Матбуот котиби: "Ҳоким алам устида гапирган"

Xalqaro Press Klub

Сурат манбаси, Xalqaro Press Klub

Сурат тагсўзи, Расмийларга кўра, Шуҳрат Ғаниевнинг сўзлари бир томонлама талқин қилинмоқда.

Фарғона вилоят ҳокимининг матбуот котиби Абдулазизхон Абдасов интернетга сиздирилган аудиоёзувдаги овознинг Шуҳрат Ғаниевга тегишли эканини тасдиқлади.

Унинг Би-би-сига маълум қилишича, Ақтўбе фожиасига бағишланган селектор мажлиси қурбонларнинг жанозаси ўқилган 23 январь куни бўлиб ўтган.

Матбуот котиби ҳокимнинг қурбонларга "жигари куйгандек куйгани" ва "алам устида гапиргани"ни таъкидлади.

Унга кўра, Шуҳрат Ғаниевнинг сўзлари бир томонлама талқин қилинмоқда.

Абдулазизхон Абдасов ҳокимнинг ўзи сўзларига изоҳ бериш ниятида эканини айтди.

Унинг айтишича, Шуҳрат Ғаниев аудиоёзувнинг интернетга сиздирилгани ва унга билдирилаётган муносабатлардан хабардор.

Аммо матбуот котиби ҳокимнинг кечирим сўраш нияти бор ёки йўқлигини билмайди.

Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилоят ҳокими Ақтўбе фожиасида 16 нафар фарзандидан айрилган тошлоқликларни "ҳаромилар" ва "падарингга лаънат" дея ҳақоратлаганди.

Ҳокимнинг сўзлари ижтимоий тармоқларда норозилик ва ғазабларни уйғотган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek