Ўзбекистон ва пахта: Мирзиёев пахтани камайтиришни истайдими ё кўпайтиришни?

Президентликка сайланишидан аввал Мирзиёев 13 йил давомида бош вазир бўлиб, қишлоқ хўжалигига масъул бўлган

Сурат манбаси, O'zbekiston

Сурат тагсўзи, Президентликка сайланишидан аввал Мирзиёев 13 йил давомида бош вазир бўлиб, қишлоқ хўжалигига масъул бўлган

Қашқадарё вилояти ва туманлари ҳокимлари билан йиғилиш ўтказган Президент Шавкат Мирзиёев вилоят қишлоқ хўжалигидаги натижалар қониқарсизлиги, хусусан пахтачиликда жиддий камчиликларга йўл қўйилганини танқид қилди.

"Биздаги сув билан 1,2 миллион тонна эмас, 3 миллион тонна олиш мумкин. Пахтачиликда асосийси сув эмас, мелиорация. Ерга уруғ қадашдан олдин озуқа бериш керак. 27 йилда пахтачиликда нима каромат кўрсатдик? Бир пайтлари академикларимиз, олимларимиз бор эди, ҳар хил навларимиз бор эди", - деб айтган президент Қаршидаги йиғинда.

Шавкат Мирзиёев 2016 йилда президент бўлиб сайланишидан аввал 13 йил давомида бош вазир лавозимида ишлаган ва қишлоқ хўжалиги сектори учун энг юқори даражали масъул мулозим бўлган.

Давлат раҳбари вилоят ҳокими Зафар Рўзиевнинг даволарини қабул қилмаслигини ҳам билдирди.

"Пахта ҳосили яхши бўлишида нав ҳам яхши бўлиши керак. Қашқадарё нави борми? Жаноб Рўзиев эса нав чатоқ чиқди дейди, сув йўқ дейди. Сув керагидан ортиқ бўлган", - деди у.

"Менга пахта керакмас"

Президент Мирзиёев давлат тепасига келгач, пахта етиштириш кўламини камайтириб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари турфахиллигини таъминлашини айтганди.

Бу сафар ҳам у пахта режаси тўлиши учун учун муҳим эмаслигини урғулади.

"Пахта менга керакмас. Менга пахтани бажарганларинг керак эмас. Одамларни рози қилиш керак. Кеча борганим пахта қабул қилиш пунктиниям сотамиз, пахтаниям ўзлари қилишади. Пахтани калава қилиб сотиш керакмас, бунақа раҳбар бўлманг. Бунга рухсат бермайман. Калава қилиш энг оғир иш. Биз шунга ўрганиб олгандик. Қўшимча қиймат қилиб Хитойга сотардик", - деди у.

Мирзиёев Қашқадарёнининг қатор туманларида деҳқон хўжаликлари ва томорқаларга узум, тарвуз, нўхат, мош, ловия, кунжут каби бозорбоп маҳсулотлар экиш одамларга иш, қўшимча даромад бўлишини таъкидлади.

Аммо, у барибир пахтадан келадиган фойдани ҳам эътибордан қолдирмади.

"Мана Бангладешни қаранглар. Бу давлат бир гектар ҳам пахта экмайди. Лекин пахта маҳсулотидан 37 миллиард долларлик экспорт қилади. Ҳиндистондан сифатсиз пахтани олиб, Ўзбекистон пахтаси билан аралаштириб, 37 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилмоқда", - деди президент.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek