Дунё, янгиликлар: Ливандаги шаҳарчадан нега мусулмонлар ҳайдаб чиқарилмоқда?

Ливан

Ливандаги шаҳарчада мусулмонларга уй олиш тақиқланди. Путин Москвадаги намойишлар юзасидан илк бор изоҳ берди. АҚШ қанотли ракетани синовдан ўтказди. АҚШ қанотли ракетани синовдан ўтказди. Чандраян-2 Ой атрофида айлана бошлади. Сурия ҳукумати Туркия конвойини ўққа тутди.

Ливандаги шаҳарчада мусулмонларга уй олиш тақиқланди

Ливаннинг Ҳадат шаҳарчасида яшовчи шиа оиласининг доимий яшаш учун рўйхатдан ўтиш бўйича аризаси рад этилгандан сўнг бу ердаги вазият матбуот томонидан тилга олина бошланган.

Пойтахт Бейрут яқинидаги асосан насронийлар истиқомат қилувчи ушбу шаҳарчада мусулмонларнинг кўчмас мулк сотиб олиш ёки уй ижарага олиш ҳуқуқи йиллардан буён тақиқ остида қолиб келмоқда.

Шаҳарча мери Жорж Аоун бундан мақсад ҳудуддаги насроний ўзлик яхлитлигини сақлаб қолиш эканини таъкидлайди.

Унинг фикрича, ҳудудда мусулмонлар яшаши шаҳарчанинг демографик ўзига хослигига путур етказади.

У насронийларга ўз уйларини мусулмонларга сотиш ёки ижарага беришни тақиқлаган.

Мусулмонлар Ҳадатга 1990 йиллар бошида кўчиб кела бошлаганлар. Улар, эндиликда, шаҳарчани ташлаб чиқишдан бошқа илож қолмаётганини айтмоқдалар.

Путин Москвадаги намойишлар юзасидан илк бор изоҳ берди

Putin

Сурат манбаси, MIKHAIL METZEL/TASS

Францияга ташриф буюрган Россия президенти Владимир Путин ўтган бир ой давомида Москвада кузатилган оммавий норозилик намойишлари борасида илк бор ўз фикрларини оммага билдирди.

«Бирор янги гап айтмайман: фуқаролар қонуний асосда тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқига эга, ҳукумат эса бу ҳуқуқни амалга татбиқ этишга мажбур. Бироқ ҳеч ким - на ҳукумат, на фуқароларнинг қандайдир гуруҳи - амалдаги қонунларни бузиш ва вазиятни бемаънилик даражасига олиб бориш ёки ҳукумат вакиллари билан тўқнашиш ҳуқуқига эга эмас. Бу қонуннинг поймол этилиши ва қонунни бузган ҳамма жавобгарликка тортилиши шарт,» таъкидлаган у.

Шунингдек, президент Путин Францияда бўлиб ўтган «сариқ нимчалар» намойишларини ҳам тилга олиб ўтиб, бундай воқеаларнинг Москвада ҳам юз беришига йўл қўйиб бўлмаслигини билдирган.

Аввалроқ, Кремль сўзчиси Дмитрий Песков «президент ҳар бир мавзу юзасидан ўз қарашини билдиришга мажбур эмас»лигини айтган эди.

АҚШ қанотли ракетани синовдан ўтказди

АҚШ

Сурат манбаси, AFP

Америкалик ҳарбийлар АҚШнинг Россия билан имзоланган Ўрта ва қисқа масофага учувчи ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартномадан чиққанидан сўнг биринчи бор қанотли ракетани синаб кўрган.

18 август куни Калифорниядаги Сан-Николас оролидан учирилган ракета 500 километрдан зиёд масофани босиб ўтгани хабар қилинмоқда.

1987 йилда АҚШ ва СССР раҳбарлари ўртасида имзоланган ушбу шартнома 500 дан 5,500 километрга қадар учувчи ракеталардан фойдаланишни тақиқлаган эди. АҚШ ва Россия шу йилнинг 2 август куни шартномадан чиққан.

Экспертлар икки қудратли давлат ўртасидаги қуролланиш пойгасини тизгинлаб турган шартноманинг ўз кучини йўқотиши ортидан яна Совуқ Уруш давридаги вазият юзага келиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Чандраян-2 Ой атрофида айлана бошлади

Чадраян

Сурат манбаси, AFP

Ҳиндистоннинг Чандраян-2 космик кемаси Ердан учгандан деярли бир ойдан сўнг табиий йўлдош атрофида айлана бошлади.

Ҳиндистон қиймати $145 миллионга тенг ушбу аппарат Ойнинг жанубий қутбига қўнишда пешқадамликни қўлга киритишидан умид қилмоқда.

Олимлар Чандраян-2 6 ёки 7 сентябрь куни Ой сиртига қўндирилишини айтмоқда.

Миссиянинг асосий вазифаси Ой юзасида сув ва бошқа минералларни излаш, зилзилаларни қайд этиш ва таҳлиллашдан иборат.

Сурия ҳукумати Туркия конвойини ўққа тутди

Сурия

Сурат манбаси, AFP/Getty

Сурия ҳукумати мамлакат шимолидаги исёнчилар назорати остида бўлган Идлибга кетаётган Туркия конвойини ҳаводан ўққа тутди.

Туркия мудофаа вазирлигининг иддаосига кўра, бунинг оқибатида уч нафар тинч фуқаро ҳалок бўлган.

Яна 12 инсон турли даражада жароҳат олган.

Идлиб Сурия ҳукумати назоратидан четда қолаётган кам ҳудудлардан бирилигича қолмоқда.

Туркиянинг Сурия шимолидаги айрим исёнчи кучларни дастаклаб келиши маълум.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek