"Қанийди, Шайх ҳазратлари тирик бӯлганларида…"

Сурат манбаси, BBC O'zbek
- Author, Тожикистонлик журналистнинг Ўзбекистонга сафари таассуротлари
- Role, .
Тошкентда кейинги йилларда кӯп ӯзгаришлар юз берганини кӯрдим. Кичик автомобил халқа йӯли, Алишер Навоий номли тил ва адабиёт дорилфунуни, Адиблар боғи.. Лекин фақат мен эмас, Тошкентнинг бошқа меҳмонлари ҳам, ҳаммадан кӯпроқ шаҳарда бунёд этилаётган масжид ва исломий марказларни, улкан қурилишларни кӯриб, ҳайратга тушиши турган гап.
- Тожикистонлик журналист: 'Ҳеч қаерда Мирзиёев суратига кўзим тушмади'
- Чегарачилар ҳазиллашмоқда: Тожикистонлик журналистнинг Ўзбекистонга сафари таассуротлари
- Осмонӯпар бинолар дабдабабозликми? - Тожикистонлик журналистнинг Ўзбекистонга сафари таассуротлари
- "Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни ўқишади..."
- Тоҳир Малик: 'Шайх сиёсатчи эмасди'
- Мирзиёев матбуот хизмати Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида фильм олди
"Тунука завод" қаерда қолди?
Тошкентда бизга қариндошдан ҳам қадрдонлашиб кетган бир оила бор. Раҳматли Маҳмудхӯжа акам ва Нозима кеннойимнинг ӯғиллари, дилкаш йигит Аҳмадхӯжанинг вафот этганини кеч эшитдим. У ва ота-онасининг ҳақига дуо қилиш учун собиқ «Оренбургская» кӯчаси томон йӯлга тушдик. Олдинлари у томонга «ГУМ»дан бир бекат наридаги чойхона рӯпарасидан кириб борардим. Бу гал Самарқанд дарвоза томондан кириб, Чақар маҳалласидан, Абдулла Қодирий уйи ёнидан ӯтдик. Ичимда ӯзбекнинг буюк ёзувчиси ҳақида дуо ӯқиб бораман ва албатта бу хонадонга яна бир марта келишга аҳд қиламан.
Мен билган «Оренбургская» бутунлай ӯзгариб кетган, бир қаватли, икки қаватли янги уйлар тушганди. Бир келганимда, кӯчанинг номи ӯзгарганди. Лекин ӯшанда унчалик эътибор бермаган эканман. Хуллас, ҳозир кӯча ҳам, салкам тӯрт минг яшайдиган катта маҳалла ҳам «Сузукота» деб аталар экан.

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Биз Аҳмадхӯжаларнинг уйлари ёнидан ӯтиб кетибмиз. Эсимда бор - тепаликда ҳам, жарликда ҳам ҳовлилари бор эди. Маҳалла аҳли «тунука завод» деб атайдиган заводни топсак, орқага қайтиб, Аҳмадхӯжанинг уйини топиб оламиз, деган ӯйда кетавердик. Йӯлда дӯстимнинг бир таниши чиқиб қолди. Ундан сӯрагандик, қӯли билан юз қадамча нарини ишора қилди. Аҳмадхӯжалар уйига кириб борадиган қисқагина йӯл бошига дарвоза ӯрнатилган экан. Шу дарвоза мени адаштириб юборибди. Аҳмадхӯжанинг ҳовлисига кириб, фотиҳа ӯқиб чиқдик…
Ортга қайтар эканман, кӯзим «тунука завод»ни қидирарди. Унинг ӯрнида жуда катта қурилиш борарди.
- Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кӯрсатмаларига кӯра «Сузук ота» масжиди қайта тикланмоқда, - деди мени Аҳмадхӯжаларникига бошлаб борган меҳрибон инсон.
Хӯжа Аҳмад Яссавий невараси эъзози
Биз қурилиш бораётган майдон юрдик. Бу ерда фақат улкан масжид эмас, катта бир мажмуа бунёд этилаётган экан. «Сузук ота»нинг мақбараси қайта бунёд этиляпти. Мажмуа атрофида қурилаётган уйларда халқ ҳунармандлари яшаб, ишлашар экан.

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Сузукота жоме масжиди Тошкентдаги энг қадимий масжидлардан бири саналар экан. Ӯн тӯртинчи аср охирларида Амир Темур масжид билан бирга, Сузукота мақбарасини ва мадраса қурдирган. Айтишларича, 19-асрда масжид қайта қурилади. 1930-йилда ҳайит намози ӯқилади ва масжид ҳам, мадраса ҳам ёпилади. Масжид биноси сузукоталиклар «тунука заввод» деб аташган металл буюмлар корхонасига айлантирилади. Мадраса биноси бузиб ташланади…
Фақат орадан йиллар ӯтиб, мустақиллик даврида - 1996 йилнинг рамазон ойида масжид намозхонлар ихтиёрига берилади…
Бу маълумотларни эшита туриб, юрагим эзилади. Лекин бунёд этилаётган улкан мажмуа салобатини кӯз олдимга келтириб, руҳим тиниқлашади. Бундан саккиз ой муқаддам қурилиши бошланган мӯътабар мажмуа битгач, шубҳасиз, Сузукота қадамжосига фақатгина Ӯзбекистон, қӯшни мамлакатлар - Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистондан эмас, балки дунёнинг тӯрт томонидан зиёратчилар оқиб келишади.
Шунда Хӯжа Аҳмад Яссавийнинг ва у кишининг суюкли неваралари Мустафоқул - Сузукотанинг руҳлари шод бӯлади. Мустафоқул - Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ӯғли 1140-йилда Сайрамда дунёга келган. У болалик чоғида бобосининг хизматига борганида, Хӯжа Аҳмад Яссавийнинг муборак назарлари тушиб, «Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз», деган эканлар. Мустафоқуллар оиласи ҳозирги Сузукота маҳалласига кӯчиб келишганида, унинг ӯрни кимсасиз тепалик ва жарликлардан иборат бӯлган экан. Сузукоталар оиласи билан кӯчиб келган қорилар, уста-ҳунармандлар янги маҳалла бунёд этишади.

Сурат манбаси, BBC O'zbek
- Маҳалламиз аҳли катта боболари тарихини яхши билади ва Сузукота билан фахрланамиз, - дейди ҳамроҳимиз. - Бобомизни қадрлаётган президентимиздан эса, беҳад мамнунмиз.
"Ӯзбекистонга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф етишмаяпти"
Тошкентнинг бошқа бир маҳалласида шаҳарнинг энг катта ва кӯркам масжидларидан бири - Илонлиота масжидида таъмирлаш ишлари бораётган экан. Юз нафарга яқин тошкентлик, хоразмлик, самарқандлик, фарғоналик уста ишлаётган бу масжиднинг ҳали тӯла таъмирдан чиқмаган қисмларидаги ӯта маҳорат билан ишланган безаклар кӯзларни ёшартиради.
Сӯгаллиота масжидидаги қурилиш кӯлами ва бу масжиднинг қандай кӯринишга эга бӯлишини билиш эса, кӯзларни ёшлантирди. Чилонзор туманидаги бу масжид қурилиши 27 йил олдин бошланиб, тӯхтатиб қӯйилган экан. Иккинчи марта қурилиш давом эттирила бошланган ва яна тӯхтатиб қӯйилган. Тӯхтатиш сабаблари айтилмаган. Лекин баъзилар бунга масжид қурилиши бошида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф турганлиги сабаблигини айтишган.
Ҳозирда масжид бутунлай қайтадан қурила бошланди. Ӯзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев масжид майдонига ташриф буюрар экан, уни янги лойиҳа асосида қуриб битказишни айтди ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи билан аташни таклиф этди.
Мен собиқ Шӯролар даврида Шайх ҳазратларининг суҳбатларида бӯлганман. Ӯшанда Ӯзбекистон Ёзувчилар уюшмасида «Ислом ва экология» мавзусида суҳбат ӯтказилганди. Бир соатга мӯлжалланган суҳбат камида тӯрт соат давом этди. Орада аср намози ӯқиб олинди. Шайх ҳазратлари Ӯзбекистоннинг турли томонларидан буёғи Андижондан, уёғи Хоразмдан у кишининг суҳбатлари бӯлишини эшитиб келган кишиларнинг саволларига батафсил, ҳужжатлар асосида жавоб бергандилар.

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Шайх ҳазратлари собиқ Шӯролар Иттифоқи Олий кенгашига депутат бӯлган пайтларидаги жасур ҳаракатларини ҳамон эслайман. Ӯшанда Шайх ҳазратлари ҳукуматга мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқукларини ҳурмат қилиш, улар учун зарур шароитлар яратиш масалалари кӯтарилган махсус баённома тақдим этганлари маълум.
"Мустабид мафкура ҳукмрон бўлган ўша оғир замонда бундай ташаббус билан чиқиш, ҳеч шубҳасиз, катта жасорат эди. Бунинг натижасида Шўро ҳукуматининг мусулмонларга нисбатан сиёсати ўзгарган, масжид ва мадрасалар очилган, ҳаж зиёратига борувчилар кўпайган. 1990 йилда Марказий Осиё республикаларидан 500 нафар мусулмон Тошкент шаҳри орқали ҳаж зиёратига боришга муваффақ бўлган эди. Агар ўша даврда бутун собиқ Иттифоқ бўйича ҳар йили бор-йўғи 20-30 киши ҳажга борганини ҳисобга олганда, бу жуда катта натижа бўлган", деган Ӯзбекистон президенти. Президент Шавкат Мирзиёев Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг улкан хизматлари ҳақида сӯзлар экан, уни Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Мотурудий каби буюк олимлар билан бир қаторга қӯйганди.
"Ҳаёт бешафқат экан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратга ҳам ғийбатлар, туҳматлар кўп бўлган ва 1993-йилда у киши кўчиб кетишга мажбур бўлган. Маккада, Мадинада, 1994 йилдан Ливияда мусофирчиликда яшаб, кўп-кўп китоблар ёзган. Бугун Ўзбекистонга ана шундай буюклар етишмаяпти..."
Бир неча ой олдин уйимизда Ӯзбекистон телеканалларининг бирида Шавкат Мирзиёевнинг бу гапларини юрагим йиғлаб эшитар эканман, севинчданми, аламданми кӯз ёшларини тиёлмаётган ӯн минглаб ӯзбекистонлик эркаклар ӯнгимда пайдо бӯлганди.
Ақл шошиб қолди
"Бугун Ўзбекистонимизга ана шундай инсон етишмаяпти. Қуръонни илмий билган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдек уламомиз, буюк ватандошимизнинг ҳурматини жойига қўйсак, адолатдан бўлади! Бу ҳам ўзлигимизни англаш бўлади!"
- Шавкат Миромоновичнинг бу сӯзларини эшитганимда ва Шайх ҳазратлари хотирасини амалда қанчалик эъзозлаётганларини кӯриб, бир фикр миямдан кетмай қолди. Қанийди, Шайх ҳазратларининг ӯзлари тирик бӯлганларида ва бу гапларни эшитиб, қадрлашларни кӯрганларидами…
Тошкентлик бу зиёли инсоннинг кӯнглидаги гапларни Ӯзбекистондаги, қӯшни мамлакатлардаги, ислом дунёсидаги турли касбдаги, турли ёшдаги милёнлаб одамлар такрорлашига ишонаман.
Бу одамлар Шайх ҳазратларининг бой меросидан баҳраманд бӯлганларида, у кишининг жаҳонда камдан-кам инсонларга насиб этадиган иқтидор эгаси эканлигини қайта-қайта эътироф этишлари шубҳасиз. Айтгандай, масжид ёнидаги музейда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг илмий мероси жамланиши режалаштирилган.
Мен Тошкентда кейинги бир ярим йил орасида бунёд этилаётган ва барпо этилиши мӯлжалланган масжидлар, исломий муассасалар кӯламидан, ҳашаматидан ҳайратимни яширмадим.
Тӯғри, Ислом Каримов даврида Минор каби масжидлар бунёд этилган, ислом оламидаги машҳур инсонларнинг мақбаралари қайтадан қурилган. Самарқанд яқинидаги Челак туманида Имом Бухорий, Бухоро яқинидаги Когон туманида Баҳоваддин Нақшбандий мақбараларини зиёрат қилганимда, кирсанг, чиққинг келмайдиган бутунлай янги қадамжо, мажмуалар яратилганини кӯрганман.
Лекин барибир бугунги Ӯзбекистонда ислом алломалари қадамжоларини қайта қуриш, ободонлаштириш, масжидлар бунёд этиш, айниқса чин исломни ӯрганиб, унинг маърифатини англатиш мақсадида қилинаётган ишлар кӯрган-билган инсон ақлини шошириб қӯяди.
Хайрулла Ҳамидовнинг китоби бор экан…

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Яқин орада намозхонларга ӯз эшикларини очадиган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номли масжид билан ёнма-ён «Ҳилол» нашриёти жойлашган. Масжид ва нашриётни биттагина йӯл ажратиб туради. Мазкур нашриётни ташкил этишда Шайх ҳазратларининг ӯзлари бош-қош бӯлганлар.
Кӯп қаватли бинонинг биринчи қаватида «Ҳилол» китоблар дӯкони жойлашган. Дӯкондаги китобларни кӯздан кечирар эканман, нашриёт ходимларининг захматли меҳнатларини ӯйладим. Китобнинг моҳиятига қараб дид билан ишланган муқовалар, сифатли қоғоз, ҳар бир инсонни қизиқтирадиган мавзудаги асарлар… Кӯчада шариллаб ёмғир қуйиб турганига қарамасдан, харидорлар кӯп. Дӯконга кирган одам қуруқ чиқиб кетмаяпти. Ким Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламларига мансуб китоблар сотиб олган, кимнинг қӯлида дунёвий китоблар, ким ӯзбекистонлик энг моҳир қорилар қироатлари ёзилган дискларга пул тӯлаяпти.
«Изсиз йӯллар» китобига кӯз югуртираётиб, муаллифнинг номини танийман: Хайрулла Ҳамидов. Каримов даврида қайси бир тақиқланган оқимга мансубликда айбланиб, олти йил озодликдан маҳрум этилган таниқли шоир ва спорт шархловчиси. Шавкат Мирзиёев даврида у муддатидан олдин озодликка чиқди. Ҳозирда «Спорт» телеканалида фаолият юритяпти. У олиб бораётган футбол репортажларини, айниқса, «Шедевр» кӯрсатувини бизда - Тожикистонда ҳам завқу шавқ билан кӯришади.
Ӯзбекистондаги интернет-нашрлар орқали фақат Хайрулла эмас, ноқонуний деб эълон қилинган диний оқим ва ҳаракатларга мансубликда айбланиб, қамалган юзлаб инсонларнинг озодликка чиқарилгани ҳақида ӯқиганман. Мен бу одамларнинг айбсиз ёки айби исботланган ҳолда жазога тортилганликлари ҳақида фикр юритишдан йироқман. Лекин бир нарсага аминман - Мирзиёевнинг кенгфеъл сиёсати, жумладан, минглаб оддий намозхонларнинг «қора рӯйхат»дан ӯчирилгани бутун ислом дунёсида Ӯзбекистонда эътиқоди учун ҳеч ким таъқиб қилинмаслигига ишонч пайдо қилди. Шундай эмасми?
- BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















