Европада ўзбек санъати: Мақомни жазга солиб, Ғарбни тан олдираётган Гулжаҳон
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Гулжаҳон Хуррамова Стокгольмда шведлар билан бирга ўзининг "Мақом" ансамблига ҳам асос солган, қатор мусиқий альбомлар чиқарган ва аллақачон қатор Европа давлатларида концертлар беришга ҳам улгурган.
У буларнинг барчасига бор-йўғи тўрт йилнинг ичида муваффақ бўлган ва бу каби ютуққа эришган ўзбекистонлик саноқли мақом усталаридан бири бўлади.
Қаҳрамонимиз асли ўзбекистонлик, истеъдодли, таниқли, эл севган, ҳозирда марҳум санъаткор Коммуна Исмоилованинг шогирди.
Гулжаҳон ўзбек миллий мақом санъатини дунёга тарғиб этиш, ўзининг ўзбек тилидаги ижроси билан Ғарб аудиторияси кўнглини забт этишни 2014 йилда бошлаган.
У аввалига Швеция пойтахти Стокгольмда ўзбекистонлик бир гуруҳ созандалар билан бирга мақом ансамблига асос солади, "шведларга илк бор ўзбек тилида мақомни жонли эшиттиради".
Аммо ҳар бирлари турли бошқа юмушларда ҳам банд эканликлари боис, Швеция, шведлар учун тамоман янгича бўлган бу ижодий гуруҳнинг фаолияти у қадар уюшмайди.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, шунда ҳам, ансамбллари билан беришга улгурган саноқли концертларининг ўзиёқ шведларни ўзларининг фаолиятларига қизиқтириб қўйиш учун кифоя қилади.
"Мақом" ансамбли Швециядаги OH3 жаз гуруҳи билан ҳамкорликда қайта "дунёга келади".
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 3
Ижодий тажриба
Ўзаро ижодий ҳамкорлик бошланади, ўзбек миллий мақомларини жаз оҳанглари билан уйғунликда ижро этишади.
Мутахассислар томонидан "жуда дадил", ҳар қандай тингловчи ва томошабин наздида эса, ўта ғариодатий, дея кўрилиши мумкин бўлган бу ижодий тажриба амалда ўзини оқлайди.
Гуруҳнинг концертлари бутун Швеция бўйлаб катта қизиқиш билан қарши олинади, "жуда яхши қабул қилинади", "таклифлар ёғилиб кетади".
"Мақом" ансамблининг концертлари қисқа вақтнинг ичида швед нашрларининг ҳам эътиборини ўзига тортади, улар "Ўзбекистон ҳақида жуда чиройли сўзлар битилган" мақола шаклида кенг жамоатчилик эътиборига тушади.
Улар ҳақида радиолавҳалар тайёрлашади, тез орада швед телевидениесига ҳам "чақиришмоқчи, чиқаришмоқчи".
"Биз бундан ниҳоятда бахтиёр эдик", - дейди Гулжаҳон Хуррамова Лондонда экан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида.
"Ўзбек мақомлари ва лапарларини Ғарбда ижро этиш мен учун жудаям қизиқ. Бунинг ўзига яраша қийинчилиги бор, албатта", - дейди хонанда.
"Лекин мен нимага хурсандман биласизми? - Чунки ўзимнинг она тилимда, севиб, яна устозларим ўргатган мақомларни чин юракдан хоҳлаб, истаб ижро этаман. Швед бўлсин ва ёки бошқа, уни ўз ижром билан ўз томошабинимга том маънода етказиб бера оламан".
Суҳбатдошимизнинг айтишича, шведлар мақомни бор мураккаблиги, мукаммаллигида жуда яхши қабул қилишади.
Созандалари эса, ўзбек миллий мақомлари ижросига қўл уришдан аввал уларнинг бор мазмун-моҳиятига қизиқишади.
"Сиз уларга бутун мақом (ашула - таҳр.)нинг тарихини гапириб беришингиз керак бўлади. Улар куйини чалганда, мен куйлаётган ашуланинг мазмунини буткул англаб етишни исташади. Бунга жуда қизиқишади", - дейди Гулжаҳон Хуррамова.
Янги режалар
Қаҳрамонимизнинг айтишича, ўзбек миллий мақом санъатини бутун дунё бўйлаб тарғиб қилиш йўлида қилаётган ишлари биргина Швециянинг ўзи билан чекланиб қолмаган.
Орада Греция, Финландия ва Лондонда ҳам концертлар беришга улгуришган.
"Бундан ташқари, Америка Қўшма Штатлари бўладими ва ёки Канада, дунёнинг бошқа яна кўплаб давлатларига ҳам ижодий сафарлар уюштириш режамиз бор", - дейди у.
Суҳбатдошимизга кўра, буларнинг барчаси манзарасида Стокгольмда бир қанча мусиқий дисклар ҳам чиқаришган.
"Уларнинг қанчалик тезликда сотилиб кетгани ҳам", суҳбатдошимизга кўра, "шведларнинг ўзбек миллий мақом санъатига бўлган қизиқишларининг яна бир исботидир".
Швециялик созандаларга кўра, "бу ҳали бошланиши. Гулжаҳон Хуррамова билан ҳали яна кўп қўшиқлар ва композициялар устида бирга ишлашлари мумкин бўлади".
Гулжаҳон Хуррамованинг айтишича, дунёнинг қай бир давлатида бўлмасин, ўз қўшиқларини ижро этиш учун саҳнага чиқаркан, албатта ўзбек миллий либосларида кўриниш беради.
Шу йўл билан Ўзбекистоннинг қадим санъати ва маданиятини ҳам дунёга тарғиб қилади, мамлакатининг бой қадимий меросини жаҳонга танитади.
Маълум бўлишича, унинг репертуаридан яна уйғурча, туркча, озарийча ва тожикча қўшиқлар ҳам ўрин олган.
Янги режалар
Суҳбатдошимизнинг айтишича, она Ватани билан ҳам ҳамиша ҳамнафас, вақти келиб ўз ижодини Ўзбекистонда қайта давом этдириш режаси ҳам бор.
"Биз Ватанимизни жонимиздан, юрагимиздан севамиз. Умримизнинг охиригача унинг равнақи учун хизмат қиламиз, бунга ўз ҳиссамизни қўшамиз", - дейди Гулжаҳон Хуррамова.
Би-би-си Ўзбек Хизмати ўзбек миллий мақом санъатини дунё бўйлаб тарғиб этаётган бу хонанда билан куни-кеча Ўзбек-Британ Жамияти ноҳукумат ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида уюштирилган ёзги базм теграсида суҳбатлашди.
Бу ерда ҳам ўзбекона бичимдаги атлас либосда кўриниш берган Гулжаҳон ораларида хорижликлари озмунча бўлмаган базм иштирокчилари қаршисида жонли чиқиш қилди, ўзининг ижроси билан бу ерда ҳам йиғилганларнинг олқишларига сазовор бўлди.
Йиллик бу ёзги базмдан мақсад ҳам Ўзбекистонни том маънода ҳар томонлама ташқи дунёга кўрсатиш, унинг бой қадимий мероси, маданияти ва бугунини уларга танитиш эди.
Ўзбекона меҳмоннавозлик, куй-қўшиқ, ўзбекча таому ширинликлар ва шундоққина Тошкентдан келтирилган миллий либослар намойиши базмнинг шукуҳига шукуҳ қўшган.
Гулжаҳон Хуррамованинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбати якунида томошабинларга тақдим этган қўшиғи ҳам ҳозирда марҳум " устози Коммуна Исмоилова ўргатган "Йўл бўлсин" халқ ашуласи" бўлди.
У ўзини тинглаётган, томоша қилаётган барчага омадлар тилаб қолди.
"Ғарбда яшаётган ўзбекларимиз бўладими ва ёки Ўзбекистондагиси, барчаларининг бошлари омон бўлсин".
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002












