Янги сайт Ўзбекистон ва Россия қудратли шахсларининг муносабатларини фош этишини иддао қиляпти

Сурат манбаси, Screenshot from uzleaks.com
Интернетда пайдо бўлган uzleaks.com номли сайт Ўзбекистон ва Россиядаги қудратли шахслар ва идораларнинг муносабатлари ва жиноий ишларини фош қилишини иддао қилаяпти. Телеграмда очилган шу номли канал айни сайтдаги мақолаларни улашмоқда.
Рус тилидаги сайт ким томонидан юритилаётгани Би-би-сига маълум эмас ва у ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида очилмаётгани айтилади.
Сайтда қатор таниқли сиёсатчи ва тадбиркорлар, хусусан Давлат Хавфсизлик Хизмати (ДХХ)нинг собиқ раиси ва сенатор Рустам Иноятов, Россия президенти хавфсизлик хизмати раҳбари Алексей Рубежной, ДХХ тергов бошқармаси собиқ бошлиғи Олег Бусыгин, собиқ Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов, "Тухумчи" ва "Фаберже" лақабли тадбиркор Ойбек Миралиев, тадбиркор ва спорт ҳомийси Ғофур Раҳимов, миллиардер Алишер Усмонов, ҳамда Россия махсус хизматлари, Россия ва Ўзбекистонда жиноий авторитетлар дея иддао қилинган қатор шахсларнинг гўёки ўзаро муносабатлари ҳақида мақолалар чоп қилинмоқда.
Мақолаларда номи тилга олинган аксар шахслар айбловларга муносабат билдирмаганлар, аммо сайтда Ғофур Раҳимовнинг ҳуқуқий ҳимоячиси дея тақдим қилинган Қаҳрамон Ғуломовнинг хати чоп қилинган.
Хат муаллифи гўёки сайтдаги у ва Ғофур Раҳимов ҳақидаги мақолаларни буюртма эканликда айблайди, ҳамда ўзининг гўёки Жаслиқ турмасида қийноққа тутилгани ва 8 миллион доллари тортиб олинганини ёзади.
5 январда чоп қилинган мақолада қудратли шахслар Россиянинг юқори даражали жиноий авторитетларини Ўзбекистонга олиб киришга ва ҳукмронлик ўрнатишга ҳаракат қилаётганлари ҳам даъво қилинган.
Мақолага кўра, 1997 йилда собиқ Президент Ислом Каримов томонидан Россия жиноий гуруҳларининг Ўзбекистондаги назоратига чек қўйилганди.
Мақолада иддао қилинишича, Ўзбекистон президенти мазкур қудратли шахслар томонидан мамлакатни Евросиё Иттифоқига олиб кириш йўлида босимга олинмоқда.
Яна бир мақолада ёзилишича, Шавкат Мирзиёевнинг қудаси - Президент хавфсизлик хизмати раиси муовини Ботир Турсунов ва унинг ўғли - Тошкент Ички ишлар бошқармаси бошлиғи муовини Улуғбек Турсуновга қарши компромат материаллар йиғилмоқда.
Би-би-си мазкур мақолалар ва сайтнинг ҳаққонийлигини мустақил манбалардан тасдиқлаш имконига эга эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












