Қирғиз ва Тожик чегарачилари ёпиқ музокара ўтказишди

Сурат манбаси, BBC World Service
Тожикистон билан Қирғизистон чегара қўшинлари қўмондонлари учрашиб, Боткен вилоятидаги можародан кейинги тарангликни юмшатиш чораларини кўришга келишиб олганлар.
Тожик ва Қирғиз расмийлари хабар қилишларича, музокаралар ёпиқ эшиклар ортида ўтган.
Тожикистон Чегара қўшинлари қўмондони Раҳмонали Ражабали ва қирғизистонлик ҳамкасби Раимберди Дуйшенбиев Тожикистон ҳудудида, Суғд вилоятининг Исфара туманида учрашганлар.
Бу борада тарқатилган хабарларда "томонлар юзага келган вазиятни муҳокама қилганлари ва чегарадаги аҳволни барқарорлаштиришнинг биргаликдаги чораларини ишлаб чиққанлари" хабар қилинади.
"Икки мамлакатнинг чегараларни қўриқлаш идоралари ҳали келишилмаган чегара ҳудудларидаги тарангликни бартараф қилиш мақсадида ҳамкорлик қилишга" рози бўлганлари хабар қилинган.
Расмийларга кўра, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида яқин орада ҳамкорлик ҳужжати имзолашга келишиб олинган.
15 январ куни эрталаб айрим Қирғиз оммавий ахборот воситалари Боткен вилоятидаги маҳаллий аҳолига иқтибосан Тожик ҳарбийларининг ҳозирлигидан шикоят қилганлари ҳақида хабар тарқатган.
Бироқ афтидан чегара қўмиталари раҳбарлари музокараларида айтилганидек, томонлар вазиятни янада кескинлаштирадиган амаллардан тийилишга ҳаракат қилмоқдалар.
14 январ куни кечқурун Қирғиз чегара хизмати Тожик томонини аҳволни кескинлаштираётганликда айблаб чиқди.
Қирғиз тарафига кўра, музокараларга Тожикистон вакиллари "тўла жанговар анжом ва бронежилетларда" келишган.
Музокаралар чоғида тожик томони Кок-Таш-Ак-Сай" автойўли қурилишига қатъий қаршилик кўрсатиш ниятида эканини билдирди", - дейилади қирғиз чегара хизмати тарқатган хабарда.
Қирғизистон Давлат чегара хизмати "Қирғизистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун барча зарур ҳозирлик чораларини кўргани, шу жумладан, эҳтимолий қуролли ҳужумни қайтаришга тайёр"лигини айтган.












