"Исломий давлат" сафидаги тожикистонликлар фуқароликдан чиқарилади"

Сурат манбаси, .

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон янги фармонга имзо чеккан. Унга кўра, хориждаги террористик гуруҳлар сафида қатнашувчи тожик фуқаролари автоматик равишда мамлакат фуқаролигидан чиқарилади.

Президент қарори "Исломий давлат" жангари гуруҳи ўз сафларига тожик фуқароларини ёллаётгани ҳақидаги хабарлар манзарасида қабул қилинган.

Тожикистон Ички Ишлар вазирлиги билдиришича, Афғонистон ва Сурияда 500 дан ортиқ тожик фуқаролари жанг қилмоқда.

"Исломий давлат"дан ташқари тожикистонликлар "Толибон" ва "Ўзбекистон Исломий ҳаракати" сафларида борлиги айтилади.

Фармонда шунингдек Тожикистон фуқаролигини олиш шартлари ҳам келтирилган.

Бундан кейин Тожикистон паспортига эга бўлишни истаганлар тожик тилини сўзлашув даражасида билишлари асосий шартлардан биридир.

Фуқароликка Тожикистон ҳудудида туғилган болалар, шу билан бирга, Тожикистонлик фуқаро билан турмуш қурган шахс ҳам даъвогарлик қилиши мумкин, дейилади Тожикистон Президенти фармонида.

"Исломий давлат" ва Марказий осиёликлар

Охирги хабарларга биноан, "Исломий Давлат" сафларида жанг қилаётган марказий осиёликларнинг сони минглабга етган, уларнинг аксариятини ўзбеклар ташкил қилиши ҳақида ҳам маълумотлар чиққан.

Агар, Халқаро Инқироз Гуруҳининг 2015 йил бошида эълон қилган ҳисоботларига таянилса, ҳозир икки мингдан тўрт мингтагача марказий осиёлик "Исломий Давлат" гуруҳи сафларида жанг қилмоқда.

"Исломий Давлат" Ироқ ва Сурияда олиб бораётган жангларига янада кўпроқ марказий осиёликларни жалб этишга муваффақ бўлмоқда.

Радикаллашиш ва Сиёсий Зўравонликни тадқиқ этиш халқаро маркази ва АҚШ Марказий Жосуслик Хизматининг расмий маълумотлари бўйича, "Исломий Давлат" сафида камида 500 нафар ўзбек жангариси бор.

Бироқ интернет орқали ўзларини "Исломий давлат" сафида эканини айтиб, жиҳодга даъват қилган ўзбек тилидаги баъзи видео лавҳаларда жангарилар Сурияда минглаб марказий осиёликлар борлигини айтганлар.

Ўзбекистон ҳукумати ушбу хабарларга расман муносабат билдирмаган бўлсада, давлат матбуоти ва телевидениеси орқали экстремистик гуруҳларга қарши тарғиботни кучайтиргани кузатилган. Таҳлилчилар марказий осиёликларнинг жиҳодий гуруҳларга қўшилишининг асосий сабаби сифатида ишсизлик, қашшоқлик ва диндорларга нисбатан таъқибларнинг ҳаддан ташқари кучайганини келтиришади.

Айни пайтда, интернетда "Ўзбекистон Исломий ҳаракати"нинг Афғон Толибони раҳбари Мулло Умар ўлими муносабати билан эълон қилган мурожаати пайдо бўлган.

Унда "Ўзбекистон Исломий ҳаракати" "Исломий давлат"га содиқликка байъат билан чиққан. Ҳамда Толибон ҳаракатини ҳам "Исломий Давлати" жангари гуруҳига қўшилишга чақирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio