Афғонистон: 1 триллион долларлик ер ости бойликларини кимлар ўзлаштиради? Хитой ўзбеклар яшайдиган минтақадан нефт чиқармоқчи Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Питер Ҳоскинс
- Role, BBC
Толибон ҳукумати Хитой ширкати билан асосан ўзбеклар яшайдиган Сарипул минтақаcида нефт қазиб олиш бўйича шартнома имзолади.
Бу Толибон 2021 йил Афғонистонда назоратни қўлга олгандан бери энергия соҳасида илк йирик шартнома бўлиши мумкин.
25 йиллик шартнома Хитойнинг минтақадаги иқтисодий иштирокини таъкидлайди.
Пайшанба куни Толибон расмийлари хавфсизлик кучлари хитойлик тадбиркорлар турган меҳмонхонага ҳужум қилган ИШИД жангчиларини нишонга олганини айтди.
Толибоннинг хабар беришича, ИШИДнинг 8 нафар жангчиси ўлдирилган ва бир қанчаси ҳибсга олинган.
Кобулдаги Лонган меҳмонхонасига декабр ойида амалга оширилган ҳужум натижасида 3 киши ўлдирилган ва Хитой фуқаролари доҳил 18 киши жароҳатланганди.
Толибон матбуот котиби Забиҳулло Мужоҳиднинг айтишича, Шинжон Марказий Осиё нефт ва газ компанияси (CAPEIC) Амударё ҳафзасида нефт олиш учун бурғулаш ишларини олиб боради.
"Биз ширкатдан Сарипуллик аҳолининг манфаатларини таъминлашни сўраймиз", деган Толибон ҳукуматида муваққат Бош вазир Мулла Бародар.
"Амударё нефт шартномаси Хитой ва Афғонистон ўртасидаги муҳим лойиҳадир", деган Хитойнинг Афғонистондаги элчиси Ванг Ю.
Хитой давлат ширкати Афғонистон шарқидаги мис конини ўзлаштириш бўйича ҳам музокаралар олиб бормоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, Афғонистон қиймати 1 триллион долларлик табиий газ, мис ва ноёб ер ости моддалари каби табиий бойликларга эга.
Бироқ мамлакатда ўнлаб йиллар давом этган тартибсизликлар ушбу заҳираларнинг катта қисми фойдаланилмасдан келмоқда.
Пекин Афғонистоннинг Толибон ҳукуматини расман тан олмаган, аммо Хитой учун муҳим бўлган "Бир камар, бир йўл" лойиҳаси марказида жойлашган давлат сифатида бу унга қизиқиши катта.
Ши Жинпин томонидан 2013 йили асос солинган "Бир камар, бир йўл" лойиҳаси ривожланаётган давлатларга бандаргоҳ, йўл ва кўприк каби инфратузилмаларни қуришда молиявий кўмак кўрсатади.
Хитой Афғонистондаги нефт конларини ўзлаштириш ва қазиш бўйича 2011 йилда ҳам келишувга эришганди.
Шартномага мувофиқ миллионлаб баррел нефт ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлганди.
Афғонистон ҳукумат қўмитаси Хитой Миллий нефтегаз корпорацияси Амударё нефт заҳираларини ўзлаштириш бўйича битимни маъқуллаганди.
Бу эса, Афғонистоннинг яқин тарихидаги энг йирик халқаро шартнома экани айтилган.
Ҳисоб-китобларга биноан Амударё қўлтиғида 87 миллион баррел нефт мавжуд.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














