Боткендаги ҳодиса юзасидан суриштирув бошланган

Сурат манбаси, Askar Baimuratov
Хабарларга кўра, Қирғизистоннинг Боткен туманида кеча, 11 январда содир бўлган отишмадан сўнг вазият тинчигани, Қирғиз ва Тожик томони расмийлари ўзаро музокаралар олиб бораётгани айтилмоқда.
Воқеа жойига Тожикистон ва Қирғизистон Ички ишлар вазирлари ўринбосарлари ҳамда икки мамлакат чегара хизмати бош штаби раҳбарлари етиб боришган.
Ҳодиса юзасидан биргаликда суриштирув ишлари бошланди, деб хабар беради ҳуқуқ-тартибот идоралари.
Қирғизистон Бош вазири Жанторо Сотиболдиев Боткен вилоятидаги вазият бўйича йиғилиш ўтказган. Хавсизлик кучларига чегарада хавфсизлик чоралари кучайтирилишни ва маҳаллий аҳоли орасида тушунтириш ишлари ўтказилишини топширган.
Айни пайтда отишмада жароҳат олган олти қирғиз аскарининг аҳволи оғирлиги айтилади.
Чегара ҳодисаси
Кеча 11 январда Қирғизистондаги хабар агентликларининг қирғиз чегара хизмати матбуот воизига асосланиб хабар тарқатишича, икки давлат чегарачилари ўртасида даҳанаки жанг келиб чиққан ва отишмага айланган.
Чегара посбонлари ўртасида отишма қарийб бир соат давом этган. Натижада сўнгги хабарларга кўра, беш тожик ва олти нафар қирғиз чегарачилари яраланган.
Қирғиз томонидан воқеа содир бўлган Боткен вилоятининг Боткен туманига қирғиз чегара хизматининг бош штаби раҳбари Полковник Искендер Мамбеталиев йўл олган.
Ҳозирда мазкур ҳодиса туфайли қирғиз-тожик чегара нуқталаридаги қатнов бутунлай тўхтатилган.
Тожикистонлик маҳаллий яшовчиларга кўра, қирғизлар ўз чегарачилари ҳамроҳлигида баҳсли ҳудудда автомобил йўлини қуришни қайта бошлашга уринганлар. Тожик тарафи бу йўл Тожикистоннинг Исфара шаҳри таркибидаги Хожи Ало қишлоғи ҳудудидан ўтишини айтишади.
Тожик маълумотига кўра, қурилиш ишларини тўхтатиш учун етиб келган тожик чегара зобитларига қарата қирғиз ҳамкасблари автоматик қуроллардан ўт очганлар, ва бунинг оқибатида икки тожик зобити яраланиб Исфара шаҳри касалхонасига ётқизилган.
Маҳаллий яшовчи қирғиз томонидан ҳеч ким жароҳат олмаганини даъво қилади.
Қирғизистон ва Тожикистон чегараси учун бу ҳодиса ғайриоддий ҳол эмас.
17 декабрда Қирғизистоннинг Ақ-Сай қишлоғи аҳолиси ва Ворух тожик анклави яшовчилари ўртасида можаро келиб чиққанди. Хабарларга кўра, Ақ-Сайликлар анклавга йўлни беркитиб, ўз ҳукуматидан Тожикистоннинг Чорку қишлоғини айланиб ўтувчи йўлни қуриб беришни талаб қилганлар.
Икки ҳукумат вакиллари музокаралари ортидан йўл қайта очилганди.
Бу музокаралар оқибатида 9 январда Исфарада қирғиз-тожик чегарасидаги муаммоли ҳудудларда биргаликда қўриқлов ишларини олиб бориш тартиби келишиб олинганди.
Кейинги йилларда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасидаги баҳсли ҳудудлар юзасидан фуқаролар ва ҳарбийлар ўртасида тез-тез жанжаллар юзага келиши кузатилади.
Шўролар Иттифоқи тугагач, кўп таҳлилчилар бундай жанжалларнинг олдини олиш учун Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги чегараларни аниқлаб, белгилаб чиқиш лозимлигини урғулашмоқда.
Муайян ҳудудларда бу ишлар бошлангани айтилади. Аммо ўртадаги қатор баҳсли ҳудудлар ва объектлар масаласи ҳали тўла ечимини топмаган.












