Ҳожилар ва мўйловсиз соқоллилар Россияга таҳдидми, Қозоғистон-чи, нимадан хавотирда?

Сурат манбаси, Rasmiy
Энди ўзбекистонликларга янада қийин бўладими?
Россия ва Қозоғистондан хавотирли хабарлар олинмоқда...
Алоқадор мавзулар:
Нима гап?

Сурат манбаси, GETTY IMAGES/ANADOLU AGENCY
Россия Қозоғистон билан бирга ўзбекистонликлар учун энг йирик иккита ташқи меҳнат бозоридан биттаси бўлади.
Йилларки, икковлон биргаликда миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқароларини ҳам расман ва ҳам норасман иш билан таъминлаб келади.
Бу икки давлатдаги ташқи меҳнат миграцияси Ўзбекистон ҳукумати учун жуда муҳим аҳамият касб этади.
Минтақада аҳолиси энг катта бўлган (расман 37 миллиондан ошувчи - таҳр.) Ўзбекистонда бугун ҳам анчайин долзарблигича қолаётган камбағаллик ва ишсизлик муаммосининг энг имконли ва энг амалий ечими бўлади.
Мамлакатда ижтимоий портлаш эҳтимолини юмшатиб келаётган энг муҳим воситалардан бири сифатида кўрилади.
Сўнгги хабарлар Москвадаги қонли ҳужум ортидан Россияда кучайиб бораётган аксилмиграцион сиёсат ва кайфият манзарасида ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистонда, Қозоғистон фуқароларининг Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмасдан бўлиш муддатининг 5 кундан 30 кунгача узайтирилишига йўл очувчи баённомани ратификация қилиш тўғрисидаги қонуннинг имзолагани расман маълум қилинганидан қисқа вақт ўтмай олинмоқда.
Худди шуниси билан хавотирли аҳамият ҳам касб этмай қолмаган.
Янги тафсилотлар

Сурат манбаси, Getty Images
Шу кунларда Россия кўпроқ кимларни ортга депортация қилаётгани ёки мамлакатга киритмаётганига оид янги тафсилотлар ўртага чиқди.
Тожикистон бўладими, Қирғизистон ёки Ўзбекистон - бу сўнгги ҳафталарда аксарият Марказий Осиё ҳукуматлари ва фуқароларининг диққат-эътиборидаги ҳамда жиддий хавотирларига молик энг муҳим масалалардан бири бўлади.
Бу ҳақда шу кунларда Тожикистондаги етакчи мустақил нашр бўлган "Азия-Плюс" Россияга киритилмай, маълум вақт Москва аэропортларининг бирида қолиб кетган айрим тожикистонлик мигрантларнинг ўзлари билан суҳбатлашиб, хабар берди.
Агар, уларнинг сўзларига таянилса, Россия пойтахтидан депортация қилинган ёки чиқариб юборилганлар асосан араб давлатларида бўлган, Туркияда бўлиб қайтган ва соқол қўйганлардир.
"Россия Федерал Хавфсизлик бюроси ҳар бир кишининг ҳужжатларини текширди. Чиқариб юборилганлар орасида Ҳажга борганлар ва соқол қўйганлар кўп эди. Кейин яна Туркияга борганлар ҳам. Аммо бирор бир сабабсиз депортация қилинганлар ҳам бўлди. Масалан, менинг соқолим ҳам йўқ, Ҳажга ҳам, Туркияга ҳам бормаганман, лекин киритишмади", - деб айтган улардан бири нашрга.
Унинг сўзларига кўра, бу депортация эмас, чиқариб юбориш бўлган ва йўловчилар турли муддатларга Россия Федерациясига кириш ҳуқуқидан маҳрум этилганлар.
"Азия-Плюс" суҳбатлашган бу тожикистонликнинг айтишича, бундан аввал ҳам Россияга кўп бор келган, ҳужжатларининг ҳаммаси жойида бўлган, бирор бир қонунни бузмаган ва мақсади ишлаш бўлган.
Шундай деркан, у ортиқ Россияга бориш истаги йўқлиги, русларнинг бундай муносабатидан чарчагани, Англияга мавсумий ишларга ҳужжат топширмоқчи ва бундан буёғига Ғарб давлатларига боришга ҳаракат қилишини ҳам таъкидлаган.

Ўтган ҳафта узоқ йиллардан буён Россиядаги Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келаётган таниқли фаоллардан бири ҳам ўзининг худди шунга ўхшаш хавотирлари бўлишган.
Валентина Чупик Тожикистон фуқаролари ортидан энди Ўзбекистон ва қирғизистонликларнинг ҳам Россияга киритилмай, ёппасига ортга қайтарила бошланганини айтаркан, "рўмолли аёллар ва мўйловсиз соқол қўйган эркаклар"ни алоҳида тилга олиб ўтганди.
Тожикистон дунёнинг Россия билан икки фуқаролик тўғрисида шартнома амалда бўлган ягона давлати экани эса, сўнгги хабарлар залвори ва аҳамиятини янада бўрттирган.
Шу йилнинг 22 мартида юз берган, Путин ва Россия "буюртмачи"ларини расмий Киевга боғлаган ва 140 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган Москвадаги қонли ҳужумга масъулиятни Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан.
Америка томони ҳужумни гуруҳнинг аксарият Марказий Осиё давлатларига чегарадош Афғонистондаги Ҳуросон қанотига нисбат берган, бунга далиллари борлигини айтган.
Терактни уюштирганлик ва унга алоқадорлик гумони билан ўндан ортиқ Марказий осиёлик меҳнат муҳожири ҳибсга олинган.
Улардан аксариятининг Тожикистон фуқаролари эканликлари кўрилган, аммо ораларида қирғизистонликлар ҳам борлиги ҳақида расман хабар берилган.
Марказий Осиё давлатлари аҳолисининг аксарияти сунний мусулмонлар бўлишади.
Россиянинг ўзида эса, Ислом иккинчи йирик дин саналади, мамлакатдаги миллионлаб мусулмонларнинг салмоқли қисми айнан Марказий осиёлик мигрантлар ҳисобига тўғри келади.
Россия аэропортлари ва ичкарисидаги муносабат Тожикистон ва Қирғизистоннинг ўз фуқароларига устма-уст тавсия билан чиқишларига ҳам сабаб бўлган, уларга ўта зарур бўлмаса, Россияга бормай турмаслик маслаҳат берилган.
Янги хавотирлар

Сурат манбаси, Screenshot
Шу кунларда Россиянинг ортидан энди Қозоғистон ҳам Марказий осиёлик, хусусан, Тожикистондан келган меҳнат муҳожирларини текшириш, қонун-қоидабузарларини ушлаш ва ортга депортация қилишни кучайтирганига оид хабарлар олинган.
Агар, айрим Ғарб нашрларида бўй кўрсатган хабарларга таянилса, бу ҳақда Қозоғистондаги тожикистонлик мигрантларнинг ўзлари хабар қилишган.
Улар омммавий ҳибсга олишлар ва депортация ҳолларидан шикоят қилишган, ҳатто "вақтинчалик пропискага эга бўлганларнинг ҳам ҳибсга олиниб, депортация қилинган ҳолатлар бўлаётгани"ни айтишган.
Хабар аллақачон минтақанинг йирик нашрлари эътиборини ҳам ўзига тортган, сарлавҳаларига чиққан.
Худди шу манзарада Ўзбекистон ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирликлари Қозоғистонга боришни режалаштираётган фуқароларига расман мурожаат билан чиқишган.
Қозоғистонга кириш қоидаларига ўзгартиришлар киритилгани муносабати билан улардан барча зарур ҳужжатларни ўзлари билан олиб юришларини сўрашган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги худди шу мурожаатининг ўзида ўзбекистонликларни, "Агар Россия Федерациясида бўлиш даврида қайд этилган қоидабузарлик ёки тўланмаган жарима аниқланса, Қозоғистон томони Ўзбекистон фуқаросининг Қозоғистон кириши ёки чиқишини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин"лиги билан ҳам огоҳлантирган.
Вазирлик Россия ва Қозоғистон ўртасидаги маъмурий ва жиноий ишлар бўйича қарорларни ўзаро тан олиш ва ижро этиш тўғрисидаги келишувга мувофиқ, Қозоғистон буни текшириши мумкинлигини айтган.
Қозоғистон Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларини текшириш, бўлиш ва ишлаш тартибини бузганларини ушлаш ва чиқариб юборишни кучайтирганига оид хабарларга ҳозирча Ўзбекистон томони муносабати имконсиз.
Аммо шу кунларда Тожикистон Меҳнат вазирлигининг ишчи гуруҳлари мамлакат аэропортларида мигрантлар билан тушунтириш ишлари олиб боришаётганига оид хабарлар ҳам олинган.
Тожикистон билан Қирғизистон Марказий Осиёнинг энг қашшоқ икки мамлакати, табиий энергия захираларига бой Қозоғистон минтақанинг энг бой ва иқтисоди энг йирик давлати бўлади.
Худди ўзбекистонликлар каби Қозоғистонда турли иш, юмуш ва таҳсилда бўлган тожикистонликларнинг сонлари ҳам юз минглаб экани айтилади.
Аммо Москванинг Крокусидаги ҳужум Ўзбекистоннинг ўзида ҳам хавфсизлик чораларининг кучайтирилишига сабаб бўлган.
Март ойи охирида Тожикистон фуқароларининг Грузияга киришда ҳам қийинчиликларга тўқнаш келишаётгани ҳақида хабарлар олинган.
Туркия эса, ўтган ой бошида Тожикистон билан икки ўртада амалда бўлган визасиз режимни расман бекор қилишгача борган.
Аксарият минтақа аҳолиси учун энг йирик меҳнат бозорларидан бири бўлган Туркиянинг бунчалик кескин кетиши ўшанда Ўзбекистондаги кўпчиликнинг ҳам эътиборига тушган, уларнинг жиддий хавотирларига ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида миллионлаб сондаги фуқаролари учун ташқи меҳнат бозорларини турфалаштириш шу кунларда Ўзбекистонда шахсан президент эътиборига молик масала, муаммо даражасига кўтарилгани кўрилади.
Шу соатларда пойтахт Тошкентдан олинаётган хабарларга кўра, президент Шавкат Мирзиёев Москвага ташрифининг эртасига, яъни бугун 10 май куни маҳаллий саноат тармоғидаги ички имкониятларни сафарбар этиш орқали аҳолини ишли ва даромадли қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказган.
Худди шу йиғилиш чоғида "муҳим масала" сифатида тилга олиниб, тартибли ва хавфсиз меҳнат миграциясига ҳам эътибор қаратилгани маълум бўлган.
Агар, йиғилиш чоғида келтирилган расмий рақамларга таянилса, жорий йилнинг январь-март ойида 58 минг нафар ўзбекистонлик меҳнат миграциясидан қайтиб келган бўлса, Москвадаги қонли ҳужум ортидан кечган биргина апрел ойининг ўзида бу рақамлар 57 мингтани ташкил этган.
Йил охиригача яна 250-300 минг нафарининг қайтиши прогноз қилинаётгани ҳам айтилган.
Аммо расмий хабар тафсилотларидан уларнинг қай бир давлатдан қайтишгани ва қайтишлари кутилаётган тафсилотлари ноаён қолган.
2 май: Россия энди ўзбекистонлик мигрантларни ҳам оммавий киритмаяптими?

Сурат манбаси, Getty Images/KHURSHED DAVRONOV
Тожикистон фуқаролари ортидан Россия энди Ўзбекистон ва қирғизистонлик мигрантларини ҳам мамлакатга танлаб киритаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.
Россиянинг "Агенство" нашри ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупикка таяниб ёзишича, Россия чегара хизмати сўнгги кунларда нафақат Тожикистон фуқароларини балки Ўзбекистон ҳамда Қирғизистондан ҳам келаётган мигрантларни ҳам оммавий равишда мамлакатга киритмаяпти.
Би-би-си хабарга муносабат беришни сўраб Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилди.
Migrant.uz нашрининг мухбири Соҳиба Ҳайит Би-би-сига ҳолат оммавий эмаслиги, балки чегара хизмати "шубҳали" кўринган шахсларни киритмаётганлигини айтди. У мигрантларнинг ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларидан шундай хулосага келган.
Аммо россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик "Агенство" нашрига кириб келаётган мигрантларни оммавий ушлаш 24 апрелда бошлангани ва 1 майга келиб Россия аэропортларида 4500, қуруқликдаги чегара назорат нуқталарида ҳам тахминан шунча одам тўпланиб қолганини айтган.
Унга кўра, ушлаб турилганларнинг фақат чорак қисми Тожикистон, қарийб ярми Ўзбекистон ва қолганлари Қирғизистон фуқаролари.
Ушланганларнинг катта қисми икки сутка ичида ортга қайтарилади, айрим ҳолатларда бу жараён бир ҳафтага чўзилиши мумкин.
"Агенство"нинг ёзишича, ҳуқуқ ҳимоячиси 24 апрел куни чегарачилар ушлаган мигрантлардан 200 дан ортиқ мурожаат олган.
"Россияга рўмолли аёллар ва мўйловсиз соқол қўйган эркакларни киритмаяпти", дейди Чупик.
Би-би-си Валентина Чупик келтирган Ўзбекистонга оид рақамлар ва маълум тоифидаги шахсларнинг киритилмаётганига оид иддоаларни мустақил манбалардан тасдиқлата олгани йўқ.
Би-би-си Ўзбек хизмати Москва вилоятидаги "Крокус холл сити" концерт залида содир этилган террорчилик ҳужумидан бир оз ўтиб Тожикистонлик мигрантларнинг Россияга оммавий равишда киритилмаётгани ҳақида хабар берганди.
30 апрел: Тожикистон Россиядан норози: Мигрантларнинг Россиядан оммавий қайтарилиши Тожикистон ҳукуматига таҳдидми?

Сурат манбаси, Reuters
Москва аэропортларида юзлаб Тожикистон фуқароси ушланиб туриши ортидан Тожикистон Россияга норозилик билдирди. Расмий Душанбе нега мигрантларнинг бутунлай чиқарилиб юборилишига тайёр эмас?
Москвадаги ҳужумлардан сўнг Россия ҳукумати мамлакатдан оммавий равишда биринчи навбатда тожикистонлик ва Марказий осиёлик мигрантларни чиқара бошлади.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги 29 апрел куни Россиянинг Душанбедаги элчисига норозилик нотаси топширди.
"Унда Россияда Тожикистон фуқароларига нисбатан оммавий содир бўлаётган кескин салбий муносабат ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кенг миқёсда бузилиш ҳолатларидан жиддий хавотир билдирилган" деган Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳин Самади "Азия-Плюс" нашрига.
Вазирлик хабарида айтилишича, нотада бундай ҳаракат фақат Тожикистон фуқароларига нисбатан қўлланилаётгани, бу тожик-рус муносабатлари руҳи ва анъаналарига тубдан мос келмаслиги қайд этилган.
Олдинроқ Россиянинг Душанбедаги элчиси Семен Григорев билан Тожикистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Содиқ Имоми учрашганди. Мулозим Россияга Тожикистон фуқароларининг тушунтиришларсиз киритилмаётганидан хавотир билдирган.
Тожикистон фуқаролари Россияга танлаб киритилмоқда
Москва вилоятидаги "Крокус Сити Холл" концерт залида содир бўлган терактда Тожикистон фуқаролари гумонланиб қўлга олингач, тожикистонлик мигрантларга нисбатан муносабат кескин ўзгарди.

Мамлакат ичида Марказий осиёлик, хусусан, тожикистонлик мигрантларга қарши рейдлар кўпайди.
Улар самолётларни тўлдириб Тожикистонга қайтарилди.
Турли сабаблар билан Россияга бораётган Тожикистон фуқаролари эса, икки давлат ўртасида виза тизими бўлмаса ҳам мамлакатган чертиб-чертиб қўйила бошланди.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Москва аэропортларида тўпланиб қолган Тожикистон фуқаролари билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолмоқда.
Вазирликнинг 27 апрелдаги маълумотига кўра, Внукова аэропорти вақтинчалик сақлаш ҳудудида 954 Тожикистон фуқароси ушлаб турилибди.
Уларнинг орасида Россия олийгоҳларига ўқиш учун келан талабалар ҳам бор.
"Чиқариб юборилганларнинг сони 27 кишини ташкил қилади. Бу каби чоралар фақат Тожикистон фуқароларига кўлланилмоқда", дейилади вазирлик хабарида.
Бундан ташқари Жуковский, Домодедово ва Шереметево аэропортларида ҳам айни вазият кузатилмоқда. У ерларда ҳам ўнлаб тожикистонлик ушлаб турилибди.
27 апрел куни Тожикистон ТИВ фуқароларни "зарурат бўлмаса" Россияга боришдан вақтинча тийилишни тавсия қилган эди.
Бунгача вазирлик сўнгги бир неча ҳафта ичида фуқароларнинг Россияга киришига оммавий тўсқинлик қилинаётгани ҳақида хабар берганди.
"Азия-Плюс" нашрининг ёзишича, 22 апрель куни Оренбург вилоятидаги Қозоғистон-Россия чегарасида Тожикистон давлат рақамларига эга 180 га яқин автомобиль тўпланиб қолган.
Тожикистон фуқароларига чегарадан ўтишга фақат телефон текшируви ва сўроқдан сўнг рухсат берилгани айтилган.
Нашрнинг ёзишича, 29 апрел куни ҳам чегарада автобус ва автомобиллар тўпланиб қолган.
Тожикистон фуқаролари Россияга кириш учун кўпроқ кутишга тўғри келмоқда.

Сурат манбаси, Asia plus
Россия ТИВ Қозоғистон билан чегарадаги текширувларнинг бошланишини терористик таҳдидларнинг сақланиб қолаётгани билан изоҳлаган.
Нега Тожикистон Россиядан мигрантларнинг оммавий чиқариб юборилишига тайёр эмас?
Қарийб бир ойдан бери Россияда тожикистонлик мигрантларга нисбатан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ов тинмаётгани айтилади.
Куч тизимлари мигрантларни ётоқхона, иш жойлари ва ҳатто масжидлардан тутиб кетаётгани хабар қилинмоқда.
Ҳужжати жойида бўлмаган мигрантлар Россиядан оммавий равишда депорт қилинмоқда. Мамлакатга кирмоқчи бўлаётганларни эса "жамоат хавфсизлиги" деган баҳона билан киритишмаяпти.
12 апрелда Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ҳужумларда гумон қилинган Тожикистон фуқароларнинг қийноқларга тутилгани қоралаб чиқди.
У Россия томони тергов давомида халқаро ҳуқуқ ва меъёрларга, айниқса айбсизлик презумпцияси ҳамда қийноқларни тўхтатишга риоя қилиши кераклигини айтди.
Тожикистоннинг собиқ Иқтисод вазири ўринбосари Каримжон Аҳмедов расмий Душанбенинг қийноқлар борасидаги норозилиги ортидан Россияга кириб келаётган тожикистонликларга назорат кучайтирилган бўлиши эҳтимоли борлигини айтади.
Унинг "Настоящее время" нашрига айтишича, Тожикистон Россияга ҳам иқтисод ҳамда сиёсий жиҳатдан қарам ва одатда бу каби чиқишлар ички аудиторияга мўлжалланган бўлади.
Каримжон Аҳмедовнинг таъкидлашича, Тожикистон Россиядан мигрантларнинг оммавий қайтишига тайёр эмас.
"Умуман тайёр эмас. Чунки Тожикистоннинг 70% аҳолиси қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлайди ва бу соҳа ривожланмаган. Адашмаётган бўлсам бу Тожикистон иқтисодининг 17-18 % ташкил қилади. Ҳукумат Россиядан қайтаётганларни иш билан таъминлай олмайди. Ва ушбу жилов Тожикистон сиёсий режимининг бундан кейин мавжуд бўлишида таҳдид ҳамдир. Шунинг учун улар вазият шундай сақланиб қолиши учун ҳамма нарсани қилади ва ҳар нарсага тайёр", дейди у.
Собиқ вазирнинг айтишича, Тожикистон томони Ташқи ишлар вазирлиги томонидан берилаётган баёнотлар билан чекланади ва ундан нари ўтмайди.
"Бу режимнинг интиҳоси демакдир, улар ҳеч қачон бундай қилмайди. Чунки Россияда ишлаётган 3 миллиондан ортиқ киши билан бу мумкин эмас".
Унга кўра, ҳатто Россиядан 200-300 минг мигрант депорт қилиб ортга қайтарилиши ҳам Тожикистон учун ижтимоий бошоғриқ бўлади.
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














