Ўзбекистонга келган энг кўп чет элликлар кимлар?

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонда меҳмон бўлган хорижликлар ҳақида маълумот тарқатди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг 2017 йилнинг 9 ойи мобайнидаги фаолияти ҳақида ҳисобот берар экан, вазирлик матбуот хизмати кириш визаларига ҳам тўхталган.
Вазирлик матбуот хизмати тақдим этган рақамларга кўра, тўққиз ой мобайнида "энг кўп консуллик ҳаракатлари Ўзбекистоннинг Тожикистон(55938), Россия (25866), Туркманистон (17005), Қозоғистон (16381), Жанубий Корея (13874), Германия (13376), Хитой (12603) ва Ҳиндистондаги (11925) элчихоналарида амалга оширилган".
Бу Ўзбекистонга энг кўп кириш визалари Тожикистон фуқароларига берилганини англатади.
Жами 224022 нафар чет мамлакатларнинг фуқароларига визалар берилган.
Шундан 96752 нафар сайёҳ, 32898 нафар тадбиркор Ўзбекистонга кириш визаларини олган.
Ташқи ишлар вазирлиги 2016 йилнинг уч чорагига солиштирганда, 2017 йил берилган визаларнинг сони 21 фоиз, сайёҳлик визаларининг сони 24 фоиз, тадбиркорлик визалари 27 фоиз кўпайганини хабар қилади.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ҳукумати Марказий Осиё мамлакатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатаётгани, Ўзбекистоннинг мавжуд салоҳиятидан фойдаланиб сайёҳлик, шу жумладан, исломий зиёрат сайёҳлигини ривожлантириш йўлида ишлар бошлагани ҳам мамлакат ичкарисида ва ҳам ташқарида хуш қаршиланмоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002















