Тожикистон: Исломий партия раҳбарлари ҳибсга олинди

Муҳиддин Кабирий исломий партиянинг зўравонликларга алоқаси борлигини қатъиян рад этган
Сурат тагсўзи, Муҳиддин Кабирий исломий партиянинг зўравонликларга алоқаси борлигини қатъиян рад этган

Тожикистонда Ислом Уйғониш партиясининг 13 нафар фаол аъзолари хавфсизлик кучларига ҳужумларда гумон қилиниб, ҳибсга олинган.

Бош прокуратура эълон қилган баёнотда айтилишича, улар "янги террор ҳужумларининг олдини олиш ва қуролли гуруҳлар тузиш йўли билан вазиятни беқарорлаштиришга йўл қўймаслик мақсадида" ушланган.

Чоршанбадан пайшанбага ўтар кечаси ҳибсга олинганлар орасида, хабарларга кўра, Ислом Уйғониш партияси раисининг уч муовини, бир неча ҳуқуқшунос ва партиянинг матбуот котиби ҳам бор.

Бош прокуратуранинг айтишича, "яшириниш ёки Тожикистон ҳудудидини тарк этиш ниятида бўлган" ушбу шахслар ҳозирда давлатга хиёнат ва бошқа жиноий ҳаракатларда айбланган исёнчи генерал Назарзодага қарши жиноят ишида гумондор сифатида кўрилмоқда.

Чоршанба куни ҳукумат кучлари мамлакат Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзода дохил 33 нафар исёнчини ўлдиргани хабар қилинган.

Расмий Душанбе исёнчи генерал ва тарафдорларини шу ой бошида 14 ҳарбийнинг ўлимига сабаб бўлган зўравонликларда айблайди.

Ҳукумат аввалроқ лавозимидан четлатилган Назарзода муҳожиротдаги Ислом Уйғониш партияси раҳбарининг кўрсатмаси асосида амал қилганини даъво қилган.

Чоршанба куни ҳукумат кучлари Назарзода дохил 33 исёнчини ўлдирган

Сурат манбаси, newsgid.net

Сурат тагсўзи, Чоршанба куни ҳукумат кучлари Назарзода дохил 33 исёнчини ўлдирган

Аммо исломий партия зўравонликларга алоқадорлигини қатъиян рад этади.

Назарзода 1990-йиллар бошида тожик исломий мухолифати билан бир сафда дунёвий ҳукуматга қарши жанг қилгани айтилади.

1997 йилдаги миллий ярашув битими асосида собиқ мухолифат жангчилари мудофаа вазирлиги кучлари билан қўшилган.

Тожик ҳукумати шу ой бошида мамлакатдаги энг йирик мухолифат партияси бўлган Ислом Уйғониш партияси фаолиятини тақиқлаган.

Ҳукумат мўътадил мусулмон фаолларидан ташкил топган мухолифатни "Исломий давлат" гуруҳи билан алоқаларда айблаган.

Ислом Уйғониш партияси фуқаролар уруши ниҳоясига етганидан буён шу йилнинг мартидаги зиддиятли парламент сайловларида илк бор биронта ҳам ўрин олмаган.

Айни пайтда исломий партиянинг муҳожиротдаги раҳбари Муҳиддин Кабирий "на ўзи ва на партиясининг охирги воқеаларга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги"ни айтган.

"Озодлик" радиосининг Тожик хизматига йўллаган баёнотида жаноб Кабирий Назарзода "ҳеч қачон Тожикистон Ислом Уйғониш партияси аъзоси бўлмагани ва партия билан ҳеч қандай алоқаси йўқлиги"ни таъкидлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio