ИШИД Афғонистондан Тожикистонни ракета ҳужумига тутдими? Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Video screenshot

Сурат манбаси, .

Интернет ижтимоий тармоқларида 17 секундлик видео тарқалди. Унда ИШИД Афғонистон ҳудудидан туриб Тожикистон ҳарбийларининг мавқеъларини ҳужумга тутганини иддао қилган.

Ҳодиса 7 май куни бўлгани, ўзини ИШИДнинг Хуросон қаноти деб атайдиган гуруҳ Афғонистоннинг Таҳор вилояти ҳудудидан Тожикистонга қарата "Катюша" ракеталарини отганини хабар қилди.

17 лаҳзалик видео Амақ деб номланмиш ИШИД ахборот агентлиги айтилган Телеграм каналида 11 май куни эълон этилди.

Афғонистон оммавий ахборот воситаларининг Толибон манбаларига таяниб хабар беришларича, еттита ракета отилган.

Тожикистон Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси Чегара қўшинлари Афғонистоннинг Хўжағор деб аталадиган жойида Толибон билан ИШИД жангарилари ўртасидаги жангларда отилган снарядлардан учтаси Тожикистон ҳудудига тушганини тасдиқлади.

Жароҳат ва моддий зарарлар бўлмагани айтилди, Тожик чегарачилари тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтирилганлар.

Шундан сўнг айрим таҳлилчилар бу Толибоннинг Тожикистонга огоҳлантириши экани, чунки Толибонга қарши урушган собиқ Афғон ҳукумати жангчилари Тожикистондан паноҳ топган деб кўрилиши ва собиқ Афғон ҳукумати ҳарбийлари Рамазон Ҳайитидан кейин Толибонга қарши жангларни бошлаши ҳақида эълон қилганини айтдилар.

Аксар мамлакатлар сингари Тожикистон ҳам Толибонни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати деб тан олгани йўқ, ушбу ҳодисаларни Толибоннинг шимолий қўшнисига босим ҳаракати деб кўрганлар ҳам бўлди.

Аммо бошқа бир экспертлар эса Толибон ва ИШИДнинг бир-бирига душман эканини, ИШИДнинг Толибон Афғонистонда ҳокимиятга келганидан кейин ҳам зўравонликларни тўхтатмаганини эслатадилар.

4 май куни Ўзбек-Афғон чегарасида отишма бўлгани ҳақидаги хабарларни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Толибон сўзчиси Забиҳулла Мужоҳид рад этдилар.

Алоқадор мавзулар

ИШИД нинг Хуросон қаноти

ИШИД жангарилари сўнгги йилларда Афғонистонда уюштирилган энг қонли ҳужумларга масъул, деб кўрилишади

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, ИШИД жангарилари сўнгги йилларда Афғонистонда уюштирилган энг қонли ҳужумларга масъул, деб кўрилишади

Хуросон қаноти Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг Жанубий Осиёдаги тармоғи бўлади.

Хуросон қаноти ИШИД халқаро террорчилик тармоғининг бир қисми ҳисобланади.

Унга 2014 йилда Покистонда асос солинган.

ИШИДнинг глобал тармоғи эса, қаерда имконли бўлса, ўша ерда Ғарб, халқаро мўлжаллар ва оддий инсонларни нишонга олишга интилади.

Агар, очиқ манбалардаги маълумотларга таянилса, Санауллоҳ Ғаффорий тармоқнинг саккизинчи амири ёки лидери бўлади.

Толибон қудратга қайтиши ортидан Афғонистонда уюштирилган энг қонли ҳужумларнинг барчасига айнан ИШИДнинг Хуросон қаноти масъул, деб кўрилади.

ИШИДнинг Хуросон қаноти Толибон ҳокимиятига соя солиши, тузуми, Исломий Амирлиги учун ҳақиқий "бошоғриқ"қа айланиши мумкин, деган қўрқувлар бор.

Бугунги вазият

Афғонистонда ҳозир қудратга яна Толибон қайтган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Афғонистонда ҳозир қудратга яна Толибон қайтган, ҳаракат мамлакатни яна ўзининг Исломий Амирлиги, деб эълон қилган

2020 йилда Толибон ва расмий Вашингтон ўртасида имзоланган битимга мувофиқ, ҳозир Афғонистонда бирор бир АҚШ ёки НАТО ҳарбийси йўқ.

Сўнггиси ўтган йилнинг 31 август куни Афғонистонни тарк этган.

Худди шу келишув доирасида Толибон Америка томонига бирор бир хорижий жангари гуруҳнинг ўз тупроғидан ташқарига таҳдид солишига йўл қўймасликка кўнган, бунга ваъда берган.

Етакчилари эса, яқинда Би-би-сига берган интервьюларида ИШИДнинг Хуросон қаноти ўзларига ортиқча муаммо бўла олмаслигини айтишган, уни бемалол жиловлай олишларини баён қилишган.

ИШИДнинг Хуросон қаноти Ҳаққоний тармоғи орқали Толибон ҳаракатининг ҳам иккиламчи иттифоқчиси сифатида кўрилади.

Бошқа томондан, ИШИДнинг Хуросон қаноти кўп масалаларда Толибон билан чиқишмай келади.

Уларни "муқаддас жиҳоддан юз бурган муртад жангарилар", деб атайди.

Толибон Пентагоннинг четдан туриб Афғонистонда ҳарбий амалиётлар олиб бориш режасига қарши.

Ҳаракат буни ошкора изҳор этиб келади.

Орада Афғонистонга қўшни минтақа давлатларини АҚШ ҳарбий базаларига жой бермаслик билан ҳам огоҳлантирган.

Санауллоҳ Ғаффорий ким?

ИШИДнинг Хуросон қаноти Афғонистоннинг шарқий Нангарҳор вилоятида жойлашган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, ИШИДнинг Хуросон қаноти ҳозир асосан Афғонистоннинг шарқий Нангарҳор вилоятидан бошпана топгани ишонилади. Орада Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига чегарадош шимоли ва шимоли-шарқига қадар кириб боришга муваффақ бўлган

ИШИД Хуросон қанотининг амалдаги лидери борасида ишончли маълумотлар имконли эмас.

Айрим хабарларга таянилса, Санауллоҳ Ғаффорий Афғонистоннинг ўзидан, 28 ёшда.

Орада гуруҳнинг Афғонистон ва Покистондаги амалиётлари молиялаш ҳамда маъқуллашга масъул бўлган.

2020 йилнинг июнь ойида унинг лидерига айланган.

Ўтган йил ноябрь ойида эса, АҚШ Давлат котиби уни "алоҳида аҳамиятга молик халқаро террорчи" сифатида тилга олган.

Америка томони Санауллоҳ Ғаффорийни ўтган йил Афғонистонни тарк этаётган пайтларида Кобул халқаро аэропортида уюштирилган қонли ҳужум ортида турганликда ҳам айблайди.

Ҳужум ўшанда худкуш томонидан уюштирилган ва 200 га яқин инсонни ўлдирган, қурбонларнинг 10 дан ошғи Америка ҳарбийлари бўлиб чиққанди.

Кучаяётган ИШИД

BBC

Орада кечган вақт давомида ИШИД Хуросон қанотига қарши Афғонистон ҳукумат кучлари, Ғарб бошчилигидаги ҳарбий коалициядан ташқари толиблар ҳам қақшатқич жанглар олиб боришган.

АҚШ авиацияси ойлар давомида Афғонистоннинг улар энг кўп тўпланган шарқий минтақаларида устма-уст рейдлар уюштиришган.

Америка мулозимлари эса, яқинда ИШИД Хуросон қаноти бир йилга қолмай четга ҳужум уюштиришга қодир бўлишини айтиб чиқишган, огоҳлантиришган.

Аммо гуруҳ бунга қандай қилиб муваффақ бўлиши ёки бўлаётгани тафсилотларига тўхталишмаган.

Сўнгги йилларда ИШИДнинг Африка қитъасида кучайиб бораётганига оид хабарлар бор.

Афғонистонлик етакчи таҳлилчилар ҳозир ИШИД Хуросон қаноти аъзолари сонини бир неча юздан бир неча мингтагача бўлиши мумкинлигини тахмин этишади.

ИШИДнинг Хуросон қаноти эса, ўз сафларига ҳам Афғонистон ва ҳам Покистондан жиҳодчиларни, айниқса, ўз ҳаракатининг фаолиятидан норози собиқ толибларни кўпроқ ёллаб келади.

Уларни бугун ким, қандай молиялаётгани ва қурол-яроғ билан таъминлаётганига оид ишончли, мустақил маълумотлар имконли эмас.

Бундан бир ҳафта олдин АҚШ президенти ИШИДнинг Яқин Шарқдаги ҳозирги лидерини ҳам ўлдирганликларини эълон қилган.

Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайший Америка махсус кучларининг таъқиби остида ўзи ва оила аъзоларини портлатиб юборгани маълум бўлганди.

Буёғи нима бўлади?

ИШИДнинг Хуросон қаноти

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, ИШИДнинг Хуросон қаноти ҳозир Афғонистоннинг шарқий Нангарҳор вилоятида жойлашган

ИШИД бўйича иш олиб бораётган америкалик етакчи эксперт Колин П. Кларкнинг айтишича, лидерининг ўлими ИШИДга берилган жиддий зарба бўлади.

Гуруҳ тармоқларининг кейинги фаолиятига таъсир қилмай қолмайди.

Кўп нарса маълум эмаса-да, таҳлилчи фикрича, ўзаги саналувчи Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ва Афғонистондагиси илова бўлинмалари мувофиқликда иш юритишган.

"Агар маълум муддат ана шу алоқа узилиб қолса, бу ИШИД Хуросон қанотининг Афғонистондаги фаолияти ва режаларига жиддий таъсир қилиши мумкин".

Гуруҳ мавҳ этилмасидан аввал эълон қилинган сўнгги халқаро ҳисоб-китобларида Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳи сафида жанг қилган ўзбекистонликлар сони 1500 та экани айтилган.

Уларнинг кейинги тақдирлари маълум эмас.

Кўпчилигининг ўлдирилгани, айримларининг Ироқ қамоқхоналарида экани, яна баъзиларининг эса, Сурия шимоли-ғарбида жон сақлаб юришгани айтилади.

Расмий Тошкент сўнгги йилларда уларнинг қочқинлар жамлоқларида қолаётган оила аъзоларини ортга ва нормал ҳаётга қайтариш саъй-ҳаракатида экани кўрилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek