетган. Ниқоб тақмагани учун Маъмурий жазони тўлаган Мирзабек айни дамда қўли тузалишини кутиб уйида ишсиз ўтирибди.
Мирзабекка ўхшаш киракаш, ишчи каби оддий фуқаролар тиббий ниқоб тақмагани учун куч ишлатилиб жаримага тортилаётган бир вақтда тиббий ниқоб тақмаётган орган ходимлари, амалдор ёки давлат хизматчисига жарима солингани ҳақида хабарлар чиққани йўқ.
Ижтимоий тармоқларда амалдорларнинг ниқоб тақмаганлигини тасдиқловчи кўплаб суратларга дуч келиш мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев шу вақтгача жамоатчиликка бирор марта тиббий ниқоб тақиб кўриниш бермаган.
Давлат раҳбарининг ҳар бир чиқишида унинг тиббий ниқоб тақмаганини кўриш мумкин.
Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев олдин ҳам ниқоб тақмаган ҳолда тушган сурати тарқалган эди.
Сўх воқеаларидан кейин қирғизистонлик ҳамкасблари билан учрашувда Ўзбекистоннинг бир йўла 3 юқори лавозимли масъули тиббий ниқобсиз ўтирган сурати тарқалди.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Бош вазир Абдулла Арипов ва ДХХ раҳбари Абдусалом Азизовлар ижтимоий масофа сақламаган ҳолда тор чодирда тиббий ниқоб тақмасдан учрашув ўтказган.
Ушбу мансабдорларнинг карантин талабларни бажармагани учун жаримага тортилгани ҳақида хабар берилмаган.
Махсус дастур орқали суратига ниқоб тақтирилган ички ишлар ходимлари ва мансабдорларининг ҳам жарима тўлаши ҳали аниқ эмас.
Troll.uz саҳифаси Ўзбекистондаги қоидалар фақат қора халқ учунми, дея савол бермоқда.
«ИИБ ходимлари ниқобсиз расмга тушганини тан олди ва бу ходимлар билан СУҲБАТ ЎТКАЗИЛДИ. Оддий халқ ниқоб тақмаса, қўли қайрилиб автобусга тиқилади ва жарима ёзилади. Бошқа давлатларда ҳатто президентлар штраф тўлаяпти, биздаги қоидалар эса фақат қора халқ учун» дейди Troll.uz.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохрух Ғиясов сўнгги ҳолат бўйича вазирлик муносабат билдиришини маълум қилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












