Афғонистон: Толибон шунчалар қудратлими ёки чорасиз? Afg‘oniston va dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Британия Қуролли кучларининг собиқ қўмондони кутилмаган баёнот билан чиқди.
Афғон халқини ҳимоя қилиш учун Толибон билан ишлашнинг вақти етганини айтди.
Унга кўра, Ғарб алал-оқибат Толибон ҳукуматини тан олади.
Шундай экан, "бу ишни тезроқ қилганлари яхши".
Генерал сэр Дэвид Ричарднинг баён қилишича, уруш бой берилгани эътироф этилмоғи лозим.
Алоқадор мавзулар:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Инсоний инқироз

Сурат манбаси, Getty Images
Толибон ҳаракати қудратга қайтишидан ярим йил ҳам ўтмай, Афғонистон иқтисоди қулаган.
Ҳозирга келиб, очликка юз тутганларнинг сони қарийб ўн миллион кишига яқинлашган.
Мамлакат оғир инсоний инқироз ичида қолган.
Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга чегарадош бешта давлатидан биттаси бўлади.
Дунёнинг Ўзбекистон билан бирга энг кўп сондаги этник ўзбеклар яшовчи иккита мамлакатидан биттаси саналади.
Толибон ўтган йил август ойида Афғонистонни куч билан забт этган, яна ҳокимиятга қайтган.
Афғонистонни қайта Исломий Амирлик, деб эълон қилган.
Саноқли ҳафталарнинг ичида ўзининг муваққат ҳукуматини кенг жамоатчиликка таништирган.
Аммо уларнинг Афғонистондаги ҳокимиятини ҳали-ҳануз дунёнинг бирор бир давлати қонуний, деб расман эътироф этмаган.
Бугунги аҳвол

Сурат манбаси, AFP
Мухбиримиз Жон Симпсон яқинда яна Афғонистонга сафар қилган, у ердаги бугунги аҳвол билан яқиндан танишган.
Унинг хабар беришича, пойтахт Кобулда озиқ-овқат бор, аммо уни сотиб олиш учун одамларда пул йўқ.
Ғарб орада Афғонистоннинг четдаги ўн миллиард долларга яқин пулини музлатиб қўйган ва ҳали-ҳануз уни тўлиғича мамлакатга қайтариш режасида эмас.
Афғонистон Толибон ҳаракати ҳозир ҳам "террорчи ташкилот" сифатида кўрилади, шу боис ҳамон санкциялар остида.
Буларнинг барчаси манзарасида эса, Афғонистонда нақд пул тугаб бормоқда.
Афғонистонда ҳозир аҳволнинг қанчалар оғир эканини маҳаллий расмийларнинг ўзлари ҳам тан олишган.
Назир Кабирий Толибон қулатган афғон ҳукуматида вазир бўлиб ишлаган.
У ҳозир Толибон муваққат Молия вазирининг муовини.
Собиқ вазирнинг айтишича, зиммасидаги масъулиятини ҳис этгани боис ҳам, янги Толибон раҳбарияти билан ишлашга рози бўлган.
Унга кўра, мавжуд аҳволни ўнглаш учун одамларнинг иқтисодий жиҳатдан оёққа туриб олишларига кўмак бериш лозим.
Бу ишни эса, давлатсиз амалга ошириб бўлмайди, дейди у.
"Бунақасини деярли кўрмаганман"

Сурат манбаси, Getty Images
Афғонистонни яна ўз забтига олган қақшатқич қурғоқчилик ҳам аҳволни янада оғирлаштирган.
Яқин-яқингача Афғонистоннинг нисбатан обод, деб саналувчи ғарбий Ҳирот вилоятида ҳозир ҳаётлари четдан берилган ёрдамга қараб қолган одамларнинг сони ортиб кетган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат дастури ташкилотининг вакили ҳам ўз иш фаолияти давомида Афғонистондагига ўхшаган ҳолатга деярли гувоҳ бўлмаганини эътироф этган.
Британия ҳукумати Афғонистонга 400 миллион долларча ёрдам бермоқчи.
Аммо Афғонистонда аҳвол танг.
Очарчилик иқтисодий таназзулга етаклаши мумкин.
Мухбиримиз Жон Симпсон, қирқ йилдан ошиқки, Афғонистонни ёритиб келади.
Унинг айтишича, халқнинг шунчалик абгор бўлишига гувоҳ бўлишини ҳеч қачон хаёлига келтирмаган.
"Афғонлар сўнгги ўн йилликларда шунчалик кўп азоб-уқубатни бошларидан кечиришгани ҳеч кимга сир эмас, бугунгиси эса, энди ошиб тушган", - дейди у.
Ўзбекистон дунёнинг бугунги Афғонистонни яккалаб қўймаслик ва четдаги маблағларини очишга чақириб келаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.
Афғон халқига энг кўп инсонпарварлик ёрдами юбораётган мамлакатлардан бири экани ҳам кўрилади.
Толибоннинг Афғонистондаги илк тузумини қулатишда Буюк Британия Америка Қўшма Штатларининг энг яқин иттифоқчиларидан бири бўлган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














