Толибон: ИШИД Хуросоннинг жангарилари ўлдирилди Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Афғонистондаги қудратдаги Толибон ҳаракати хабар тарқатишича, мамлакатдаги сўнгги қонли ҳужумларга масъул бўлган ИШИД Хуросоннинг саккиз жангариси ўлдирилган, тўққиз нафари ҳибсга олинган.
Толибон сўзчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳид 5 январь куни хабар қилишича, пойтахт Кобул ва Афғонистон ғарбидаги Нимрўз вилоятида рейдлар уюштирилган, рейдлар чоғида яқиндаги қонли ҳужумларга жавобгар ИШИД Хуросон жангарилари нишонга олинган.
Декабрь ойида пойтахт Кобулдаги Хитой бизнесменларига тегишли бўлган Лонгман меҳмонхонаси, Покистон элчихонасида элчига ва 1 январь куни Кобул халқаро аэропортида қонли ҳужумлар уюштирилган, аэропортдаги ҳужум учун масъулиятни ИШИД Хуросон жангари гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан эди.
Толибон воизи Забиҳуллоҳ Мужоҳид хабарига кўра, жангариларнинг Кобулдаги Шаҳдаи Солиҳин маҳалласидаги яширинган жойига рейд уюштирилган.
Маҳалла яшовчилари бир неча соатлик отишма ва портлаш овозларини эшитганларини айтдилар.
Рейд якунида саккиз ИШИД жангариси ўлдирилгани, етти нафари қўлга олингани хабар қилинди.
Забиҳуллоҳ Мужоҳидга кўра, ўлганлар орасида хорижий мамлакат фуқаролари бўлган.
Нимрўз вилоятидаги бошқа бир рейдда икки ИШИД жангариси ҳибсга олинган.
"Бу аъзолар Хитой меҳмонхонасига ҳужумда ва ИШИД аъзоларининг Афғонистонга кириб келишларида асосий ролни ўйнаганлар," деб ёзди Толибон сўзчиси Твиттерда.
ИШИД Хуросон гуруҳи 1 январдаги Кобул аэропорти блокпостига қилинган бомба портлаши учун масъулликни бўйнига олиб баёнот тарқатди, бу портлашни 12 декабрда Лонман меҳмонхонасига ҳужумни уюштирган жангари содир этганини иддао қилди.
Толибонни ўзининг душмани деб биладиган ИШИД Хуросон гуруҳи 2021 йил августида Толибон Афғонистонда ҳокимиятни ўз қўлига олганидан кейин қонли ҳужумларини кўпайтирди.
Бу ҳужумларда Толибон патруллари, Афғонистондаги Шиа диний озчилик вакилларини нишонга олди.
ИШИД Хуросон гуруҳи қўшни Ўзбекистон ва Тожикистонни нишонга олган, гуруҳ қўлбола ракетасини Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрига қарата ҳам отган эди.
Толибон сўзчиси хабар қилишича, ИШИД жангарилари яширинган уйда кўп қурол-яроғ, қўл гранаталари, миналар, худкушлик камарлари топилган.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















