Дунё, янгиликлар: Президент президентнинг рафиқасини хафа қилса...

Сурат манбаси, Reuters
АҚШ президенти Доналд Трамп «мақсадга мувофиқ шарт-шароитлар»да Эрон президенти Ҳасан Руҳоний билан учрашишга тайёр эканини айтмоқда.
Ушбу баёнот Эрон ташқи ишлар вазири катта еттилик саммитига қисқа ва кутилмаган ташриф уюштириши ортидан чиқмоқда.
Ўтган йили Вашингтон Эроннинг ядровий фаолиятини чеклаш мақсадида 2015 йилда эришилган халқаро битимдан чиқиб кетгандан сўнг АҚШ ва Эрон муносабатлари жиддий совуқлашиб кетган.
Бироқ 26 август куни жаноб Трамп Эрон тўғрисида айрим илиқ фикрларни айтиб ўтган.
«Эрон икки ярим йил олдин мен президентликка келган пайтдаги ўша мамлакат эмас,» деган у Францияда ўтаётган G7 саммити давомида.
Президент Трампнинг фикрича, Эрон буюк давлатга айлана олади, аммо унинг ядро қуролига эга бўлиши мумкин эмас.
Президент президент рафиқаси устидан нега кулди?

Сурат манбаси, EPA
Бразилия президенти Жаир Болсонаруни Франция президенти Эммануэл Макроннинг 66 яшар рафиқасини калака қилганликда айблашмоқда.
Жаноб Болсонарунинг тарафдорларидан бири Фаcэбоокъда икки сурат қолдирган: бирида Болсонарунинг, иккинчисида эса Макроннинг рафиқаси.
Муаллиф сурат остида шундай изоҳ қолдиради: "Энди сиз нега Макрон Болсонаруни таъқиб қилишини тушунгандирсиз?"
Бу билан тарафдор икки президент рафиқаларининг ташқи кўринишидаги фарққа ишора қилган.
Президент Болсонарунинг расмий аккаунти эса бу суратларга шундай жавоб қайтаради: «Уни ҳақорат қилма, дўстим, ҳа-ҳа.»
Эммануэл Макроннинг ўзи мазкур изоҳдан жаҳли чиққанини яшириб ўтирмаган. У Бразилияда тез орада ўз мажбуриятларини бажаришга тайёр президентнинг ҳокимият тепасига келишидан умид қилишини билдирган.
Бразилия президентининг матбуот хизмати бу ҳолат юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.
Нетаняҳу: Исроил ҳар қандай зарурий чоралар билан ўзини ҳимоя қилади

Сурат манбаси, AFP
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Яқин Шарқ минтақаси бўйлаб давом этаётган ҳаво ҳужумларини қоралаб чиққан танқидчиларга жавоб қайтарди.
Исроил яқинда Сурия, Ироқ ва Ливан бўйлаб Эрон дастагини олган жангариларни ҳаводан нишонга тутганди.
Жаноб Нетаняҳунинг таъкидлашича, Эрон «террор ҳужумлари»ни урчитмоқда ва Исроил «ҳар қандай зарурий чоралар билан» ўзини муҳофаза қилади.
Эроннинг таъсир доирасини камайтириш учун Исроил 2011 йилдан буён Сурияда юзлаб ҳаво ҳужумларини амалга оширганига ишонилади.
Бразилия ўрмон ёнғинлари юзасидан G7 ёрдамини рад этди

Сурат манбаси, AFP
Душанба куни G7 саммитига мезбонлик қилаётган Франция президенти Эммануэл Макрон Амазон ўрмон ёнғинларига қарши курашиш учун қудратли давлатлар Бразилия ҳукуматига $22 миллионлик кўмак пули бериш қарорини олганини эълон қилган эди.
Бироқ Бразилия ҳукумати бу таклифни рад этган.
Бразилия расмийлари пулни олишдан воз кечиш сабабларини ошкор қилмаган. Бироқ мамлакат президенти Жаир Болсонару Францияни Бразилияга нисбатан ўз мустамлакасидек муносабатда бўлишда айблаб чиққан.
Бразилия мудофаа вазири эса Амазон ўрмонларидаги ёнғинлар назоратдан чиқиб кетмаганини таъкидлаган. Бразилия ёнғинларни ўчириш ва табиий инқироз оқибатларини бартараф этиш йўлида 44 минг аскарни сафарбар қилгани хабар қилинмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek












