Тожикистон Ўзбекистон йўлидан борадими?

Ислом Уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирий ҳозир хорижда

Сурат манбаси, none

Сурат тагсўзи, Ислом Уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирий ҳозир хорижда

Бугунга қадар Тожикистонда Ислом Уйғониш партиясининг ўнлаб аъзолари ҳибсга олинган.

Норасмий маълумотларга қараганда, қама-қамалар ва босимлар авжига чиққан.

Собиқ Шўро ҳудудидаги биринчи, ягона ва расмий диний фирқа саналган Ислом Уйғониш партияси бундан бир ой аввал ҳам қонунан фаолиятда эди.

Фирқа ўлароқ расман рўйхатга олинган кунидан бери турфа босимлар остида фаолият кўрсатиб келаётган Ислом Уйғониш партияси бугун террорчи ташкилотлар рўйхатига қўшилган.

Мамлакатдаги юзлаб масжидларда кечадиган Жума намозларидаги матни “тепадан” келган маърузалар шу кунлар фақат Ислом Уйғониш партиясига қарши тарғибот билан суғорилган.

Шўрочасига фош қилувчи услубда битилган бу маърузаларда ҳозир террорчи ташкилотлар рўйхатига кирган айни партия раҳбарлари, хусусан, Муҳиддин Кабирийнинг давлат тўнтариши уюштиришга ҳаракат қилгани, бу йўлда номи зикр этилмайдиган “хорижий ҳомийлар” билан тил бириктиргани айтилади.

Кечикаётган Ҳайит ва Жума намозлари

Душанбедаги масжидлардан бирида Ҳайит намози ўқилар экан, имом асосан Ислом Уйғониш партияси ва Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари, марҳум Абдуҳалим Назарзодага қарши тарғибот маърузасини ўқиб тугатишга улгурмаган.

Масжиддаги маърузани тинглаган намозхонлардан бирига кўра, намоз вақти кечикиб бораркан, ибодатга келганлар безовта бўлишган.

Ниҳоят, бир неча намозхон: “Етар, намозни бошланг! Бас қилинг!” деб қичқирган.

“Имом маърузани тугатмасдан, намозни бошлашга мажбур бўлди”, дейди у.

Бошқа бир намозхон эса, матбуотда ва бу каби маърузаларда марҳум генералнинг қўша-қўша ҳовлилари, шахсий ширкатлари, беҳисоб бойлиги бўлганига қарамай, “ношукр”лик қилгани ҳақидаги тарғиботга ишонмаслигини айтади.

“Хўп, ҳукуматнинг мулозими бунча бойликни ойлик маошига тўплаганмиди? Нима учун унинг жиноятлари аввалроқ фош қилинмади?” деб савол беради.

Сурат манбаси, none

“Тинчлигимизни кўролмайдиганлар кўп”

Оммавий ахборот воситалари томонидан Ислом Уйғониш партиясига қарши қаратилган ва авваллари мисли кўрилмаган тарғиботга аксарият тожикистонликлар ишонишади.

Ҳам ўқитувчилик ва ҳам бозорда гуруч олди-сотдиси билан шуғулланадиган Раҳимбой ака: “Бу наҳзатийлар (таҳ –Ислом Уйғониш партияси) вақт пойлаб турган, сайловда ютқизиб қўйиб, кейин давлатни босиб олишга ҳаракат қилган. Генерал бўлсанг, Жаноби Олий ( таҳ – Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон) шунча бойлик тўплашингга қўйиб берган, ўзини ёнида ишлатаётган бўлса, шукр қилмайсанми, мана оқибати нима бўлди?” деб норози бўлади.

Икки ўғли Россияда мардикорлик қиладиган, ўзи эса уйда олти нафар невараси билан қолган Муҳайё опанинг айтишича, Ислом Уйғониш партияси Тожикистонни “Афғонистонга айлантирмоқчи” бўлган.

Вилоятдаги маҳаллий журналистларидан бири эса, ярим киноя, ярим ҳазил билан: “Қаранг, электр энергиясига чеклов кечикмоқда, халқ туриб кетиб қолмасин, деб ўйлашдими, зора бу йил узлуксиз беришса”, дейди.

Тожикистоннинг “ўзбекона” йўли

Шундай қилиб, расман бўлмаса ҳам, амалда Тожикистонда кучли бир мухолиф гуруҳ қолмади.

Мавжуд мухолифат гуруҳларнинг халқ орасидаги обрўси ҳаминқадар.

Исми сир қолишини сўраган нодавлат ташкилотлардан бири билан ҳамкорлик қилаётган фаолдан кўра, “мавжуд тузум ҳеч қандай мухолифатга тоқат қилмаслигини очиқ намойиш қилмоқда".

"Авваллари фаолроқ бўлган инсонлар ҳам сўнгги қама-қамалардан кейин ҳайиқиб қолишган. Саноқли мустақил матбуот ҳам бундан бир неча ойга нисбатан анча “ўчиб” қолди”, дейди у.

Унинг фикрича, ҳукумат Ўзбекистон йўлини танлаган. Эҳтимол, бир неча ой ичида мухолифатга умуман тоқат қилинмайдиган ҳолат юзага келади.

Халқ эса ҳали фуқаролар урушини унутгани йўқ.

“Норози қатлам яширин фаолиятни давом эттиради, афсус, уларнинг деярли барчаси радикал диний гуруҳлардан ташкил топган. Ҳозирда нафақат Ислом Уйғониш партияси ва ё бошқа диндорроқ гуруҳлар, балки ҳукуматдан мустақил бадавлатроқ шахслар ҳам назорат остига олинмоқда. Вилоятларда бизнес юритишнинг имкони қолмаган. Халқ мардикорлар юборган пулга умргузаронлик қилмоқда. Ҳар қандай бизнес ва ҳар қандай тадбиркор порасиз бир қадам олдинга қадам қўйиши мисли кўрилмаган ҳолат, коррупция айрим ҳолатларда очиқ кўринади, аммо фақатгина ҳукуматга бўйсунмаган, пора беришдан бош тортганларгина жазоланади. Уй-жойларини, мулкни ва бизнесни тортиб олиш одатий ҳолатга айланмоқда. Гарчанд, Россияда иқтисодий мушкулликлар бўлса ҳам, аксарият муҳожирликни танламоқда”.

Муқаддам ҳукумат тизимида ишлаган мулозимлардан бирининг айтишича, авваллари Тожикистон сиёсатида бир қадар атайинчилик билан Ўзбекистон ҳукумати сиёсатига зидди амал анъанаси бор эди.

“Ўзбекистонда мухолифат яксон қилингани, мустақил матбуот йўқлиги биз учун Ғарб дипломатлари қаршисида мақтанишга мавзу эди. Тепадагилар қўйиб беришганди... Аммо, эндиликда, агар жорий Президент ўзи ва эҳтимолки, фарзандларининг ҳам қудратда муқим қолишини истайди, бу сир эмас, бунинг учун эса, рақобатбардош ҳар қандай кучни йўқотиш керак. Бунинг энг мақбул йўли - “ўзбекча усул”, яъни, мухолифат ва мустақил матбуотга тоқат қилмайсиз, террорга қарши кураш баҳонасида уларни поймол этасиз, жамиятда ёппасига қўрқув муҳитини шакллантирасиз ва билганингизни қиласиз”.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio