Ворухдаги отишмада икки киши ҳалок бўлган

Хабарларга кўра, 10 июлда Тожик-Қирғиз чегарасида қирғиз чегарачиси томонидан содир этилган отишма натижасида бир тожик фуқароси ўлган, беш нафари яраланган.
Би-би-сининг Тожикистондаги мухбири Мардони Муҳаммаднинг тасдиқлашича, ҳодиса гувоҳлари қирғиз чегарачиси бир неча ворухликка қарши ўқ отганини гапириб берганлар. Ўлдирилган киши ҳам ворухлик оддий йигит бўлган.
Бироқ Тожикистон Чегара қўмитасидан ҳодиса ҳақида расман маълумот олишнинг иложи бўлмаган.
Мухбиримизга кўра, Ворухнинг Бедак қишлоғида содир этилган ҳодиса тафсилотлари ўрганилмоқда.
Гувоҳларнинг билдиришича, бир неча кундан буён қирғиз томони ворухликлар билан Бедак ерлари ўзларига тегишли экани устида баҳслашган.
Бедакда тожиклар боғдорчилик билан шуғулланиб келадилар.
Охирги хабарларга кўра, жароҳат олган кишилардан яна бири касалхонада жони узилган.
Айни пайтда Тожикистон Ташқи Ишлар вазирлиги Тожик-Қирғиз чегарасидаги воқеа юзасидан баёнот чиқарди.
Унда айтилишича, 10 июл куни соат 11.30да Исфара туманининг "Ворух" хусусий хўжалиги ерларига қувур ётқизиш учун бир гуруҳ тожик фуқаролар ишлашга келганлар. Ўша ҳудудга яқин Қирғизистоннинг Томдиқ чегара пости ходимлари тожик фуқароларига қўпол муносабатда бўлгани, тезда ишни тўхтатиб, кетишлари талаб қилингани айтилади.
Тожикистон чегарачилари қирғиз ҳамкасбларини муомалага чақиришган, улар эса тўсатдан ўқ узишган. Натижада бир киши воқеа жойида ҳалок бўлган, 7 тинч фуқаро ва бир чегарачи яраланган. Тожик чегарачилари битта ҳам ўқ узмаган, таъкидланади ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Қирғиз томони буни рад қилади. Юз берган ҳодиса юзасидан Қирғизистон ҳукумати баёнот тарқатган.
Қирғизистон Давлат Чегара хизмати матбуот бўлими Боткен вилояти Боткен тумани Томдиқ мавзесида Қирғизистон ва Тожикистон чегарачилари ўртасида отишма юз берганини маълум қилган.
Отишма Тожикистон фуқароларининг ноқонуний ҳаракатлари орқасидан келиб чиққан, дейилади Қирғизистон чегара хизмати баёнотида.
Унга кўра, 30 га яқин тожик фуқаролари Ворух анклавининг Бедак қишлоғига Қирғизистон ҳудуди орқали қувур ётқизишга уринганлар.
Баёнотда айтилишича, Қирғиз чегарачилари ишни тўхтатишни сўраганлар, бунга қарши тожик фуқаролари уларга тошлар отганлар.
Шундан сўнг қирғиз чегарачиси ҳавога огоҳлантирув ўқи узган, ҳодиса ерига яқин турган тожик чегарачилари ҳам жавоб қайтарган, дейилади шунингдек.
Қирғизистон бош вазир ўринбосари Абдураҳмон Маматалиев ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари бошланганини билдирган.
Хабарларга қараганда, Қирғиз ва Тожик бош вазир ўринбосарлари Абдураҳмон Маматалиев ва Муродали Алимардонов Исфарада учрашиб, бўлиб ўтган ҳодисани муҳокама этишмоқчи.
Тожик ва Қирғиз чегарасидаги баҳсли ҳудудлар муаммоси йилларки ечилмай келади.
Икки давлат ўртасида 560 чақирим баҳсли майдонлар бор.
Томонлар баҳсли ерлар бўйича ўз қарашини ёқлайди ва у жойлар харита бўйича ўзига тегишли эканини айтади.
Кузатувчиларга кўра, иккала томон шўролар даврида белгиланган турли хариталарга асосланиб ўз хақлигини исботламоқчи, бу эса ҳал бўлмайдиган масаладир.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












