"Ҳоким эркак бўлса МХХ бошлиғини сўкиб кўрсин"

ҳоким

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг туман аҳолисини "ҳаромилар" деб сўкканига шу каби изоҳлар ёзилди. Фарғона вилоят ҳокими Ақтўбе фожиасида 16 нафар фарзандидан айрилган тошлоқликларни "ҳаромилар" ва "падарингга лаънат" дея ҳақоратлаганди.

Ҳокимнинг ҳақоратли овози интернетга сиздирилгач фойдаланувчиларнинг қаҳру-ғазабига сабаб бўлди.

"Ўзининг миллатини ҳақорат қилиб тургандан кейин, қаёқдан ривожланиш бўлсин? Қўллаб-қувватлашни ўрнига", деб ёзади Matlyuba Pulatova.

"Таъзия билдиришни ўрнига ҳаромилар, деб ҳақорат қиляпти, ким у запрет қўядиган Худодан қўрқмайдими", дейди Rustam Hakimov

Utkir Bozorov ҳоким автобусда ёниб кетган тошлоқликларга иш топиб беролмагани учун ўзини айблаши кераклигини айтади.

"Фожиа бўлган бўлса, бундан тўғри хулоса чиқариш ўрнига ҳаромилар, деб ҳақорат қилиш керакми? Ҳақиқий раҳбар ҳеч қачон бақир-чақир қилиб, аҳолини ҳақорат қилмайди. Айбни ўзидан ахтариш керак! Бечоралар, болаларни иш билан таъминлай олмадик. Айб ўзимизда келинглар энди бир бўлиб камчиликларимизни тўғрилайлик, бу ишлардан тўғри ҳулоса чиқариб ҳаракат қилайлик деса бўлади-ку".

Nozim Parpiew "қонунларимизга кўра, ҳокимни ҳаракатларига Бош прокуратура муносабат билдириши шарт. Нимага улар жим", деб сўрайди.

BBCUZBEK.COM Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати билан боғланди. Матбуот хизматидан масъул ҳокимнинг ҳақоратлари борасида уларда ҳозирча маълумот йўқлигини айтди.

Одилжон Далишев Фарғона вилоят ҳокимини Президент Мирзиёев тарафдори эмаслигини ёзди.

"Ўз халкини менсимайдиган, ноҳак пастга уриб, тепалайдиган, жирканадиган, маданиятсиз одам экан. Бу - биздан, Президент тарафдорларидан эмас".

"Ферганская правда" газетаси бош муҳаррири Гулбаҳор Саид Ғани Facebook да ҳокимга "ноҳақ айблов" қўйилаётгани учун юрагида ўт ёнаётганини ёзди.

"Фарғона аҳолиси номидан мурожаат", деб номланган постда ҳоким Шуҳрат Ғаниев обдон мақталган.

Гулбаҳор

У мажлисдаги ҳақоратлар халққа эмас, қуйи бўғиндаги бошлиқларга қаратилганини айтган ва буни ҳокимиятнинг ички иши деган.

Журналист тошлоқликларнинг ҳақорат қилган ҳокимнинг аудиоси интернетга қўйилгани учун чет элдаги ҳамкасбларини айблаган.

"Ушбу аудиоёзувни интернетга қўйишдан ким манфаатдор? Албатта, биринчидан, буни катта байрам қиладиганлар мухолиф фикрли чет эл "журналистлари". Чунки ватанни ёмонласа, чўнтаги қаппаяди. Уларни боқиб турган Сэм тоғалар ақча беради". деб ёзади Гулбаҳор Саид Ғани.

Марат Фозилов ҳокимни муҳокама қилишдан олдин унинг ўрнига ўзларингни қўйиб кўринглар, деб маслаҳат берган.

"Тўғри гапирвотти. Бировни муҳокама қилишдан олдин ўша раҳбарнинг ўрнига ўзилани қўйиб кўринглар".

Shoira Hasanova ҳоким Шуҳрат Ғаниев ҳокимиятда ишлашга нолойиқ шахс эканлигини айтади.

"Букрини гўр тўғрилайди, бу яна сўкишини давом эттиради. Бу ҳукуматда ишлашга нолойиқ! Бугун Ўзбекистанда ўзгаришлар бўлаётган вактда бундай кадрлардан воз кечиш керак, халк сайласин ҳокимларни, халқ ичида жуда яхши, билимли талантли, маданиятли ва ҳалол инсонлар кўп. Фақат уларда 100 минглаб $ йўқ пора бериб ҳоким бўлишга. Президент ўзи айтганидай жуда яхши билади ҳамма нарсани".

Astanov Tulkun ҳоким шунчалик зўр бўлса МХХ бошлиқлари ёки Президентни ҳақорат қилиб кўрсин деб ёзади.

"Ёмонлиги ўзига. Аммо забон деган нарсага эхтиёт бўлиш керак! Забоним бор экан деб оддий халқни ҳақорат қиладими? Эркак бўлса СНБ ни бошлиғларини ёки юртбошимизани ҳақорат қилиб кўрсин. Агар жуда зўр бўлса. Сал амал тегди деб зўрлиги қўл остидаги бир қишлақдагиларни ҳаромига чиқазишга ва падарларига (ота бобаларига) лаънат айтиши бу зўрликданми?", дейди у.

Фарғона вилоят ҳокимининг матбуот котиби Абдулазизхон Абдасов интернетга сиздирилган аудиоёзувдаги овознинг Шуҳрат Ғаниевга тегишли эканини тасдиқлаган.

Матбуот котиби ҳокимнинг қурбонларга "жигари куйгандек куйгани" ва "алам устида гапиргани"ни таъкидлади.

Унга кўра, Шуҳрат Ғаниевнинг сўзлари бир томонлама талқин қилинмоқда.

Абдулазизхон Абдасов ҳокимнинг ўзи сўзларига изоҳ бериш ниятида эканини айтди.

Бироқ ҳоким ҳамон ўз сўзларига изоҳ бергани йўқ.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek