Видео: Ҳозир Афғонистон дунё учун 2001 йилдагидан кўра хавфлироқми? Толибон, янгиликлар

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Довуд Қоризода
- Role, Би-би-си Форс хизмати
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
"Ҳозир Афғонистон дунё учун 2001 йилдагидан кўра хавфлироқдир."
Бу Толибонга қаршилик ҳаракатининг таниқли етакчиси ўғли тилидан янграган кескин огоҳлантиришидир.
Аҳмад Масъуд 33 ёшда, лекин у аллақачон отасининг изидан бормоқда.
Унинг отаси тажрибали қўмондон Аҳмад Шоҳ Масъуд бўлиб, "Панжшер шери" номи билан танилган, оиласи Кобул шимолидаги вилоятдан.
У 2001 йилда АҚШга қарши 11 сентябрь ҳужумларидан икки кун олдин Ал-Қоида томонидан ўлдирилган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Айнан Толибон ўз ҳукмронлигининг сўнгги даврида мамлакатда бошқа жиҳодий гуруҳларнинг фаолият юритишига изн берган эди.
Ҳозир Аҳмад Масъуд тарих такрорланаётганидан хавотирда.
"Террорчилар бошпанаси"
Аҳмад Масъуднинг айтишича, унинг мамлакати яна ўз экстремистик мафкурасини дунёга экспорт қилмоқчи бўлган ўнлаб террорчи гуруҳлар, жумладан, ИШИД ва «Ал-Қоида» учун бошпанага айланган.
Ғарб томонидан қўллаб-қувватланган Афғонистон ҳукумати ўтган август ойида хорижий қўшинлар олиб чиқиб кетилганидан кейин қулаган эди.
Толибон 20 йилдан ортиқ кураш олиб борганидан сўнг ҳокимиятини тиклади.
Би-би-сига берган эксклюзив интервьюсида Аҳмад Масъуд дунёни Афғонистонга эътибор бермасликдан огоҳлантириб, унинг мамлакатига шошилинч эътибор ва сиёсий барқарорлик кераклигини айтди.
Унинг айтишича, террорчи гуруҳлар нотинчликдан фойдаланиб, бошқа давлатларга зарба беради.

Унинг марҳум отаси Аҳмад Шоҳ Масъуд 11 сентябрдан бир неча кун олдин худди шундай огоҳлантириш билан чиққан эди.
Аҳмад Масъуднинг айтишича, отасининг огоҳлантириши инобатга олинмаган ва ўшандан бери дунё бунинг оқибатлари билан яшамоқда. Жаноб Масъуд Афғонистондаги вазиятни отаси давридагидан ҳам ёмонроқ деб таърифлайди.
"Дунё, айниқса, Европа Афғонистондан келаётган таҳдидларнинг жиддийлигини тан олади ва Афғонистонда масъулиятли ва қонуний ҳукуматни яратишга ёрдам бериш учун мазмунли тарзда аралашади, деб умид қиламан", деди у.
"Урушишга мажбур"
Аҳмад Масъуд Буюк Британия ўз армияси зобитларини тайёрлайдиган Сандҳёрст Қироллик Ҳарбий Академиясида бир йиллик машғулотни тамомлаган. Кейин Лондон Қироллик коллежида ҳарбий фанлар бўйича диплом олган.
Унинг айтишича, ўз мамлакатидаги инқироз уруш билан эмас, сиёсий музокаралар йўли билан ҳал қилиниши керак.
Бироқ, унинг айтишича, Толибон қарши туриш ва, ўзининг таъбирича, "Толибоннинг инсониятга қарши жиноятлари" деб атаган нарсага қарши курашишдан бошқа чора қолдирмаган.
Ўтган август ойида Толибон ҳокимиятга қайтганидан сўнг Аҳмад Масъуд туғилиб ўсган шаҳри Панжшерга чекинди ва "Миллий қаршилик фронти"ни тузди.
Масъуд ҳозирда 3000 дан ортиқ қуролли жангчиларга қўмондонлик қилмоқда. Охирги 11 ой давомида унинг қўшинлари асосан Панжшер водийлари ва тоғлари ҳамда унга қўшни Бағлон вилоятининг Андараб стратегик минтақасида Толибонга қарши жанг олиб бормоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Улар Толибоннинг Афғонистонда хавфсизликни таъминлаганликлари ҳақидаги иддаолари рад этади.
1990 йиллар охирида отасининг Толибонга қарши қуролли курашидан фарқли ўлароқ, Аҳмад Масъуднинг Толибонга қарши қуролли қаршилик кўрсатишини ҳали ҳеч бир давлат очиқ қўллаб-қувватламаган.
Буюк Британия ҳукумати ўтган ой баёнот берди: "У ҳеч кимни, шу жумладан, Афғонистон фуқароларини ҳам, зўравонлик орқали сиёсий ўзгаришларга интилса ёки Афғонистонда сиёсий мақсадларда зўравонликка ундаса, қўллаб-қувватламайди".
Толибон Британия позициясини олқишлади.
Аммо Аҳмад Масъуднинг айтишича, бу "ахлоқий жиҳатдан шубҳали". У Ғарб давлатлари ўнлаб йиллар давомида Толибонга қарши ҳарбий кампанияни қўллаб-қувватлаб келган бир пайтда глобал кучлар уларга қарши курашни қабул қилиб бўлмайди, деб қандай айтиши мумкин, деб сўрайди.
Унинг айтишича, афғон халқи адолат ва озодлик учун курашишга ҳақли.
"Ахлоқий жиҳатдан бу қўллаб-қувватланиши керак бўлган сабабдир", дейди у.
Пул ва қурол етишмаслиги
Миллий Қаршилик Жабҳаси раҳбари унинг кучлари Толибонга қараганда анча кам ресурсга эга эканлигини тан олади.
Аммо унинг айтишича, кўтаринки руҳият ва мотивация қаршиликни сақлаб қолган.
"Биз 2022 йилда яшаяпмиз. Янги ёш авлод ўз келажагини ҳал қиладиган янги Афғонистонни хоҳлайди", дейди у.
Аҳмад Масъуд глобал кучларни, жумладан, Буюк Британияни Афғонистон халқини қўллаб-қувватлашга ва сиёсий қарор қабул қилиш учун Толибонга босимни кучайтиришга чақирмоқда.

Сурат манбаси, Reuters
Толибон Кобулда ҳокимиятни қўлга киритганига қарийб бир йил ўтиб, ҳеч бир давлат уларнинг ҳукуматини тан олмаган. Шунга қарамай, Россия каби бир қанча минтақа давлатлари ва кучлари Толибон ҳукумати билан нормал муносабатлар ўрнатишга тайёр эканини билдирган.
Аҳмад Масъуд Толибонни тан олишдан қайтаради. Унинг айтишича, шундай қарорга келган ҳар қандай давлат Толибоннинг зулми ва ваҳшийлиги учун ҳам масъул бўлади.
У Толибонни Панжшер, Андараб ва бошқа жойларда тинч аҳолини ноқонуний ҳибсга олиш, қийноққа солиш ва ўлдириш бўйича кенг кўламли кампания олиб боришда айблайди. БМТ ҳам бу қотилликларга эътибор қаратди.
Аҳмад Масъуднинг айтишича, Толибон томонидан ҳибсга олинганларнинг 97 фоизи унинг Миллий қаршилик фронтига алоқаси йўқ.
Унинг сўзларига кўра, Толибон бу ишни уларга психологик босим ўтказиш учун қилмоқда. Жаноб Масъуд қурбонлар оилаларидан узр сўради ва имкониятлари чеклангани учун уларга ёрдам бера олмаслигини айтди.
Мулоқотга чорлов
Унинг айтишича, сиёсий музокаралар инқирозни ҳал қилишнинг ягона йўли.
Масъуд Толибон етакчилари билан бир қанча учрашувлар ўтказган, жумладан, олти ой аввал Теҳронда Толибон ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий билан юзма-юз учрашган.
Унинг айтишича, музокаралар яхши кечмаяпти. У Толибонни айблайди ва улар ҳали сиёсий келишувга ишонадиган даражага етмаганини айтади.
Бироқ, жаноб Масъуднинг айтишича, Толибоннинг қуйи бўғинлари янада очиқроқ ва қамровдор жараённи хоҳлаётгани аломатлари бор. У бу тушуниш юқори раҳбариятга етиб боришига умид қилмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Бироқ у яккама-якка ва узоқ давом этувчи уруш рўпарасида турганини яхши ҳис қилади.
"Дунё афғон халқини ташлаб қўйди. Глобал терроризмга қарши курашишда бизни ёлғиз қолдирди", дейди Аҳмад Масъуд.















