Россия ва Қозоғистон депутатлари даҳанаки жанги: қозоқ ерларига даъвогар руҳий хасталикда айбланди - Yangiliklar Dunyo

Евгений Фёдоров аввал ҳам Қозоғистон суверенитетига қарши чиқишлари билан шов-шувга сабаб бўлган.

Сурат манбаси, Telegram/fedorovgd

Сурат тагсўзи, Евгений Фёдоров аввал ҳам Қозоғистон суверенитетига қарши чиқишлари билан шов-шувга сабаб бўлган.

Россия матбуотида чиқиш қилган Давлат Думаси депутати Евгений Фёдоровнинг айтишича, Қозоғистон Совет Иттифоқи таркибидан халқаро қонунларга мос равишда чиқмаган, демак унинг ҳудудини "бутунлай қонуний" деб бўлмайди.

Газета.ру билан суҳбатлашган Россиялик депутатга кўра, Қозоғистоннинг ҳудудий яхлитлиги масаласи ҳали кўриб чиқилмаган экан, унга қарши маълум чекловлар, хусусан НАТОга қўшилмаслик чеклови қўлланилиши лозим.

BBC

Депутат Қозоғистонда шу кунларда судга тортилган Советпараст "Халқ кенгаши" («Народный совет») ҳаракати иши бўйича шарҳ бера туриб гапирган. 28 ноябрь куни Қозоғистоннинг Петропавловск шаҳри суди ҳаракатнинг тўрт аъзосини давлат хавфсизлигига қарши пропаганда ва бўлгинчиликда айбдор топиб, 7 йилдан 9 йилгача қамоқ жазоларига ҳукм этди. Улар Қозоғистон ҳуқуқий асослари сохта эканини айтиб, Қозоғистон фуқаролигидан кечишган ва давлатдан мустақил тарзда суверенитет эълон қилишганди.

Фёдоров уларга қўйилган сепаратизм айби асоссиз эканини даъво қилган.

"Халқаро қонунларга биноан, Қозоғистон Совет Иттифоқи таркибидан қонуний процедураларга мос равишда чиқмаган. Бу шунчаки юридик факт", - деб айтган Фёдоров.

"Менинг фикримча, Россия халқаро қонунлардаги ҳудудий яхлитлик устунлиги мавқеига қайтиши керак ва, қонуний силлиқлик масаласи ҳал этилмагунча, мустақил Қозоғистон билан алоқаларини маълум геосиёсий чекловлар иштирокида тузиши керак. Ўйлашимча, у [Қозоғистон] мустақиллик ва давлатчилик ҳуқуқига эга. Қандай чекловлар? Масалан, НАТОга қўшилмаслик, аксил-Россия ҳарбий қурилмалари билан шуғулланмаслик", - деган Фёдоров Газета.ру билан суҳбатида.

Евгений Фёдоров аввал ҳам Қозоғистон суверенитетига қарши чиқишлари билан шов-шувга сабаб бўлган. Уч йил аввал у Қозоғистон ҳудуди Россия совғаси экани, хусусан, Қозоғистон ўз ерларининг бир қисмини ижарага олгани ва СССРдан чиқиши ортидан уни Россияга қайтариши кераклигини айтганди. У, шунингдек, Қозоғистон ва Россия бир давлат бўлиши кераклигини айтган.

Қозоғистон муносабати

Қозоғистон депутати Марат Башимов ўз ҳамкасбини руҳий хасталикда айблади.

Сурат манбаси, YouTube/screenshot

Сурат тагсўзи, Қозоғистон депутати Марат Башимов ўз ҳамкасбини руҳий хасталикда айблади.

Унинг уч йил аввалги чиқишлари ортидан Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Россияга протест нотасини йўллаган. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бу чиқишларни "шубҳали" деб атаган ва "Россия сиёсатини юритадиган одамлардан Қозоғистонга қарши бу каби гаплар чиқмаган ва чиқмайди", деб айтганди.

Фёдоровнинг охирги чиқиши бу сафар ҳам Қозоғистон сиёсатчилари норозилигига сабаб бўлди. 30 ноябрда парламентда чиқиш қилган қозоғистонлик депутат Марат Башимов россиялик ҳамкасбини руҳий касалликда айблади.

"13 яшар боланинг зеҳнига эга бўлган Госдума депутати провокацияларини шарҳлаш қийин. Фёдоровнинг алжирашлари тарихга зид. У қўпол равишда фактларни манипуляция қиляпти ва СССР қулаши жараёни қандай кечгани ҳақида атайин гапирмаяпти. Айни дамда Фёдоров ўз президентининг расмий сиёсатига қарши чиқяпти", - деб айтди Башимов.

"Фёдоров ва унга ўхшаганларнинг барча руҳий жароҳатларини ОАВ ва парламентда эмас, психиатр каравотида ҳал қилиш керак", - дея қўшимча қилди у.

Башимовга кўра, Қозоғистон ўз қўшнилари билан чегараларини аниқ чизиб олган кучли ва мустақил давлат.

"Бизда совет ўтмишимиз борасида комплекслар йўқ. Биз мустақилликка эришдик ва халқаро саҳнада тан олиндик. Мен ўз россиялик ҳамкасбларимни жуда нозик сиёсий мавзуларда чиқиш қилишдан аввал ўйлашга чақираман. Сизнинг муштарак совет ўтмиш ҳақидаги хотираларингиз аллақачон фақат тарих дарсликларида қолган", - деди Қозоғистон Мажлиси аъзоси.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.