Душанбе яқинидаги милиция постига ҳужум қилинди

Шанба куни кечқурун қуролланган гуруҳ Тожикистон пойтахти Душанбе ташқарисидаги милиция постига ҳужум уюштирган.
Хабарларга кўра, милиция ходимлари орасида талофатлар бор.
Россия ахборот агентликлари Тожикистон Ички ишлар вазирлигидаги манбаларига таяниб, бир нафар милиция ходими қурбон бўлгани ҳақида хабар қилишган.
РИА Ахборот агентлиги билан суҳбатда милиция мулозимларидан бири ҳужумчилар Ваҳдат тумани томонидан келишганини айтган.
Воқеа тафсилотлари ҳақида хабарлар оз бўлса ҳам, мухбирларга кўра, айни ҳужум жума куни пойтахт ва Ваҳдат туманида кечган отишмаларга алоқадор бўлиши мумкин дейишмоқда.
Жума куни кечган тўқнашувларда милиция ходимлари дохил ҳужумчилар гуруҳи аъзоларидан камида 17 киши қурбон бўлгани айтилганди.
Ҳукумат мулозимлари, бу ҳужумлар ортида мамлакат Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзода турганини айтишган ва Президент Раҳмон фармони билан у ишдан бўшатилган эди.
Тожикистон ҳукумати мулозимларига кўра, Абдуҳалим Мирзо Назарзода қочиб қолган ва ҳозирда қидирилмоқда.
Ҳужумлар оқибатида қурбонлар сони борасида аниқ маълумотлар йўқ.
Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, ҳозирга қадар генерал Назарзоданинг гуруҳидан 13 нафари ўлдирилган.
19 нафар гуруҳ аъзоси қўлга олинган.
Ички ишлар вазирлигининг тўққиз нафар ходими ҳам тўқнашувларда қурбон бўлгани айтилади.
Расмий маълумотларга таянилса жами қурбонлар сони 22 нафардир.
Ҳозирда Назарзода яширингани айтилаётган Ромит дарасидаги минтақа ўраб олиниб, Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари ва унинг издошларини қўлга олиш амалиётлари давом этаётгани айтилади Ички ишлар вазирлигининг вебсаҳифасидаги баёнотда.
Генерал Абдуҳалим Назарзода ким?
Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари 51 ёшда бўлиб, Рўдакий тумани, Гулистон жамоа хўжалигида таваллуд топган.
1983-85 йиллар Шўролар армиясида хизмат қилиб қайтгач, пойтахтдаги турфа корхоналарда ишлаган.
Аммо Мудофаа вазирлигининг вебсаҳифасида берилган таржимаи ҳолда, унинг 1993 -97 йиллар қандай иш билан машғул бўлгани айтилмайди.
Бу йиллар Назарзода Тожикистон Бирлашган мухолиф кучлари сафида ҳукумат қўшинларига қарши жанг қилгани англашилади.
1997 йилда тинчлик битими имзоланар экан, уни ҳарбий қисмлардан бирига раҳбар этиб тайинлашади.
Тожикистон ҳарбий қўшинлари таркибида турфа лавозимларда ишлар экан, у Россиядаги ҳарбий академияда таҳсил олгани айтилади.
Айни пайтда Миллий университетни ҳам битиришга улгуради.
Ўтган йил январ ойида Президент Раҳмон фармони билан Мудофаа вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланган.
Сўнгги ҳужумларда ҳукумат томонидан айбланган Абдуҳалим Назарзода ҳозирда Ромит минтақасида ўзининг ўнлаб издошлари билан яширингани айтилади.
Унинг гуруҳи Мудофаа вазирлигига тегишли бинолардан биридан йирик миқдорда қурол-яроқ олиб чиқиб кетгани ҳам айтилади.
Ҳукумат мулозимлари Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Ислом Уйғониш партиясининг аъзоси эканини урғулашар экан, собиқ иттифоқда ягона, расман рўйхатга олинган диний асосдаги партия фаоллари бу хабарни рад этишган.
Уларга кўра, мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Ислом Уйғониш партияси аъзоси бўлмаган.
Ислом Уйғониш партиясининг ўзи сўнгги вақтлар Тожикистон ҳукумати томонидан босим остида қолмоқда.
Айрим кузатувчиларга кўра, ҳукумат Ислом Уйғониш партиясини ёпишга аҳд қилганлар.
Айни партия мухбирларга кўра, Тожикистон ҳукуматига ягона ва реал мухолифатда бўлган бир кучдир.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












