Ўзбекистон: Таниқли рассом карикатураси нуфузли халқаро каталогдан ўрин олди

Сурат манбаси, Shavkat Muzaffar
Ўзбекистонлик рассом ва карикатурачи Шавкат Музаффарнинг асари нуфузли World Press Cartoon конкурсинининг 2018-йилги каталогидан ўрин олди.
2005 йилдан бери ҳар йили Португалияда ўтказиладиган кўрик-танлов раҳбарияти буни тасдиқловчи дипломни Шавкат Музаффарга йўллади.
Рассомнинг "Чўпон" номли карикатураси Марказий Осиёдан ягона номзод сифатида халқаро каталогдан ўрин олди.
Шавкат Музаффарнинг Би-би-сига айтишича, ушбу асар ўзбекнинг иборасига бағишланади - "Қўйни бўрига топширибмиз..."

Сурат манбаси, Shavkat Muzaffar
"Бу асарни ҳар ким ўзича талқин қилиши мумкин. Ҳозир рассом бировга мазмунни диктовка қилмайди. Ҳар ким ўз нуқтаи назари билан ёндошади, баҳо беради, ўзгача маъно топади. Карикатура - лотинчадан таржима қилганда бўрттириш маъносини англатади. Мен учун бу нафақат санъат, балки чуқур фалсафа, заковат ва фикр дегани," - дейди рассом.
Шавкат Музаффар асосан рангтасвирда ижод қилади. Унинг қатор карикатуралари Ўзбекистоннинг "Муштум" журналида босилиб чиққан.
У 2007 ва 2010 йиллар орасида "Муштум" журналининг бош рассоми сифатида ижод қилган.

Сурат манбаси, Shavkat Muzaffar
"World Press Cartoon эса дунё карикатурачиларининг Оскари ёки Олимпиадаси деса бўлади. Жюрилар дунёда ўз ишининг билимдон-экспертлари - рассомлар, санъатшунослар, олимлар....Бу дипломга 2005 йилдан бери олти марта сазовор бўлишим. Каталогга киришнинг ўзи катта гап. МДҲ давлатларидан фақат Россия, Қозоғистон, Украина карикатурачилари ва камина кирганмиз," - дейди Шавкат Музаффар.
Конкурс ғолибларининг карикатуралари танлов ортидан Европа ва Африка давлатлари, ҳамда Мексика, Хитой ва Ҳиндистонда кўргазмага қўйилади.
Танловдан асосий мақсад матбуот эркинлигини рағбатлантиришдир.
Шавкат Музаффарнинг асарлари хорижда кўплаб нашрлардан ўрин олган. Унинг Насриддин Афанди акс этган карикатураси Туркияда чоп қилинган китобдан жой олди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












