Қирғиз - Тожик чегарасида навбатдаги низо бартараф этилди

Сурат манбаси, Askar Baimuratov

    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист

Чегаролди ҳудудларда яшовчи аҳоли икки давлат раҳбарларини мавжуд муаммони тезроқ ҳал қилиб беришларини илтимос қиладилар.

Расмийлар эса, бунинг учун вақт кераклигини айтадилар.

Қирғизистоннинг Боткен вилоятига қарашли Оқсой қишлоғи аҳолиси Тожикистонга тегишли Ворух эксклави билан Исфара туманини боғловчи йўлни, 14 - мартда ҳамқишлоқларидан бири қўшни давлат фуқаролари тарафидан дўппосланиши ортидан тўсиб қўйган.

Бунга жавобан, Тожикистоннинг Хўжа Аъло қишлоғи аҳолиси ҳам Оқсой қишлоғини Боткен шаҳри билан боғловчи йўлни тўсган.

Иккала тарафдан йиғилган 200 дан ортиқ одам бир-бирларини тош билан нишонга олганлари айтилмоқда.

Зиддиятни бартараф этиш учун маҳаллий куч тизимлари сафарбар этилган.

Шунингдек, Боткен вилояти раҳбари ўринбосари Сеит Абрахманов ҳамда Боткен тумани ҳокими Сеитмурат Қалиқов бошчилигидаги гуруҳ, Тожикистоннинг Исфара тумани бошчиси Даврон Захидзода билан муаммони воқеа жойида муҳокама этиб, тарафларни яраштирганлар ва 15 март куни кечга яқин тўсиб қўйилган йўлни очишга эришганлар.

Тожикистон тарафининг билдиришича, низо Оқсой қишлоғининг яшовчиси, тожикистонлик йўловчи ташувчи кичик автобуснинг ҳайдовчисини ҳақоратлаганидан кейин бошланган.

Боткен тумани ҳокими Сеитмурат Қалиқовнинг сўзларига кўра, бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан икки тарафлама тергов ишлари олиб борилмоқда.

13 - март куни Тожикистоннинг Хўжа Аъло қишлоқ яшовчилари, Қирғизистоннинг Уч Довон қишлоғи билан чегарадош йўлга тупроқ солаётганида, ушбу қишлоқ аҳолиси ишни тўхтатишни талаб қилган ва ўзаро келишмовчилик келиб чиққан.

Муаммо маҳаллий милиция ходимлари аралашуви билан ҳал этилган.

Воқеадан кўп ўтмасдан, шу куннинг ўзида Қирғизистоннинг Оқсой қишлоғи йўлини тўғрилаш учун кетаётган ер текисловчи махсус машина(грейдер)ни Тожикистон чегарачилари ўтказмай қўйиши ортидан, чегарада икки тарафдан яна аҳоли тўпланган ва маҳаллий расмийларнинг ўзаро музокараларидан сўнг тарафлар тарқалганлар.

Жорий йил бошидан Қирғизистон - Тожикистон чегараларида яшовчи аҳоли ўртасида бир неча низолар қайд этилган.

Улардан 11 январда юз берган чегарачилар ўртасидаги отишма натижасида, Қирғизистоннинг беш нафар, Тожикистоннинг эса уч нафар чегарачиси яраланган.

Собиқ Совет Иттифоқи тарқаши ортидан, мустақиллика эришган Марказий Осиё давлатлари, жумладан Қирғизистон - Тожикистон ўртасидаги баъзи черагараолди ҳудудлари ҳали ҳануз аниқланмаганлиги ҳудудда яшовчи аҳолига бир қатор ноқулайликларни яратмоқда ва уларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.