Ўзбекистонда ўртача ойлик нега кўпайтириб кўрсатилди? Россиядаги ўзбекистонлик маҳбуслар урушга ёлланадими? Москвада автоҳалокат қурбонлари ва Қирғизистонда мотам. Ўзбекистон, янгиликлар

Боткендаги отишма (Қирғизистон ҳукумати видеосидан кадр)

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Боткендаги отишма (Қирғизистон ҳукумати видеосидан кадр)
  • Тожик-Қирғиз чегарасидаги вазият: қурбонлар 100 га яқинлашди, 150 дан ортиқ киши жароҳатланган
  • Россия қамоқхоналаридаги ўзбекистонликлар урушга ёлланадими?
  • Москвада 6 нафар ўзбекистонлик бўлган машина автоҳалокатга учради
  • Ўзбекистонда ўртача иш ҳақидаги маълумот нотўғри бўлиб чиқди

Қирғизистонда мотам куни

Тожикистон ва Қирғизистон чегарасидаги тўқнашувлар оқибатида камида 94 киши ҳалок бўлган, 150 дан ортиқ киши жароҳатлангани маълум қилинган. Томонлар бир-бирини айблаган чегара қишлоқларига ўзаро отишмалар ва ҳужумлар 14-16 сентябр кунлари давом этди.

Икки ҳукуматнинг якшанба кунги баёнотларига кўра, можарода қурбон бўлганларнинг умумий сони 94 кишига етган.

Алоқадор мавзулар:

Қирғиз расмийларига кўра, Боткен вилоятидаги тўқнашувда 59 киши ҳалок бўлган ва 144 киши жароҳатланган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам биринчи марта тожик томондан қурбонлар сонини маълум қилди.

Агентликнинг Фейсбукдаги саҳифасида 35 нафар ҳалок бўлган ва 25 нафар тожикистонлик яралангани, улар орасида аёллар ва болалар борлиги ҳақида хабар берилган.

Томонлар бир-бирини жангларда танклар, миномётлар, ракета ва жанговар учувчисиз самолётлардан фойдаланганликда айбламоқда.

Қарама-қаршилик бошланганидан кўп ўтмай, томонлар ўт очишни тўхтатишга рози бўлишди, аммо Қирғиз расмийларининг баёнотларига кўра, вазият фақат якшанба кунига борибгина тинчланди.

Қирғизистон ҳукумати вакилларининг хабар беришича, икки давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари чегара участкаларида биргаликда патруллик қила бошлаган.

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров фармони билан 19 сентябрни республикада умуммиллий мотам куни деб эълон қилинди.

Россияда минглаб ўзбекистонлик маҳбуслар бор

Россия
Сурат тагсўзи, Юристга кўра, Россия қамоқхоналарида 6000 дан ортиқ ўзбекистонликлар бор

Россия қамоқхоналарида маҳбуслар урушга ёлланилаётганига оид ОАВлардаги чиқишлардан сўнг мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи юристлар ўз ташвишларини билдира бошлашди.

"Бу жуда ҳам хавотирли ҳолат. Чунки Россия ҳибсхоналарида минглаб ўзбекистонлик, тожикистонлик ва қирғизистонлик маҳбуслар бор. Россия ўзбекистонлик маҳбуслар сони ҳақида 2017 йилдан сўнг маълумот бермайди.

2017 йилдаги маълумотларга кўра, 6300 дан ортиқ ҳамюртларимиз Россия қамоқхоналарида сақланмоқда. Яна 7000 нафар атрофида тергов ҳолатида бўлган Ўзбекистон фуқаролар борлиги аниқланган. Бу ҳақда ҳатто элчихонамизда ҳам аниқ маълумот йўқ. Демак, тахминан 6-7 минг бўлган ватандошларимизнинг орасида кўп муддатга қамаладиган одамга олти ойдан сўнг сени афв қиламиз дейиши жозибали кўриниши мумкин", - деб ёзди юрист Ботиржон Шерматов "Мигрант-моби" порталида.

Ботиржон Шерматов

Сурат манбаси, .

Ҳуқуқшуносга кўра, аксар ўзбекистонлик маҳбусларга малакали адвокатлар хизмати кўрсатилмагани, тил билмаслиги сабабли қамоқдан қутулишнинг ягона имконияти урушга қатнашиш бўлиб кўриниши мумкин.

"Ёлланма аскарларнинг ҳеч қайси давлатда ҳуқуқий ҳолати яхши бўлмайди. Украинага қурол билан борган ёлланма аскар ҳарбий асир сифатида ҳам ҳуқуқи бўлмайди, Ўзбекистон Республикасида 154-моддага биноан 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин, Россия Жиноят Кодексининг 359-моддасида ёллаш ва ёлланиш учун жавобгарлик бор. Ҳатто Россияда ҳам бу одамнинг ҳуқуқий мақоми ноаниқ, чунки Россия қонунчилигида ноқонуний ҳарбий тузилмалар тан олинмайди. Бундай тузилмалар сафида жанг қилиб ҳалок бўлганлар давлат томонидан тан олинмайди", - таъкидлайди юрист.

Ҳуқуқшунос ўзбекистонликларни Россия томонидан берилаётган бу каби ваъдаларига ишонмасликка чақиради ва ва расмийлар бу борада жиддий эътибор қаратиши лозимлигини билдиради.

"Ҳукуматимиз ҳам бу ишларнинг Ўзбекистон фуқаролари орасида амалга оширилмаслигини Россия томонидан талаб қилиши керак бўлади", дейди юрист.

Маош маълумотлари мос келмади

пул

Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи даражаси 2,78 миллион сўмни ташкил этади, деб хабар қилади Солиқ қўмитаси.

Бу кўрсаткичлар Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларида кўрсатилган 3,54 миллион сўмдан паст бўлиб чиқди.

Йил бошидан буён кўрсаткич 10,6 эмас, 4,5 фоиз ўсган.

Давлат Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистонда биринчи ярим йилликда ходимларга 82,49 триллион сўм миқдорида иш ҳақи тўланган, бу ўтган йилнинг шу даврига (65,7 триллион) нисбатан 25,5 фоизга кўпдир.

Маълумотда ҳудудлар бўйича энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкент шаҳрида - 4,4 миллион сўмни ташкил этади.Навоий вилоятидаги иш ҳақи - 3,78 миллион сўм ва Тошкент вилоятида - 2,84 миллион сўмлиги кўрсатилган. Бошқа ҳудудларда кўрсаткичлар республика бўйича ўртача кўрсаткичдан паст бўлиб, энг паст иш ҳақи Фарғонада -1,97 миллион, Сирдарёда - 1,98 миллиона ва Наманган вилоятида - 2,06 миллион сўмни ташкил этади.

Давлат Статистика қўмитаси биринчи ярим йилликда ўртача иш ҳақи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга ошиб, 3 миллион 540 минг сўмга етганини маълум қилганди.

Бу фарқ Давлат Статистика қўмитаси томонидан кўрсаткични шакллантиришда йилига бир марта ҳисоб берувчи қишлоқ хўжалиги корхоналари ва кичик бизнес субъектларининг маълумотлари ҳисобга олинмаганлиги билан изоҳланган.

Автоҳалокатда қурбон бўлган муҳожирлар

Москвада 6 нафар ўзбекистонлик бўлган машина автоҳалокатга учраган.

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни кечаси Москванинг Шёлкова туманида ичида 6 нафар ўзбекистонлик бўлган енгил машина юк машинаси билан тўқнашган. Оқибатда, 4 нафар ўзбекистонлик оғир тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида ҳалок бўлган.

Ўзбекистон фуқароларининг икки нафари эса касалхонага ётқизилган. "Московский комсомолец" уларнинг ёши 19 ва 21 да эканини ёзган.

Нашрга кўра, жароҳатланганларнинг аҳволи оғир дея баҳоланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek