Ўзбекистон-Россия: Ўзбекларнинг қайғуси "патент" ва яна "патент"ми?

Ўқилиш вақти: 3 дақ
Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бу - Россия Президентининг Ўзбекистонга икки кунлик давлат ташрифи манзарасида энг кўп билдирилаётган истаклардан бири.

Россия, йилларки, дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.

Норасмий ҳисоб-китобларга кўра, Россияда ҳозир ҳам бир неча миллион сондаги ўзбекистонликлар меҳнат қилишади.

Президентлар "патентни ҳал қилишганида, зўр бўларди", - деб ёзади, жумладан rustam_akhmedoff.

Марҳум Президенти Ислом Каримовнинг чорак асрдан ортиқроқ давом этган бошқаруви даврида улар "борига қаноат қилмайдиган дангасалар" сифатида кўрилган.

Ўзбекистонда қудратга янги президент келиши ортидан кечган икки йил давомида ортга юборган миллиардлаб долларлик пуллари мамлакат иқтисодини тутиб, юритиб келаётган мигрантларга нисбатан расмий Тошкентнинг муносабати ўзгарган.

Миграция муаммоси қарийб 30 йил, деганда ҳукуматлараро даражада эътибор топган.

Ана шу қисқа вақтнинг ичида Россияда Ўзбекистондаги миграция идоралари ваколатхоналари, қўшимча консулликлар очишга қарор қилинган.

Ўзбекистонлик мигрантлар учун ҳуқуқий ва молиявий кўмакни кўзда тутувчи бошқа қатор чораларга қўл урилиши айтилган.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг шу йил сентябрь ойида Москвага қилган амалий ташрифи манзарасида россиялик масъуллар илк бор патент борасида енгилликлар масаласини муҳокама қилишга ҳозир эканликларини баён қилишган.

Аммо ҳали-ҳануз ўзбекистонлик мигрантлар Россияда ўзларичалик оғир аҳволда меҳнат қилаётган бошқа давлат фуқаролари йўқлигини айтишади.

"Патент қилиш, патент тўловлари, регистрация, шартнома асосида ишлаб туриб ҳам, иш ҳақларининг вақтида берилмаслиги - бугун ҳам Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқаролари тўқнаш келиб турган асосий муаммолар бўлади".

Патент

Мигрантлар

Сурат манбаси, courtesy

Патент тартиби Россияда 2013 йилда аввалига жисмоний шахслар учун жорий қилинган.

Орадан икки йил ўтиб, у меҳнат қилиш учун мамлакатга келаётган барча чет эл фуқаролари учун ҳам мажбурий қилиб қўйилган.

Дастлаб 1200 рубль бўлган патент тўлови йил сайин изчил равишда кўтарилиб бораётгани кузатилади.

Агар, пойтахт Москва мисолида олинса, ҳозир йиллик патентни расмийлаштириш мигрантга 15 минг рублга тушади.

Унинг ойлик тўлови эса, 4500 рублни ташкил этади.

Ўзбекистонлик аксарият меҳнат муҳожирлари, йилларки, асосан қурилиш ва маиший хизмат кўрсатиш соҳалари каби, анчайин "қора юмушлар"да банд бўлиб келишади.

Москвадаги мухбиримизнинг айтишича, бугун уларнинг ўртача ойлик даромадлари 30 минг рубль атрофида.

Улар бу пулга ижара ҳақи тўлашлари, ейиш-ичишлари, дори-дармон олишлари ва муайян қисмини ортга, Ўзбекистонда қолган яқинларига юборишлари керак бўлади.

Оқибат

Мигрантлар

Сурат манбаси, courtesy

Мухбиримизга кўра, патент, регистрация тўловлари, давлатга тўлашлари керак бўлган турли солиқлар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини оғир аҳволда қолдирган.

Улар амал-тақал қилиш учун "тузук жойда яшашмайди", 8-10 киши бир хонани бўлишишади, ўзларини ейиш-ичишдан қисишади.

Тоблари қочиб қолган пайтларда эса, имкон қадар докторга чиқмасликка ҳаракат қилишади, касалликларини ўтказиб юборишади.

Маълум бўлишича, Россиядаги Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланаётган фаоллар турли тадбирлар орқали бу муаммога масъулларнинг эътиборларини қаратишга ҳаракат қилишган.

Аммо ўтказилган йиғину мажлислардан ҳозирча бирор бир самара бўлмаган.

Россиялик масъуллар, аксинча, мамлакатда патент тартиби бу яқин йилларда бекор бўлмаслигини ошкора ва расман билдиришган.

Фаолларга кўра, бу масалада патент тўловларидан тушаётган йирик миқдордаги маблағларнинг Россия иқтисоди учун тутган аҳамияти ҳал қилувчи сўзни айтиб қолаверади.

Худди шу манзарада қўшни Қирғизистон ва Тожикистон меҳнат муҳожирлари масаласида расмий Москва билан имтиёзли келишувларга эришишга муваффақ бўлишган.

Дейлик, биргина ЕвроОсиё Иқтисодий ҳамжамиятига аъзолик Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Қирғизистон фуқароларини ишлаш билан боғлиқ деярли барча ҳужжатвозликлардан халос этган.

Шундай экан, ўзбекистонлик мигрантларнинг Россиядаги иккита энг "оғриқли" муаммоларидан бири бўлган патент муаммосининг ечими борми? Бўлса, у нима бўлади?

Би-би-си Ўзбек Хизмати Россия Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи манзарасида худди ана шундай савол билан Москвадан ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммадга мурожаат қилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek