Ғофур Раҳимов ва аёли Ўзбекистонда қидирувга берилди

Mvd.uz

Сурат манбаси, Mvd.uz

Таниқли ишбилармон ва спорт ҳомийси сифатида билинган Ғофур Раҳимов ва аёли Лола Раҳимова Ўзбекистонда қидирувга берилган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмий вебсайтининг "Қидирувдагилар" бўлимида бу ҳақдаги эълоннинг жойлаштирилган санаси кўрсатилмаган.

Унда келтирилган Ўзбекистон Республикаси ЖК моддаларидан англашилишича, 67 ёшли Ғофур-Арслонбек Раҳимов таъмагирлик, жиноий йўл билан қўлга киритилган даромадларни легаллаштириш ва шунингдек, ҳужжатларни қалбакилаштиришда гумон қилинмоқда.

ИИВ сайтидаги маълумотларга кўра, Раҳимовнинг 50 яшар аёли Лола Раҳимова ҳам айни ҳаракатларда гумонланмоқда.

Аввалроқ Халқаро Олимпия Қўмитаси Ғофур Раҳимовнинг ҳаваскор боксни бошқарувчи Aiba ташкилотига муваққат президент этиб тайинланишидан хавотир билдирганди.

Шу йил январидаги тайинлов ортидан Британиянинг Гардиан газетаси Халқаро олимпия қўмитаси ўзбек ишбилармон Ғофур Раҳимовни уюшган жиноятга алоқадор деб ҳисоблашини ёзганди.

АҚШ Молия вазирлиги ўтган йил декабрида Ғофур Раҳимовни Ўзбекистоннинг "етакчи жиноятчиларидан бири" ва "героин савдосига аралашган муҳим шахс" дея тасвирлаган.

Гардианнинг ёзишича, АҚШ ҳукумати Ғофур Раҳимовни "Воры в законе" жиноий гуруҳига алоқадор деб билади.

АҚШ Молия вазирлигининг хорижий мулкни назорат қилиш бўйича идораси Раҳимовнинг Америка қонунчилиги остидаги мулкини музлатган ва америкаликлар учун у билан молиявий ва бошқа турдаги олди-берди олиб боришни ман қилган.

Aiba ичидаги манбанинг Гардианга айтишича, Ғофур Раҳимов ҳеч қачон ҳеч қандай жиноятда айбдор деб топилмаган ва туҳмат қурбонига айланган.

Раҳимовнинг АҚШ Молия вазирлиги қарорига қарши шикоят қилиш ниятида экани хабар қилинган.

mvd.uz

Сурат манбаси, Mvd.uz

Сурат тагсўзи, Ғофур Раҳимовнинг аёли Лола Раҳимова илк бор қидирувга берилмоқда.

Ғофур Раҳимов илк бор 2012 йилда АҚШ Молия вазирлигининг қора рўйхатига тушган.

Бунинг ортидан Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ғофур Раҳимовни вице-президент лавозимидан четлатган.

2013 йилда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Раҳимовни қидирувга берган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг тарк этгани айтилган Раҳимовнинг Россия фуқаролигини олгани хабар қилинган.

Ислом Каримов вафотидан кўп ўтмай, 2016 йил 15 сентябрида Ғофур Раҳимовнинг исми Интерполнинг Ўзбекистон бўлими қидирув рўйхатидан олиб қўйилган.

Aiba

Сурат манбаси, Aiba

Сурат тагсўзи, Ғофур Раҳимовнинг (чапда) AIBA муваққат президенти этиб тайинланиши зиддиятли, деб баҳоланган.

Бунинг ортидан пайдо бўлган Раҳимовнинг Ўзбекистонга қайтгани ҳақидаги хабарлар расмий тасдиғини топмаган.

Ўз вақтида Раҳимов марҳум президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг бизнес манфаатлари тўқнашгани айтилади.

Маълум бўлишича, Ғофур Раҳимовнинг аёли Лола Раҳимова Ўзбекистонда илк бор қидирувга берилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek