Ўзбекистон - Россия ва миграция: "Уйланиб Россияга келгулик қилмасин"

Ўқилиш вақти: 2 дақ
Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

27 ёшли ўзбекистонлик муҳожир йигит Россияда ишлаш, муҳожирлик йигитларга руҳан таъсир қилаётганини айтади.

"Уйланишдан қочиб юрибман. Мени ҳеч ушлаша олишмаяпти. Мактабда ўқиб юрганимда уйланишга қизиқардим. Ўқишни битирсаму уйлансам, дердим...", - дейди исм-шарифи сир қолишини истаган бу суҳбатдош.

Унинг айтишича, оилада ёлғиз фарзанд. Онаси ва ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ.

"Онам доим "келиним бўлса, ҳеч бўлмаса, сен четдалигингда шу билан овунардим", дейдилар. Уйланиш муаммо эмас. Аммо ўйлаб иш қилиш керак-да", - дея ўз сўзларида давом этади у.

Суҳбатдошга кўра, ҳали ёш бўлса-да, кўп нарсани кўрган ва хулосаси ана шу "тажрибаси"га асосланган.

"Кўраяпман, чилласи чиқиб-чиқмай, йигитлар оиласини ташлаб Россияга келишаяпти. Қўрқаман. Уйланиб, Россияга келгулик қилмасин, дейман", - дейди у.

Ўзбекистонликлар ва миграция

Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар сабаб, Россия энг катта сондаги ўзбекистонликлар, йилларки, меҳнат муҳожирлиги учун юз тутаётган давлат бўлади.

Мамлакат минтақада энг катта сондаги (33 миллиондан ортиқ) аҳолига эга, ишсизлик ва ночорлик ҳали-ҳануз анчайин долзарб муаммолардан саналади.

Ойлик маошлари кам, нарх-наволар эса, йил сайин ошиб бормоқда.

Ўзбекистон ҳукумати, айниқса, сўнгги йилларда бу муаммоларни енгиллатиш ҳаракатида.

Аммо ҳукумат даражасида кўрилаётган бу чора-тадбирларнинг самараси амалда у қадар сезилаётгани йўқ, дейишади маҳаллий кузатувчилар.

Ҳатто расмий рақамлардан ҳам ҳали-ҳануз катта сондаги ўзбекистонликларнинг Россия, Жанубий Корея, Туркия ва дунёнинг яна қатор давлатларида меҳнат муҳожирлигида банд эканликлари англашилади.

Биргина Россиянинг ўзида ўзбекистонлик мигрантларнинг сони бир миллиондан ортади. Норасмий рақамларда эса, бу рақамларнинг расман айтилганидан анча кўп экани ҳам урғуланади.

Лекин глобаллашув нуқтаи назаридан бу ҳолатга одатий, дея баҳо берувчи экспертлар ҳам ишлаётган давлатларида улар ҳақ-ҳуқуқларининг қанчалик таъминланганлиги ҳануз долзарблигича қолаётгани омилига ўз диққатларини қаратишади.

Муаммонинг ечимини ким нимада кўради?

Ўзбекистонда яқинда ўтказилган сўров натижалари эса, бугун ўзбек йигитларининг ярмидан кўпроғи бадавлат хонадонга куёв бўлишни орзу қилишларини кўрсатган.

"Оила" маркази ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, улар бундай куёвликни фаровон ҳаётнинг гарови, деб билишади.

Аммо марказ мутахассислари ўзбек йигитларида бундай қарашнинг шаклланиб бораётгани хавотирли тенденция экани билан ҳам огоҳлантиришган.

Уларнинг айтишларича, бу келажакда катта оилавий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

Марказ мутахассисларига кўра, "эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларнинг ўзгаларга қарам бўлиб қолишларига йўл қўймаслик".

"Оилада эркакларнинг асосий вазифаси эса, оилани иқтисодий жиҳатдан мустақил таъминлай олишидир".

Аммо бунинг бугунги Ўзбекистон шароитида қанчалик имконли экани эса, тадқиқотда очиқ қолган, бир маънода, суҳбатдошимиз жавоб берган савол бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek