Самолёт чипталари нархлари қайта кўриб чиқилиши керакми?

Сурат манбаси, UZAIRWAYS INTERNET
Мигрантлар оқими қайси тарафга кўпайса, самолёт чипталарининг нархлари ўша томонга оширилиши тўғрими?
Бунинг устига, Ўзбекистон шаҳарларига парвоз қиладиган учоқларнинг чиптаси қўшни мамлакатлар шаҳарларига билетлардан қимматроқ.
Би-би-сининг 2017 йил октябрида тайёрлаган "Пул муҳимми, жон?" видеолавҳасини BBC O'zbekнинг YouTubeдаги каналида, Facebook ёки Одноклассникидаги саҳифасида томоша қилинг.
Мижоз кўплиги нархлар арзонлашишига етаклаши керак эмасми?
Ёки "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" монополистлигини англаб туриб суистеъмол йўлини танлаганми?
Би-би-си ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида "Ўзбекистон Ҳаво йўллари"нинг 140-47-67 рақамидаги матбуот хизмати билан боғланди.
Телефон гўшагини кўтарган ходима айтишича, шу кунларда матбуот хизматининг вазифалари "Авиареклама" бўлимига юклатилган ва журналистлар 150-64-20 телефонига мурожаат этишлари лозим.
Бу телефон гўшагини кўтарган ходима эса, матбуот хизмати ўз вазифасини бажаришни хоҳламасдан, ахборот олиш истагидагиларни нотўғри "Авиареклама"га йўлламоқда, деди.
Ақтўбе фожеаси манзарасида кўплаб ўзбекистонликлар "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" чипталарининг асоссиз қимматлиги мавзусини Интернет ижтимоий тармоқларида кўтардилар.
"Ўзбекистон ҳаво йўллари" Тижорат департаменти директори ўринбосари Давронбек Ниязов блоггер Никита Макаренконинг чипта нархлари қиммат, деган эътирозига жавоб берди.
Facebookда изоҳ қолдирган "Ҳаво йўллари" расмийси нархлар ёқмаса, Олма-Ота орқали учишни тавсия қилган.
"Сизга ҳеч ким Олма-Ота орқали учишга монелик қилгани йўқ. Танлов ўзингизда. Авиакомпания беш ой олдин рейс ҳақида хабар берган, чипталарни сота бошлади. Ким биринчи бўлса, ўша арзон олаяпти. "Ит ҳурар, карвон ўтар", деб ёзган "Ўзбекистон ҳаво йўллари" расмийси Давронбек Ниязов.
22 январь куни Ўзбекистондаги маҳаллий нашрлар "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" Бош директори Улуғбек Рўзиқулов лавозимидан четлатилгани, авиакомпанияга Бахтиёр Ҳакимов раҳбар этиб тайинлангани ҳақида хабар тарқатдилар.
Сиз нима деб ўйлайсиз, "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" авиакомпаниясининг монополист мавқеини, авиа ширкат раҳбарларининг юритаётган нарх сиёсатини қайта кўриб чиқиш фурсати етдими?
Ўз фикр-мулоҳазаларингизни BBC O'zbekнинг социал тармоқлардаги саҳифаларида бўлашинг.













