Дунё, янгиликлар: Суриядаги уруш ниҳоясига етдими? Покистон Кашмирни халқаро судга олиб чиқмоқчи
Сурияда исёнчиларнинг сўнгги қароргоҳи қулади

Сурат манбаси, Getty Images
Сешанба куни исёнчи кучлар Идлиб вилоятидаги Хан-Шайхун шаҳрини ташлаб чиқишга мажбур бўлган.
У мамлакатдаги ҳукумат назорати остида бўлмаган сўнгги ҳудуднинг муҳим стратегик таянчи эди.
Шу тариқа ўтган беш йил давомида қуролли мухолифат қароргоҳи бўлиб келган Хан-Шайхун шаҳри Президент Башар Ассад кучлари қўлига ўтган.
Бунда Сурия армиясига Россия ҳаво ҳужумлари билан ёрдам берган.
Айримлар исёнчиларнинг чекинишини ҳукуматнинг урушда қўли баланд келгани аломати ўлароқ кўрмоқда.
Хан-Шайхун забт этилган бўлсада, Идлиб вилоятида ҳали 10 минглаб қуролли исломчилар ва радикал гуруҳ аъзолари қолаётганига ишонилади.
Бироқ Хитой, АҚШ ва Ироқ экспертлари мухолифат мағлубиятидан сўнг "Исломий Давлат" каби террорчи ташкилотлар қайта оёққа туриши эҳтимолидан огоҳлантирмоқда.
New York Times нашри ИШИД Сурия ва Ироқда қайта куч йиғаётгани ва унинг ҳарбий бюджети $400 миллионга қадар етиши мумкинлиги тўғрисида мақола эълон қилган.
Покистон Кашмир масаласини халқаро судга олиб чиқмоқчи

Сурат манбаси, Getty Images
Покистон Кашмир масаласи юзасидан Халқаро Адлия Судига арз қилишни кўзламоқда.
Расмий Исломобод Ҳиндистон Кашмирнинг ўз назорати остидаги қисмини автономия ҳуқуқидан маҳрум қилганидан ғазабга минган.
Бунинг ортидан Покистон Ҳиндистон билан савдо алоқаларини узган, транспорт йўлларини ёпиб қўйган ва ҳинд элчисини ҳайдаб чиқарган.
Ҳар икки давлат ўнлаб йиллар давомида Кашмир юзасидан тўлиқ назоратни қўлга олишга даъво қилиб келади.
Путинни сўккан журналист ишдан бўшатилди

Сурат манбаси, Rustavi 2
Жонли эфир вақти Россия Президенти Владимир Путинни сўккан Грузиянинг Рустави 2 телеканали журналисти Георгий Габуния янги раҳбарият қарори билан ишдан бўшатилди.
У билан бирга телеканалнинг қатор продюсерлари ва бошқа телебошловчилари ҳам ишдан кетказилган.
Янги бош директор Паата Салия ушбу ходимлар манфаатлар тўқнашуви оқибатида ишдан ҳайдалганини маълум қилган.
Унинг таъкидлашича, журналистлар, ҳатто, таътил пайтида ҳам телеканал манфаатларига зид баёнотлар билан чиққан.
Георгий Габуния июль ойида Президент Путинни жонли эфир пайти сўккани ортидан танилган эди.
NASA Юпитер йўлдошидаги уммонни ўрганмоқчи

Сурат манбаси, NASA
NASA олимлари Юпитер сайёрасининг табиий йўлдошларидан бири - Европадаги уммонни ўрганишга қаратилган миссия устида иш олиб бораётгани маълум бўлди.
Europe Clipper номи берилган миссия Европанинг муз билан қопланган сирти остидаги сувларни тадқиқ қилиши кутилмоқда.
Олимларнинг тахминига кўра, муз остида чуқурлиги 170 километрга қадар етувчи уммон жойлашган.
Ва бу сувларда ҳаёт пайдо бўлиши учун етарли шароит мавжуд бўлиши мумкин.
Europe Clipper миссияси 2025 йилда коинотга учирилиши режалаштирилмоқда.
Миссия ўзи билан камералар, магнит майдонини ўлчовчи спектрометрлар, муз қатлами қалинлигини аниқловчи радарлар каби илмий анжомларни коинотга олиб чиқади.
Олимлар Европа юзасидаги муз қатлами қалинлиги ўнлаб километрга бориши мумкинлигини ҳам айтади.
Трамп Гренландия можароси ортидан Данияга бормоқчи эмас

Сурат манбаси, Reuters
АҚШ президенти Доналд Трамп Дания Бош вазири Гренландиянинг сотилмаслигини таъкидлаши ортидан ушбу мамлакатга режалаштирилган давлат ташрифини бекор қилди.
Жаноб Трамп Дания қироличаси Маргрет II таклифи билан 2 сентябрь куни бу давлатга бориши кутилаётган эди.
- Ливандаги шаҳарчадан нега мусулмонлар ҳайдаб чиқарилмоқда?
- Исроил нега АҚШ муслима конгрессвуменларини ўз ҳудудига киритмади?
- Россия АҚШдан қандай қурол ўғирлаган ва Ҳиндистон мусулмон Кашмирни нима қилмоқчи?
- Масжид ҳужумчисига терроризм айби, Россия қандай қуролни синамоқда?
- ТВда ҳаммаси тинч, масжидда отишма ва Хитойдан узр сўралди
Ўтган ҳафта президент Трамп АҚШ Дания ҳудуди бўлмиш Гренландия оролини сотиб олишга қизиқиш билдираётганини маълум қилган эди.
Бироқ Дания Бош вазири Метте Фредериксен бу ғояни «бемаънилик» дея атаган ва жаноб Трампнинг сўзлари жиддий эмаслигидан умид қилаётганини айтган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














