Тожикистондаги ҳужумлар ортида нима бор?

Сурат манбаси, AP

    • Author, Абдужалил Абдурасулов
    • Role, Би-би-си, Марказий Осиё

Душанбедаги сўнгги ҳужумлар ортида лавозимидан бўшатилган мудофаа вазири ўринбосари тургани ҳақидаги хабар Тожикистондаги кўпчиликни ларзага солди.

Генерал Абдуҳалим Назарзода раҳбарлигидаги қуроллилар ҳужумида тўққиз полиция зобити ҳалок бўлган. Гуруҳга қарши махсус амалиёт Душанбе шаҳридан 50 километрча узоқликдаги Ромит дарасида давом этмоқда.

Нега юқори лавозимли хавфсизлик мулозими ўз ҳамкасбларига ҳужум қилишга, қурол-яроғни қўлга киритиш ва сафдошлари билан тоғ дарасига яширинишга қарор қилган?

Шуни қайд этиш жоизки, Тожикистон ҳукумати тақдим этаётган жуда оз ахборот ушбу ҳужумларни таҳлил қилишни қийинлаштиради.

Жаноб Назарзоданинг 1990 йиллардаги Тожикистондаги фуқаролар уруши пайти Бирлашган Тожик Мухолифати(БТМ) таркибидаги дала қўмондонларидан бири сифатида ҳукумат кучларига қарши урушгани хабар қилинган.

1997 йилдаги тинчлик битимидан кейин у армияга қўшилган ва қўмондон бўлган. БТМнинг бошқа аъзолари ҳам тинлик шартномасида кўзда тутилганидек ҳукумат таркибида 30 фоиз ўринга эга бўлишганди. Аммо мухолифатнинг давлат тизимларига бирлашиб кетиши ҳеч қачон силлиқ кечмаган.

Мухолифларни сиқиб чиқариш

Британиянинг Экзетер университетида Тожикистон бўйича тадқиқот юритадиган Эдвард Лемон айтишича, Президент Имомали Раҳмон ўз мухолифларини мамлакат сиёсий саҳнасидан аста-секин сиқиб чиқарди ва бутун мамлакат бўйлаб барча қудратни ўз қўлида жамлашга муваффақ бўлди.

Ҳокимиятни бўлашиш келишувида кўзда тутилган шартларнинг бузилиши норозиликларга ҳам сабаб бўлди ва вақти-вақти билан зўравонликларга ҳам етаклади.

Бунга мисол қилиб собиқ дала қўмондони Мирзохўжа Аҳмадовни 2008 йили ҳибсга олиш уринишини келтириш мумкин. Ўшанда уюштирилган пистирма Ички ишлар вазирлиги махсус бўлинмаси раҳбари ўлимига олиб келганди.

Лекин кейинроқ Мирзохўжа Аҳмадов бошқа собиқ дала қўмондонларига қарши амалиётларида ҳукумат кучларига ёрдам берди, бунинг эвазига бироз муддат озодликда қолди.

Қарийб ўн йил Тожикистонда бўлмаган таъсири кучли қўмондон Мулло Абдулло 2009 йили ватанига қайтганида ҳукумат уни қўга тушириш учун махсус амалиёт бошлади. Бу амалиёт гиёҳванд моддаларга қарши кураш кампанияси дея тақдим қилинди.

Ушбу амалиёт пайти БТМнинг раҳбарларидан бири бўлган собиқ фавқулодда вазиятлар вазири Мирзо Зиёев ўлдирилди. Мулло Абдулло ҳам кейинроқ - 2011 йили ўлдирилди.

Сурат манбаси, RIA

Сиёсий саҳнадан БМТнинг нуфузли вакиллари сиқиб чиқарилар экан, Президент Раҳмоннинг қудрати ҳам ошиб борди ва у қуролли дастакловчиларига эга ҳамда ўз ҳокимиятига раҳна солиши мумкин бўлган собиқ дала қўмондонларига нисбатан қатъийроқ сиёсат юрита бошлади.

"Давлатга қарши қўл кўтарган ҳар қандай одам йўқ қилинади"

Охирги пайтда ҳукумат Бирлашган Тожик мухолифати ўзаги сифатида кўриб келинган Тожикистон Ислом уйғониш партиясига нисбатан босимни кучайтирди. Ҳизб раҳбари таъқибдан қочиб мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди, бугун партия амалда тақиқланган.

Айрим кузатувчилар жаноб Назарзоданинг ишида Тожик ҳукуматининг ўзига қарши чиқадиган ҳар қандай кишини куч билан бостириш истаги кучайиб бораётганининг яна бир мисолини кўрадилар.

Лекин жаноб Назарзода охирги ўн йил мобайнида мухолифатга яқин бўлгани йўқ. Душанбелик сиёсий таҳлилчи Парвиз Мулложонов айтишича, Абдуҳалим Назарзода сиёсатга аралашмаган ва президентга ҳеч қандай таҳдид туғдирмаган.

Бунинг устига дала қўмондонларининг олдинги замонлардагидек сиёсий ёки ҳарбий қудрати ҳозир қолмаган, дея қўшимча қилади таҳлилчи.

Шундай экан, вазир ўринбосарининг қўлига қурол олиш ва ҳукуматга қарши чиқиш қарори остида нима ётгани номаълум. Айни пайтда ушбу ҳужумлар мамлакатда исломий мутаассиблик ортиб бораётганининг бир белгиси деган баёнотларга эҳтиёткорлик билан ёндашган маъқул.

"Режимнинг радикал Ислом борасидаги хавотирларига қарамасдан, мамлакатдаги сўнгги можароларнинг деярли барчасини исломдан кўра кўпроқ маҳаллий сиёсатчиларнинг ўзаро орани очиқ қилиш эди дейиш тўғри бўлади", дейди жаноб Лемон.

Сабаби қандай бўлишидан қатъи назар, Тожик ҳукумати ўзини қатъий чора кўриши лозим деб ҳисоблайди.

2012 йили собиқ дала қўмондони етакчилигидаги гуруҳ мамлакат шарқида хавфсизлик хизмати генералини ўлдирганида ҳукумат у ерга юзлаб қўшинларни, оғир қурол-яроғ ва зирҳли техникани сафарбар этди. Расман 30 исёнчи ва 17 аскар ҳалок бўлган эди.

Бу гал ҳам ҳукумат қуроллиларни ана шу йўлда жазоламоқчи. Бу эса давлатга қарши қўл кўтарган ҳар қандай одам йўқ қилинади деган муждани беради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio