Қирғиз – Тожик чегарасидаги тўқнашувда жароҳатланганлар бор

Низо Боткент вилояти Жака-Ўрик қишлоғида 7 май куни маҳаллий вақт билан 19:00 атрофида бошланган. Тунги учгача давом этган тўқнашувда икки томондан ҳам 1,5 мингга яқин одам қатнашгани айтилмоқда. Натижада бир неча бино ва машинага ўт қўйилган. Қирғизистон томонидан 14 одам жароҳат олган.
Тожикистон томонидан қанча одам жабр кўргани ҳозирча номаълум.
Қирғиз чегара хизматининг маълум қилишича, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ўртасида тўқнашув келиб чиқишига безорилик сабаб бўлган.
“Дастлабки маълумотларга кўра, Боткент вилояти қирғиз-тожик чегарасида рўй берган ҳодисага Тожикистон фуқаросининг Қирғизистон фуқароси машинасига тош отиб қилган безорилиги сабаб бўлган. Машина эгаси Боткент-Исфана йўналишида кетаётган бўлган”, - дейилади Қирғизистон чегара хизмати хабарида.
Тўқнашув натижасида Боткент вилоят марказий шифохонасига 9 фуқаро турли тан жароҳати билан ётқизилган, уларнинг иккитасининг аҳволи оғирлиги айтилмоқда.

Жанжал чиққан жойга икки томондан ҳам 1500 га яқин одам тўпланганлиги ва бир бирига тош отгани маълум.
Йиғилганлар Боткент-Исфана йўлини ёпиш қўйишга уринган, бироқ иккинчи томоннинг қаршилиги остида бунинг уддасидан чиқолмаган.
Низони бартараф этиш учун икки давлатнинг куч ишлатар тизимлари жалб қилинган. Одамларни тарқатиш ва ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш учун Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари осмонга огоҳлантирувчи ўқ узган, бироқ расмийларнинг таъкидлашича, ушбу уриниш фойда бермаган.
Қирғизистон чегара хизмати хабарида айтилишича, тунги 22:30да Қирғизистон ҳудудидаги Самаркандек қишлоқ бошқармасига қарашли Кўк-терак қишлоғида автомобилларга ёнилғи қуйиш шаҳобчаси, дўкон ва иккита юк машинасига ўт қўйилган.
8 май тунги 3:00 атрофида икки давлатнинг чегара ва тартибни сақлаш органлари ҳаракати билан жанжалга барҳам берилган.
Айни вақтда чегара ҳудудида вазиятнинг тинч эканлиги айтилмоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002












