Ўзбекистон ва Россия: Муҳожирлар учун ётоқхона “резина уйлар”дан афзалми?

Ўқилиш вақти: 3 дақ
Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Москвадаги ўзбекистонлик муҳожирлар учун турар жой топиш масаласи энг катта муаммолардан бири. Меҳмонхоналар қиммат, ётоқхоналар муҳожирларни киритмайди. "Резина уйлар"да яшаш эса бирозгина хавотирли: турар жойида миграция қайдидан ўтилмагани сабабли полиция томонидан текширилиши ва айнан шу асос билан депортация қилиниши ҳоллари муҳожирлар ҳаётида учраб турибди.

Ҳали таъмирда, аммо...

Ётоқхона тўла ишга тушмаган, бироқ муҳожирлар келиб жойлашишмоқда. Уларга турар жой ва шарт-шароитдан кўра, хужжат масаласи муҳимроқ.

- Муҳожирлар орасида ётоқхона ва "регистрация" (миграция қайди) учун талаб катталигини биламан. Унча қиммат бўлмаган, яшаш учун қулайликлари бор ётоқхона қилишни мақсад қилдик.Шу боис эскироқ бўлса ҳам, 2 қаватли бинони ижарага олиб таъмирлашга киришдик. Декабрнинг бошида бир неча хоналар, ошхона, ювиниш хоналари ва зарур маиший техникалар билан жиҳозлаб, илк меҳмонларимизни қабул қилишни бошладик, - дейди россиялик тадбиркор Артём Слащев.

Ётоқхонани айланиб чиқдик: оддийгина, аммо иссиқ ва озода. Хоналарга 2 қаватли ёғоч кроватлар ва кийим шкафлари жойлаштирилган. Одамлар яшаётган хоналарга бош суқдик: аллақачон тартибсиз кўриниш юзага келган, стол устида егуликлар қолдиқлари, кроватларга сочиқлару кийимлар бетартиб илиб ташланган. Ҳар икки қаватда бепул интернет бор, аммо яшаш учун зарур шароитлар ҳали тўлалигича яратилмаган. Хоналарда усталар ишлаяпти, таъмирлаш ишлари давом этаяпти.

"Эндигина очилдик. Яқинда телевизорлар ўрнатамиз. Ётоқхона ишга тушгач ҳам олий даражада бўлмаслиги мумкин, аммо қурилиш жойларида ёки резина уйларда яшашдан кўра яхши деб ўйлаймиз", дейди ётоқхона эгаси.

Суҳбатдан маълум бўлишича, мазкур ётоқхона ўз яшовчиларини бепул "регистрация"га қўяди. Россия миграция қонунчилигига кўра шундай бўлиши ҳам керак: миграция қайдисиз яшаётган муҳожир учун Россиянинг амалдаги қонунларига биноан жой билан таъминловчи катта миқдорда жарима тўлаши белгиланган.

Асосийси ҳужжат ва нарх

Россия

Сурат манбаси, videograb

Мазкур ётоқхонада яшаётган ўзбеклар билан суҳбатлашдик. Шаҳзод ва Жасурбек 2 ой олдин" резина уй"дан бу ерга ўтишган экан. Йигитлар ётоқхонада яшаш билан бирга таъмирлаш ишларига ҳам қарашишаяпти.

- "Регистация" қилиб беришди, шуниси бизга қулай бўлди Хонамиз 5 кишилик, ҳозирча 4 киши бўлиб яшаяпмиз. Ётоқхонада ўзбекистонлик, тожикистонликлар, рус, украин, молдованлар бор. Ҳамма ишда, эрталаб чиқиб кетиб кеч келади, ҳалигача танишиб ҳам улгурмадик, - дейди Жасурбек.

20 ёшли Шаҳзод эса Москвага яқинда келиб ишлай бошлаганини айтади.

"Квартира ижарасига бир кишилик жой учун 5000 рубль тўлардим. Ҳозир бир кунга 200 рублдан тўлайман. Ётоқхонада яшаш нисбатан арзон тушаяпти", дейди у.

Йигитлар ётоқхонага 3 ой муддатга миграция ҳисобига қўйилган. Агар улар бу муддатдан кейин ҳам ётоқхонада яшашни танлашса, хужжат муддати яна узайтирилади.

Муҳожир қаерда яшасин?!

Москва шаҳрида ётоқхоналар кўп, аммо ўзбекистонлик муҳожирларни қабул қиладиганлари йўқ ҳисоби. BBC UZBEK бир неча ётоқхоналар маъмурияти билан боғланиб, нима сабабдан ўзбекистонликлар яшаши мумкин эмаслигини сўради. Тайинли изоҳ йўқ: "рухсат берилмайди, тамом!" ва "раҳбарият шундай буюрган" деган мазмундаги жавобларни олдик.

Уй-жой ижарасида воситачилик билан шуғулланувчи риэлторлар ҳам ўзбекистонликларнинг квартира ижарага олиши мушкуллигини айтишади.

"Москваликлар нафақат ўзбекистонликлар, балки марказий осиёлик ва кавказликларга уйларини топширишни исташмайди", - дейди риэлтор Дилноза Хамидова.

Воситачига кўра, уларнинг ижара уйларда кўпчилик бўлиб яшашлари уй соҳибларига ёқмайди. Москвада уйлар нархи баланд, меҳнат муҳожирлари учун бир уйда 2-3 киши бўлиб яшаш эса қимматлик қилади (уй-жой ижараси учун кам маблағ ажратиб, оилаларига кўпроқ пул юбориш учун тежашади). Шу боис, субарендадаги "резина уй"ларда 10-15 кишилаб яшашдан бошқа чоралари қолмайди.

Москванинг шарқий ҳудудида янги очилган ётоқхона бир пайтнинг ўзида 160 кишини сиғдира олади. Пойтахтда энг кўп сонли бўлган ўзбекистонликлар учун албатта бу кам, аммо "ҳар ҳолда ўзбекистонликларни қабул қиладиган ётоқхона ҳам иш бошлади", деб умид қилишмоқда муҳожирлар.

"Эҳтимол, сиз айтаётган ётоқхоналар маъмурияти меҳнат муҳожирларини миграция ҳисобига қўйишда қўшимча расмиятчиликлар борлиги учун ҳам қабул қилишни исташмас", дея ўз тахминини билдирди Артём Слащев.

Статистик маълумотларга кўра, ҳар йили Москва шаҳрига 1 млн га яқин ўзбекистонликлар кириб келади. Уларни миграция ҳисобига қўйиш ва қайд муддатини узайтириш миграция хизматидан кўра, муҳожирлар учун энг қийин расмиятчиликлардан ҳисобланади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek